«Истеъдод» жамғармаси тугатилди

Ўзбекистон Президентининг «Истеъдод» жамғармаси қайта ташкил этилади. Бу Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, Хорижда стипендиантларнинг малака ошириши, стажировкаси ва ўқишини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Истеъдод» жамғармаси Ташқи ишлар вазирлигига бўйсунадиган Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот маркази сифатида қайта ташкил этилади.
Фармон Президент Шавкат Мирзиёев томонидан бугун, 2018 йилнинг 5 апрель куни имзоланган. Унинг матни ЎзАда эълон қилинди. Ҳужжатнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгаши котиби В.Маҳмудов, Президент Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.Мавлонов ва Ташқи ишлар вазири А.Комилов зиммасига юклатилган.
Эслатиб ўтамиз, «Истеъдод» жамғармаси 2003 йил 1 июлда ташкил этилган эди. Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 27 июлдаги фармонига мувофиқ жамғарманинг номи Ўзбекистон Республикаси Президентининг чет элда стипендиатларнинг малака ошириши, стажировка ўташи ва таълим олишини ташкил этиш «Истеъдод» жамғармасига ўзгартирилган эди. Жамғарма фаолиятининг мақсади юқори малакали, халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош етук мутахассисларни жаҳоннинг нуфузли таълим ва илмий муассасаларида магистратура ва PhD дастурлари асосида тайёрлаш орқали республика иқтисодиётининг устувор соҳаларини ривожлантиришга кўмаклашиш, давлат ва жамоат тузилмалари ходимларнинг, педагог ва илмий кадрларнинг билим ва малакаларини ошириш даражасини юксалтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ҳамкорлик асосида ривожламган мамлакатларда малака ошириш, стажировка ўташ ва таълим олишларига кўмаклашишдан иборат этиб белгиланганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter