ИТБнинг 200 млн доллари эвазига қайси ҳудудларда мактаблар қурилиши маълум бўлди

Жорий йил 21 апрель куни бўлиб ўтган мактаб таълими сифатини ошириш ҳамда педагоглар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимотда Президент Шавкат Мирзиёев айни пайтда мамлакатда 2 мингта мактаб юқори юклама билан ишлаётгани, шу боис Ислом тараққиёт банки (ИТБ)дан 200 миллион доллар жалб этилиб, ҳудудларда 58 та замонавий мактаб қурилиши режалаштирилгани ҳақида тўхталган эди.
Давлат раҳбарининг 28 апрелдаги ПҚ-152-сонли қарорига кўра, Ислом тараққиёт банки, Ривожланиш учун ислом бирдамлик жамғармаси ва Таълим бўйича глобал ҳамкорлик ташкилоти иштирокида амалга оширилаётган «Ўзбекистон Республикасида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш» лойиҳаси доирасида инклюзив таълим имкониятларига эга 58 та мактаб қурилади ва жиҳозланади.
Жумладан:
- 30 та — 1 650 ўринли;
- 16 та — 990 ўринли;
- 11 та — 660 ўринли;
- 1 та — 330 ўринли замонавий умумтаълим мактаби.
Хусусан, педагог кадрларни малакасини ошириш, мактаб таълимида инклюзив таълим жорий этиш, давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини халқаро талабларга мувофиқлаштириш, халқаро талаблар ва ёндашувлар асосида малака оширишнинг «аралаш ўқитиш» модели жорий этилади.
Қайд этилишича, натижада:
- 72 минг нафардан ортиқ янги ўқув ўринлари яратилади;
- 500 нафардан ортиқ ногиронлиги бор ўқувчилар учун инклюзив таълим шароитлари яратилади;
- 36 минг нафар педагог кадрларнинг касбий ривожланиши таъминланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter