Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Исроил БМТ тинчликпарвар кучларига ҳужум қилди

Исроил БМТ тинчликпарвар кучларига ҳужум қилди

Исроил ҳарбийлари БМТнинг Ливандаги муваққат тинчликпарвар кучлари (UNIFIL) қароргоҳига бостириб кирди. «Меркава» танклари қароргоҳ дарвозасини яксон қилган.

БМТ тинчликпарварлари Исроил ҳарбийларининг базага кириши халқаро ҳуқуққа зид экани ва уларнинг ҳаётини хавфга қўйишини айтгач, танклар қароргоҳни тарк этган.

Бу орада пост яқинида отишма рўй берган ва ҳудудни қуюқ тутун қоплаган. Ҳодиса оқибатида 15 нафар тинчликпарвар аскарда тери куйиши ва ошқозон хасталиги қайд этилган. Кузатувчилар ҳудудда кимёвий қурол ишлатилганини айтмоқда.

Бу айни пайтда Ливан ҳудуди бўйлаб ҳаво ва қуруқлик орқали ҳужумлар уюштираётган Исроил армиясининг БМТ тинчликпарвар кучларига илк ҳамласи эмас.

Аввалроқ Исроил ҳужумлари оқибатида БМТ мандати остидаги аскарлар жароҳатлангани хабар қилинганди.

БМТ тинчликпарвар кучлари раҳбари Жан-Пьер Лакруа Хавфсизлик Кенгашига аскарлар ҳаёти хавф остида эканини маълум қилган.

Исроил Ливанда ҳарбий амалиётларни кучайтирган 23 сентябрдан буён халқаро тинчликпарвар контингент тезкор фаолиятини тўхтатиб, базаларда қолмоқда.

Қўриқчи миноралар, камералар, алоқа воситалари ва ёритиш мосламаларига уюштирилган ҳужум туфайли тинчликпарварлар ўз мажбуриятини бажара олмай қолган.

Исроилни дастаклаб келаётган Италия бош вазири Жоржия Мелони ҳам якшанба куни ҳамкасби Бинямин Нетаняҳу билан телефон орқали суҳбатда яҳудий армиясининг ҳужумларини қоралаган.

Европа Иттифоқи ҳам Исроил армиясининг БМТ контингентига ҳужумини кескин танқид қилган ва ҳолат юзасидан тушунтириш талаб қилган.

Исроил БМТдан тинчликпарвар контингентни Ливан чегарасидан 5 км ичкарироқ олишни сўраган. Халқаро тузилма буни рад этган. 

Тель-Авив «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати ўз жангчиларини БМТ контингенти яқинида жойлаштирмоқда деб ҳисоблайди. «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати буни инкор қилган.

БМТнинг Ливандаги муваққат тинчликпарвар кучлари 1978 йили мамлакатнинг жанубий қисмини кузатиш, мониторинг қилиш учун таъсис этилган.

Таҳлилчилар 10 минг кишилик контингент ўз вазифасини тўлақонли бажара олаётганига шубҳа билдириб келади. Исроил 1982 йили Ливан жанубига бостириб кирган ва 2000 йилгача уни ишғол остида сақлаган. 2006  йилда ҳам «Ҳизбуллоҳ»га қарши кенг кўламли уруш олиб борган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг