Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил вазирининг провокацион ҳаракати ислом дунёсини дарғазаб қилди

Исроил вазирининг провокацион ҳаракати ислом дунёсини дарғазаб қилди

3 январь куни Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир мусулмонлар учун учинчи муқаддас ибодатгоҳ ҳисобланадиган Ал-Ақсо масжиди ҳудудига кирди. Вазирнинг ушбу хатти-ҳаракати ислом дунёсини дарғазаб қилди. Ҳатто Исроилнинг яқин иттифоқчиси саналган АҚШ ҳам Итамар Бен-Гвирнинг ўзбошимча ҳаракатини қоралади.

Гап шундаки, Исроил давлати ташкил этилгач, Қуддуси шарифдаги мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийлар учун муқаддас саналадиган ҳудудларга ўтмаслик борасида ўзаро келишилган. Мусулмонларга қарши кескин баёнотлари билан танилган сиёсатчи Итамар Бен-Грив эса 50 йиллик битимни намойишкорона бузган ҳолда, қўриқчилар ҳамроҳлигида муқаддас ҳудудга кирган. 

Фаластин раҳбарияти буни мисли кўрилмаган провокация ва ҳамла деб атаган.

Ал-Ақсо масжидини назорат қилиб келаётган Иордания ҳукумати Исроилни халқаро ҳуқуқ ҳамда Қуддусдаги ҳуқуқий ва тарихий статус-квони бузишда айблаган.

Саудия Арабистони, БАА, Миср, Туркия каби мамлакатлар ҳам Итамар Бен-Гвирнинг “босқин”ини кескин қоралаган.

АҚШнинг Исроилдаги элчиси вазирнинг ушбу қадамини танқид қилар экан, статус-квони сақлашга тўсқинлик қилувчи ҳаракатлар қабул қилинмаслигини таъкидлаган.

Исроил мухолифати етакчиси, собиқ бош вазир Яир Лапид вазир Бен-Гвирнинг Ал-Ақсога киришини қасддан провокация деб баҳолаган ва бу қалтис ҳаракат зўравонликларни авж олдиришидан огоҳлантирган.

Ўта ўнг қанот йўналишдаги «Оцма Йегудит» партияси раҳбари Итамар Бен-Грив фаластинликларга нисбатан янада қаттиққўл сиёсат юритишни талаб қилиб келади. Шунингдек, у Исроил сиёсатини қўллаб-қувватламаган араб ватандошларни фуқароликдан чиқаришни таклиф қилган. 46 ёшли сиёсатчи 2021 йилда парламент депутатлигига сайланган. Яқинда эса бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳукуматида миллий хавфсизлик вазири лавозимида иш бошлади. Итамар Бен-Грив Ал-Ақсо ҳудудига яҳудийларнинг ҳам ўтиб ибодат қилишига йўл очиш лозимлигини даъво қилади.

Таҳлилчилар Исроил вазирининг провокацион хатти-ҳаракати ортидан ўзаро ихтилоф қонли тўқнашувларга айланиб кетишидан хавотир билдирмоқда. 2000 йили мухолифат раҳбари, кейинроқ бош вазир курсисини эгаллаган Ариэль Шароннинг Ал-Ақсо ҳудудига кириши ортидан Иккинчи қўзғолон (интифада) бошланган эди.

Кейинги йилларда ишғол остидаги Шарқий Қуддусда провокацион ҳаракатлар кучайгани кузатилмоқда. Жумладан, 2022 йил Рамазон ойида Исроил хавфсизлик кучларининг Ал-Ақсо масжидига бостириб киргани ҳам ислом дунёси томонидан кескин қораланган эди.

Ал-Ақсо мусулмонларнинг учинчи муқаддас масжиди саналади. Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар бўлиб келганларининг дастлабки йилларида мусулмонлар намозларини ушбу масжид томон юзланиб ўқиганлар. Бу жиҳатдан, Ал-Ақсо илк қибла ўлароқ эъзозланади. Қолаверса, Исро кечасида Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) Маккадан Қуддусга – Ал-Ақсо масжидига сайр эттирган.

Эслатиб ўтамиз, Исроил Шарқий Қуддусни 1967 йили олти кунлик урушдан кейин босиб олган. Халқаро ҳамжамияти қарши чиқаётганига қарамай, Исроил маъмурияти Қуддус тўлиғича ўзига тегишли экани ва яхлит пойтахт эканини даъво қилмоқда. Фаластинликлар эса Шарқий Қуддус мустақил давлатнинг бўлғуси пойтахти бўлишига умид қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг