Исроил Cуриядаги вазиятдан фойдаланиб қолишга уринмоқда
Дамашқда Асад ҳокимияти қулаши билан Исроил армияси Жўлон тепалиги оша Сурияга ҳудудига кирди. Яҳудий давлати ҳарбийлари ярим асрда илк бор демилитаризация зонасини кесиб ўтганини The New York Times газетасига Исроилнинг икки расмийси тасдиқлаган.
Исроил Сурияга қарашли Жўлон тепалигини 1967 йили Олти кунлик уруш якунида босиб олган. 1974 йили Сурия ва Исроил ўртасида ҳарбий кучларни ажратишга доир битим имзоланиб, 400 квадрат км ҳудудда буфер зона ташкил этилган.
Асад режими қулаши ортидан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Сурия билан 1974 йилда имзоланган битим ҳам ўз кучини йўқотганини иддао қилган ва ўз ҳарбийларига Сурия билан чегара ҳудуди ва уни назорат қилувчи позицияларни эгаллашни буюрган.
«Биз бирор бир душман куч чегараларимизда пайдо бўлишига йўл қўймаймиз», – деган яҳудий давлати бош вазири.
Нетаняҳу Сурия назоратидаги буфер ҳудуд Исроил томонидан эгалланганини «муваққат мудофаа чораси» деб атаган.
Тель-Авив Сурия жанубидаги бешта қишлоқ аҳолисини «жанговар ҳаракатлар давом этаётгани сабаб уйларида қолиш» ҳақида огоҳлантирган.
Миср, Ироқ ташқи ишлар вазирликлари Исроил томонидан Жўлон тепалигидаги буфер ҳудудлар эгалланганини халқаро ҳуқуқнинг очиқ бузилиши дея қоралаган.
«Биз Сурия суверенитетини ҳурмат қилиш, мамлакатнинг барқарорлиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза этиш, шунингдек, унинг ички ишларига аралашмаслик муҳимлигини таъкидлаймиз. Халқаро ҳамжамият, хусусан, БМТ Хавфсизлик кенгашини (Исроилнинг) бу ҳаракатларини қоралаш ва зарур чоралар кўришга даъват қиламиз», – дейилади Ироқ ТИВ баёнотида.
Саудия Арабистони эса Тель-Авивнинг бу ҳаракатини Суриядаги барқарорлик ўрнатиш йўлидаги уринишларга тўсқинлик деб баҳолаган.
Исроил Шом ўлкасидаги сиёсий беқарорликдан фойдаланиб, Жўлон тепалиги яқинидаги Сурия ерларини эгаллаши яна бир бор халқаро ҳамжамиятни ушбу стратегик ҳудудга эътибор қаратишга ундамоқда.
Исроил 1967 йилда Суриядан тортиб олган Жўлон тепалигини 1981 йилда бир томонлама аннексия қилган. Аммо АҚШни инобатга олмаганда дунёнинг бирор бир давлати Тель-Авивнинг Жўлон ҳудудига эгалигини тан олмаган. 2019 йил 25 март куни АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп Исроилнинг Жўлон бўйича суверенитетини эътироф этган.
Жўлон тепалиги хавфсизлик нуқтаи назаридан Исроил учун стратегик аҳамиятга эга. Дамашқдан атиги 60 км узоқликдаги тепалик назорати Исроилга нафақат Сурия, бошқа қўшни давлатлар билан муносабатда ҳам устунлик беради. Қолаверса, ҳудуд сув манбаларига бой. Исроил сувга бўлган салмоқли эҳтиёжини Жўлон тепалигидаги булоқлардан қоплайди.
Тель-Авив Жўлон ҳудудида аллақачон ноқонуний манзилгоҳларни қурган. Маълумотларга қараганда, бу ерда 20 мингга яқин яҳудий келгиндилари истиқомат қилади.
Бош вазир Бинямин Нетаняҳу куни кеча бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Жўлон тепалиги умрбод Исроилнинг таркибий қисми бўлиб қолиши»ни эълон қилган.
Исроил сўнгги кунларда Сурия бўйлаб авиазарбалар ҳам бермоқда.
Сурияда инсон ҳуқуқларини кузатиш маркази (SOHR) хабарига кўра, яҳудий армияси сўнгги 48 соат ичида Сурия ҳарбий салоҳиятини йўқ қилиш учун 250 га яқин авиазарба йўллаган. Ҳужумлар оқибатида Суриянинг турли музофотларидаги аэродромлар, тадқиқот марказлари, разведка, божхона ва радиоэлектроника бошқарув идоралари вайрон қилинган, қурол-яроғ омборлари, радар ва алоқа воситалари йўқ қилинган.
Тель-Авив иддаосича, ҳарбий объектлар ва қуроллар «мухолиф кучлар қўлига тушиши ва Исроилга таҳдид уйғотиши мумкин».
Таҳлилчилар эса Исроил вазиятдан фойдаланиб Сурияни янада заифлаштиришга уринмоқда деб ҳисоблайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter