Исроил дахлсиз саналган масканга ҳужум уюштирди
Якшанба куни Исроил ҳарбийлари Ғазо секторидаги Мағоза қочқинлар лагерини бомбардимон қилди. Дахлсиз саналган масканга уюштирилган ҳужумда камида 70 киши, жумладан, икки ҳафталик чақалоқ ҳалок бўлди. Ўнлаб одам жароҳатланган, яна ўнлаб киши вайрон бўлган бинолар остида қолган.
Мағоза қочқинлар лагери Ғазодаги аҳоли зич ҳудудлардан бири ҳисобланади. «Ал-Жазира» хабарига кўра, аввалроқ Исроил ҳарбийлари фаластинликларга хавфсиз жой сифатида мазкур лагердан қўним топишни тавсия қилган.
«The Guardian» газетасининг ёзишича, Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ашраф ал-Қудра Мағоза лагерида ўнлаб одам ўлдирилганини қатлиом деб атаган.
Сўнгги ҳодисаларга муносабат билдирган БМТнинг босиб олинган Фаластин ҳудудлари бўйича махсус маърузачиси Франческа Альбанезе ҳам халқаро ҳамжамиятни Ғазода рўй бераётган геноцидга томошабин бўлиб туришда айблаган.
«Диққат билан кузатсак, (Ғазодаги хунрезлик) тинч аҳоли қатлиом қилинган бошқа фожиалардан фарқ қилмаслигига амин бўламиз. Геноцидни тўхтатиш керак. Аммо жаҳон аҳли худди Сребреница ва Руандада бўлгани каби, Ғазодаги ҳолатга ҳам шунчаки томошабин бўлиб турибди», – деб ёзган БМТ махсус маърузачиси.
ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан Ғазода 7 октябрдан буён кенг кўламли уруш олиб бораётган Исроил кучлари аввал ҳам дахлсиз саналган масканларни бомбардимон қилган эди.
Октябрь ойида «Ал-Аҳлий» шифохонасига ракета зарбаси берилиши оқибатида юзлаб бегуноҳ одам ҳалок бўлди.
Ноябрь ойида Жабалия қочқинлар лагери бомбардимон қилингани халқаро ташкилотлар томонидан кескин қораланди.
Ноябрь ойида Исроил ҳарбийлари БМТ тасарруфидаги «Ал-Фахура» мактабини бомбалаши оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлди.
7 октябрдан буён 20400 нафардан зиёд фаластинлик ҳалок бўлди. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси ҳаётига қирғин қуролларидан ташқари очлик, ташналик ва юқумли касалликлар хавф солмоқда.
Куни кеча БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғазода бир қарич ҳам хавфсиз жой қолмагани ҳақида бонг урди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter