Ислом дунёси илмда нега Ғарбдан ортда қолмоқда? Исломшунос олим Мубашшир Аҳмад жавоб беради
– Мубашшир домла, дунёда рўй бераётган турфа ҳодисаларни синчковлик билан кузатиб боришингиздан хабардормиз. Янги юзйилликда ўзга дин вакиллари зеҳниятида мусулмонлардан қўрқиш, ҳадиксираш туйғуси илдиз отди. Қолаверса, муқаддас динимизни ёмонотлиқ қилиш, аҳли мўминдан «олабўжи» ясаш авж олган. Ҳатто Ғарб расмий доираларида мусулмонлар сони ошиб бораётганидан очиқ хавотир билдирилмоқда. Cизнингча, исломофобиянинг асл сабаби нима? Бу ҳолнинг вужудга келишида худкушлик, хунрезлик сингари жиноятларга қўл ураётган айрим қибладошларимизнинг ҳам айби йўқмикан?
– Сиз санаган ҳолатлар бизнинг асримизда пайдо бўлиб қолгани йўқ. Жоҳилият араблари янги ва охирги ҳанафийлик динини қабул қилмай, унга қарши курашни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаёқ бошлаган эди. Бу қаршилик ҳозирга қадар бир кун ҳам тўхтаган эмас. Салб юришлари, мўғул вайронгарчиликлари ва мусулмон ўлкаларнинг кейинги истилолари фикримиз далилидир. Бу ҳақ билан ботилнинг, диёнат билан залолатнинг зиддияти бўлиб, у Қиёматга қадар давом этади.
Мазкур қадим муноқашанинг бугунида воситалар бир оз ўзгарган, албатта. Бизнинг давримизда ўтмишдаги ҳарбий юришлар ўрнини мафкуравий курашлар эгаллаган. Бунда исломофобиядан қурол сифатида фойдаланилмоқда. Динидан чекинган, диёнати ночор, илм-маърифати ҳаминқадар ва исломи кўпроқ зоҳирда акс этган ҳозирги мусулмоннинг аҳволи эса мухолифларга қўл келмоқда. Уларнинг «мусулмон қашшоқ, жоҳил, маданиятсиз, террорчи бўлади, мутараққий инсониятга қарши чиқади» қабилидаги ғаразли фикрларига мисол бўладиган тоифалар ислом оламида кўплаб топилади. Замондош мусулмон мутафаккирлар муаммо ташхисини қўйиб, ечимлар бераётганига қарамай, афсуслар бўлсинки, аҳвол кундан-кун оғирлашмоқда. Назаримда, исломофобия қўлида ўйинчоқ бўлишимизга жаҳолат, қашшоқлик, қолоқлик ва онгсизлик каби ички; нифоқ, тамагирлик ва ғараз каби ташқи омиллар сабаб бўлмоқда. Биз ўзимизга дахлдор ички омилларни муолажа қила олсак, ташқи омиллар ўз-ўзидан кучию таъсирини йўқотади.
– Бизни кўпдан бери ўйлантириб келаётган яна бир масалада фикрингизни сўрасак. Араб ўлкалари бойларининг ҳашамат ва дабдаба ичида ҳаёт кечириши зарбулмасал бўлиб кетган. Ажабки, тўқликка шўхлик қабилида ақл бовар қилмас номаъқулчиликларни ўйлаб топаётган боёнлар бошқа диёрлардаги диндошлари бир бурда нонга зор экани билан иши йўқ. Нима, улар исрофдан йироқ бўлиш хусусидаги илоҳий амрлардан бехабарми? «Ён қўшниси очлигини билатуриб, тўқ ухлаган кимса менга имон келтирмабди» деган мазмундаги ҳадиси шарифларни ўқимаганми? Мусулмонлар нега бундай худписанд, дунёпараст бўлиб кетди?
– Бу, асли, нафақат мусулмон бойлар, балки фаровон яшаётган ва Оллоҳнинг рисолатидан узоқлашиб кетган ҳар бир қавмга хос қусурдир. Ғарбдаги бир-икки камтарин ва инсонпарвар бойнинг меҳрибонлик ва саховатпешалигини кўз-кўз қилиб тарғиб этилиши уларда бу муаммо йўқлигини англатмайди. Агар араб бойлари бошқа қитъадаги инсон билан давлатини баҳам кўрмаётган бўлса, ғарблик ғайридин боён ўша қитъадагиларнинг қўлидагига чанг солмоқда. Бу ўринда ярим аср олдин расман тугатилган бўлса-да, бугун янги шакл-низомда яшаётган замонавий мустамлакачилик ва жафокаш миллату давлатлар устида кечаётган турфа ўйинлар назарда тутилмоқда.
Энди бу борада фақат араб бойигина ёмон эмаслиги маълум бўлгач, асосий сабабни айтаман: инсон давлатманд ва қудратли бўлиб, ўзида эҳтиёж камайгани сари туғёнга кета бошлайди. Оллоҳ таоло айтади: «Йўқ! Албатта инсон туғёнга кетади, ўзини бой кўргани учун» («Алақ» сураси, 6-7-оятлар). Қуръоний иборага эътибор беринг! Туғёнга кетиш сабаби бой бўлиш, дейилмаяпти, балки «ўзини бой кўргани учун» деган ибора ишлатилмоқда. Яъни, ислом таълимотига кўра, инсон ҳеч қачон бой ва беҳожат бўла олмайди. Зотан, унинг қўлидаги давлати ҳам, ўзи ҳам Оллоҳникидир. Қўлидагини ўзиники деб ўйлаб, бу борада Оллоҳнинг ҳаққини унутар экан, у туғёнга кетади. Модомики, у ўзини бой санамай, мол-мулки унга Оллоҳ томонидан синов тариқасида муваққат берилганини англаса, минбаъд ҳаддидан ошмайди. Давлатини ҳалолдан топиб, ҳалолга – Оллоҳ буюрган амалларга сарфлайди. Демак, муаммо араб ё мусулмонликда эмас, балки Оллоҳнинг рисолати ва таълимотларидан узоқлашувда экан. Агар мол-мулк тўғрисидаги эътиқод ва тушунчаларимизни тўғрилаб олсак, сиз айтган муаммо ҳам бартараф бўлади.
– Қайси бир алломанинг «Футболда севимли жамоаси ютқазиб қўйса дод-вой соладиган, аммо тамаддунда ортда қолаётганидан жилла ташвиш чекмайдиган умматнинг ҳолига ҳайронман» деган танбеҳини ўқиган эдим. Ғарб дунёси илм-фан жабҳасида мусулмон оламидан илдамлаб кетгани маълум. Таассуфки, аксар мусулмон ўлкаларда фикрий таназзул ҳукм сураётир. Биргина илм-фан йўналишида Нобель мукофоти кўрсаткичини таҳлил қилиб кўрайлик. Бир асрдан зиёд вақт мобайнида мусулмон оламидан учтагина олим (Муҳаммад Абдуссалом – физика, Аҳмад Зевайл ва Азиз Санжар – кимё) ушбу нуфузли мукофотга лойиқ кўрилган. Албатта, Нобель мукофоти илм-фан тараққиётининг яккаш мезони бўла олмайди, совриндорларни аниқлашда сиёсий омиллар роль ўйнаши-да бор гап. Аммо мазкур рақам бир замонлар тамаддун бешиги саналган диёрларнинг қолоқлик исканжасидан қутулиши қийин кечаётганини тасдиқлайди. Сизнингча, ислом дунёси илм жабҳасида нега бунчалар ортда қолди?
– Сиз эслаб ўтган танбеҳни мисрлик забардаст аллома, шайх Муҳаммад Ғаззолий (1917 – 1996) берган эдилар. Умматнинг ҳолига қайғурган бу зот муаммоларни ҳал этиш йўлларини излаб умр ўтказдилар. Алломанинг талай китобларини мутолаа қилдим. Муаммо аниқ. Ечим маълум. Аслида, жидду жаҳд қилинса, биздан ҳам кўплаб Нобель совриндорлари чиқиши ва ҳатто мусулмонларнинг ўзи шу каби мукофотларни таъсис этиши мумкин. Фақат... ҳа, ҳамма гап ана шу «фақат»да.
«Ислом дунёси илм жабҳасида нега бунчалар ортда қолмоқда?» деган саволга турли йўсинда жавоблар айтилган. Масалан, ислом оламининг кейинги асрларда мустамлака бўлгани ва мустамлакачилар жафокаш халқларни жаҳолатда ушлаб туришдан манфаатдор экани; мусулмон халқларнинг мустабид ҳокимлари бошқарув жиловини қўлдан чиқармаслик учун халқни қашшоқ ва жоҳил тутгани ёхуд секуляр қатламга кўра, бунга энг асосий айбдор диннинг ўзи экани ҳақидаги мулоҳазалар шулар жумласидан. Лекин бу жавоблар муайян сабабларга кўра тўғри эмас. Чунки мустамлакачилик, истибдод ёки жаҳолат таназзул сабабчиси эмас, балки уларнинг ўзи таназзул асоратидир. Секуляр фикрнинг нотўғрилиги шундаки, бирон дин ё таълимот ислом диничалик илм-маърифатга тарғиб этмаган. Бунга тарих ва буюк ислом цивилизацияси шоҳид. Секуляр ёндашув тарафдорлари диннинг илм-маърифатга қаршилиги борасида фикр юритар экан, исломни ўзга таълимотлар билан қориштириб юборади. Бу – алоҳида мақола мавзуси. Мавриди келганда, бунга ҳам батафсил тўхталамиз, иншооллоҳ.
Ечимга келсак, салафларимизни нима ислоҳ қилган, илм чўққиларига олиб чиққан ва цивилизация эгасига айлантирган бўлса, бизнинг ҳам нажоту муваффақиятимиз айнан ўша нарсада. У ҳам бўлса соф исломда! Халқимиз мусулмон, бутун ислом оламида ҳам динга кенг эркинлик берилган, лекин сиз айтган ечим кўринмаяпти-ку, дея эътироз билдиришингиз мумкин. Гап шундаки, цивилизициянинг чўққисига чиққан даврдаги мусулмон билан ҳозирги қолоқ ва қашшоқ мусулмон ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Олдинги мусулмон динини яхши билган, унинг кўрсатмаларига оғишмай амал қилган. Дин ва дунё уйғунлигини тўғри англаган ва ана шу тўғри ақида асосида ҳаёт кечирган. Ҳозирги мусулмонга ўхшаб фақат зоҳири, сурати, шаклигина исломий бўлмаган, билъакс – ботини, сийрати, хулқи ҳам исломий бўлган. Ҳар ишда Оллоҳдан қўрқиш – тақво унинг қон-қонига сингиб кетган. Қуръони каримда бундай мусулмонларга Оллоҳнинг ёрдами ёр бўлиши ва улар ерда халифа қилиб қўйилиши алоҳида таъкидланади: «Оллоҳ сизлардан имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга уларни ер юзида худди улардан олдин ўтганларни халифа қилганидек халифа қилишни, улар учун Ўзи рози бўлган динни мустаҳкамлашни ва уларнинг хавф-хатарларидан сўнг омонликни бадал қилиб беришни ваъда қилди. Менгагина ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани ширк келтирмаслар» («Нур» сураси, 55-оят). Ояти каримада таърифланган мусулмоннинг сифатларига эътибор қилинг: имон келтирган, солиҳ амал қилган, Оллоҳгагина ибодат этган ва Унга ширк келтирмаган. Бу сўзларни кўп эшитганимиз боис қулоқларимиз уларга ўрганиб қолган. Лекин бу хислатларнинг туб моҳиятини чуқур мушоҳада қилиб ўзимизни тафтиш этсак, улардан жуда олислаб кетганимизни англаймиз.
Таассуфки, биз Оллоҳ нусрат ваъда қилган ва миллатларнинг пешқадами бўлишга ҳақли миллат ёки уммат мақомини бой берганмиз. Мазкур оятни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ қандай тафсир этганларига диққат қилайлик: «Олдинги ўтган умматлардан қайси бири Оллоҳ таолога имон келтирган ва бу имони ҳақиқий бўлиб, бутун вужудини қамраб олган ҳамда ўша ҳақиқий имони тақозоси ила солиҳ амаллар қилиб ҳаёт кечирган бўлса, Оллоҳ таоло уларни ер юзига Ўзининг халифаси этиб тайинлаб қўйган эди. Ер юзида ҳукм юритилиши учун уларни Ўзига ўринбосар қилиб қўйган эди. Энди ўшалар каби ер юзида халифа бўлиш имконияти фақат Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларида бордир. Уларнинг мазкур халифаликка эришишлари учун асосий шарт – имон келтириб, амали солиҳ қилишдир. Ислом уммати қачон ушбу шартни бажарганида, Оллоҳ таоло ваъдасининг устидан чиққан» ва бундан кейин ҳам чиқади.
– Тақсир, хабарингиз бор, дин ва илм аҳли ўртасида эволюция (тадрижийлик) назарияси борасида мунозаралар кўпдан буён давом этиб келади. Ушбу илмий ёндашув ислом уламолари томонидан рад этилгани маълум. Аммо кейинги вақтларда «эволюция назарияси исломга зид эмас» деган қараш ҳам илгари сурилмоқда. Масалан, атоқли математик ва адабиётшунос, академик Абдулла Аъзам журналимизда бир неча йил аввал чоп этилган «Фан ва дин: қайта тирилиш» номли туркум мақолаларида эволюция назарияси физика ва кимё қонунлари сингари Яратганнинг иродасини ифодалаши ва ушбу илмий таълимот исломий таълимотга зид эмаслигини уқтирган эди. Бу борада ҳам фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Бу мақолаларни ўқимаган эканман. Аммо муаллифнинг «эволюция назарияси физика ва кимё қонунлари сингари Яратганнинг иродасини ифодалаши ва ушбу илмий таълимот исломий таълимотга зид эмас»лиги хусусидаги фикрларига қўшилолмайман. Чунки ислом таълимотига мувофиқ, энг кичик заррадан тортиб энг катта галактикагача – бутун олам Оллоҳ таолонинг хоҳиш-иродаси ифодаси бўлган «Кун!», яъни «Бўл!» амри ила вужудга келган. Оллоҳ таоло «Ёсин» сурасининг 82-оятида бундай дейди: «Қачон бирон нарсани ирода қилса, Унинг иши «Бўл» демоқликдир, холос. Бас, у нарса бўлур». Лўнда айтсак, Оллоҳ таоло бирор нарсанинг йўқликдан борликка дўнишини хоҳлаганда, «Бўл!» деган буйруғини берган ва у дафъатан бўлган. Аслида, «коинот» истилоҳининг луғавий маъноси ҳам «бўлувчилар» демакдир.
Яралишнинг қаеридадир тадрижийлик, яъни эволюция жорий бўлган эса (она қорнида ҳомиланинг тадрижий ривожланиши каби), у ҳам Оллоҳнинг хоҳиши ва буйруғи билан юзага келган ва ҳар бир босқич Оллоҳнинг бўлдириши билан рўй берган. У жараённи бир лаҳзага бўлса ҳам ўз ҳолича ташлаб қўймаган. Бирон ҳодиса Оллоҳнинг хоҳиш ва буйруғисиз, ўз ихтиёри ила ёки бошбошдоқлик билан, ўз-ўзидан пайдо бўлган эмас. Ҳурфикрлилик тамойилига кўра жамиятда олам ва одам яралиши борасида турфа ёндашувлар яшашга ҳақли. Аммо камина эволюция назариясини ботил таълимот деб ҳисоблайман. Олам яралганидан бери ҳар бир ҳодиса ва ҳаракат, ҳатто ҳаракатсизлик ҳам Оллоҳнинг иродаси билан рўй беради.
– Яқинда Тошкент вилоятидаги бир зиёратгоҳда бўлдик. Не тонгки, у ерда кўп сонли зиёратчилар кўҳна қабр атрофида худди Каъбатуллоҳни тавоф қилгандек етти маротабадан айланаётганини кўрдик. Ёки ижтимоий тармоқда юртдошларимиз Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидаги дарахтга сиғинаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Сиз йўлкезар инсонсиз, сафарлар асносида бу каби нохуш ҳолатларга ўзингиз ҳам неча бор гувоҳ бўлгандирсиз. Кейинги чорак асрда диёримизда юз минглаб ададда исломий адабиётлар чоп этилди. Аммо Китоб ва Суннатда қаттиқ қораланган ширк амаллари ҳамон, ҳар қадамда учрамоқда. Хўш, бунинг боиси не? Наҳот, муқаддас динимиз жавҳари – моҳиятини англаб етишимиз учун чорак аср кифоя қилмаган бўлса?
– Бу ҳол эътиқод сустлиги ва диний саводсизлик оқибатидир. Мазкур икки иллат даҳрийлик замонида авжига чиққани маълум, аммо кейинги даврда ҳам бу соҳадаги ишларимиз билан мақтана олмаймиз. Сиз эслаб ўтган адабиётлар аҳолининг ҳамма қатламига етиб бормади, борганларида ҳам муаммо очиқ муҳокама қилинмади. Мамлакатимизнинг аксар ҳудудларида юртдошларимиз ҳали ҳам мақбара қуриш, марҳумларга атаб жонлиқ сўйиш ва уни зиёратгоҳ атрофида тановул қилиш, умуман қабристон зиёратини диндаги асосий вазифа деб билади. Ваҳоланки, санаб ўтганим амалларнинг айримлари бор-йўғи мустаҳаб бўлса, қолганлари макруҳ ё ширк ҳисобланади. Ҳақиқат баралла айтилмаса, кишилар исломда ман этилган ва энг оғир гуноҳ саналган ширкдан буткул халос бўла олмайди. Муаммо ва унинг ечимини очиқ-ошкора айтиш билан бирга, у кенг оммага етиб бориши учун биргаликда ва муттасил ҳаракат қилиш лозим. Ана шунда халқимизнинг эътиқодига рахна солаётган ва уни соф исломдан узоқлаштираётган қабрпарастлик каби хасталиклардан қутуламиз.
– «Эй инсон! Сен замоннинг Юсуфисан, бу олам эса қудуқдир. Сени бу қудуқдан Оллоҳ таолонинг пишиқ арқони – Қуръони карим халос этади. Эй, замоннинг Юсуфи бўлмиш мусулмон! Қўлларингни узат ва бу арқонни маҳкам тут, шундагина қудуқдан чиқа оласан». Жалолиддин Румийнинг бу ўгити ҳар биримизни Каломуллоҳни теран идрок этишга ундаши шубҳасиз. Қуръони карим тарғиботи йўлида камарбаста олим сифатида айтинг-чи, бугунги авлоднинг илоҳий каломни англаш даражасидан кўнглингиз тўладими? У фақат азаю маъракада тиловат қилинадиган, сандиқларда сақланадиган китоб бўлиб қолмаяптими?
– Негадир саволларингизнинг бари танқидий руҳда, пессимистик кайфиятда. Шунинг учун бу гал бошқача оҳангда жавоб қилсам. Ҳақиқатан, Қуръони карим фақат ёдланадиган ва аза-маъракаларда ўқиладиган Китоб эмас. У оламлар Парвардигорининг инсонларга юборган мукаммал қўлланмаси – ҳаёт дастуридир. Биз уни шундай деб қабул қилайлик. Ана шунда ёдлаган оятларимиз маъносини ўрганишга, мағзини чақишга киришамиз. Чунки ҳамма нарсани билувчи Зот ўз оятларида қандай кўрсатмалар берганини билмоқ ҳам қарз, ҳам фарздир. Илоҳий кўрсатмаларни ўрганганимиздан кейин эса галдаги вазифа уларни ҳаётимизга татбиқ этиш бўлади. Агар биз шу тахлит саъй-кўшиш кўрсатсак, қалбимиз тобора ёриша ва юмшай бошлайди. Зотан, илоҳий кўрсатмаларга риоя қилиш номаи аъмолга савоб, қалбга нур бағишлайди. Шу тариқа Қуръони каримнинг қолган қисмларини ҳам ўрганишга иштиёқ ортади.
Яратганнинг кўрсатмаларига амал қилган инсоннинг муаммолари гўзал шаклда ечилади, ҳаёти фаровонлашади ва кўнглига ҳаловат инади. Бу ҳам кишини Китобни қалбга жойлаш ва ўрганишга ундайди, албатта. Мана шу зайлда қалблар Қуръони каримга ошно бўлади. Қуръонга амал қилинмаяпти-ку дея ёзғирмай, ҳар биримиз Оллоҳнинг Каломини бақадриҳол ўрганишга ҳаракат қилсак, муаммолар чекина боради, мурод ҳосил бўлади.
С.Ёқубов суҳбатлашди.
«Тафаккур» журналидан олинди
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter