Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил собиқ бош вазири ўз мамлакати ва Нетаняҳуни ҳарбий жиноятларда айблади

Исроил собиқ бош вазири ўз мамлакати ва Нетаняҳуни ҳарбий жиноятларда айблади

Фото: ITVX

Исроилнинг собиқ бош вазири 79 ёшли Эҳуд Олмерт ўз мамлакати ва Нетаняҳуни ҳарбий жиноятларда айблади. У Исроил ҳукуматининг хатти-ҳаракатларини бошқа оқлаб бўлмаслигини таъкидлаб, уруш бир йил олдин тугаши керак эди, деди.

«Бу ҳарбий жиноят бўлмаса, унда нима?» — деди Эҳуд Олмерт 28 май куни АҚШнинг CNN телеканалига берган интервюсида. Унинг фикрича, Бинямин Нетаняҳу ва вазирлар томонидан содир этилаётган ҳаракатларни бошқача ифодалаш мумкин эмас.

Лондон Исроилга қарши қўллаган қаттиқ чоралари фонида Британиянинг BBC телеканалига берган интервюсида эса Олмерт шундай деган: «Исроил ҳозир Ғазода қилаётган ишлар ҳарбий жиноятга яқинлашмоқда. Урушнинг «ҳақиқий башараси» — бу кўплаб ҳалок бўлган исроиллик аскарлар билан бир қаторда минглаб бегуноҳ фаластинликларнинг ўлдирилишидир».

«Мутлақо оқлаб бўлмайдиган ва ҳозирги босқичда Исроилнинг муҳим манфаатларига хизмат қилмайдиган ҳарбий амалиётнинг кенгайишидан Ғазонинг биронта ҳам тинч аҳолиси жабр кўрмаслигини кафолатлашимиз шарт», — деди Олмерт.

У АҚШ президенти Доналд Трамп урушга чек қўйишига умид билдирди.

«Бош вазир (Нетаняҳу)ни кўзини каттароқ очишга, унинг ҳукумати қилаётган ишларнинг жирканч томонларини кўришга мажбур қила оладиган ягона одам Трамп бўлиши мумкин», — деди у.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг