Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ишониш қийин бўлган дунё ажойиботлари! (2-қисм)

Ишониш қийин бўлган дунё ажойиботлари! (2-қисм)

«Хabar.uz» ахборот-таҳлилий портали жаҳондаги кўплаб ажойиботлардан баҳраманд бўлишингиз учун қизиқарли мақолалар беришни давом эттиради.

Бир неча кун аввал ишониш қийин бўлган дунё ажойиботлари ҳақида маълумот беришни бошлаган эдик.

Қуйида унинг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Саҳара кўзи

Мавритания ғарбидаги Саҳара чўлида гумбазсимон геологик ажойибот мавжуд. Диаметри 25 милни ташкил этади. Ҳатто, уни космосдан ҳам томоша қилиш мумкин.

Дастлаб ушбу ҳосила метеорит таъсирида вужудга келган кратер сифатида кўрилган. Лекин, сўнгги тадқиқотлар буни оқламади. Олимларнинг фикрича, у 66 миллион йил олдин қаттиқ ва юмшоқ тупроқ жинслари аралашувидан пайдо бўлган.

Севги туннели

Сиз расмда кўриб турган ажойиб манзара – севги туннели номи билан машҳур. У Украинада жойлашган бўлиб, мамлакатдаги темир йўлнинг бир қисми.

Маълумотларга кўра, ушбу севги туннелидан кунига 3 марта поезд ҳаракатланади. Аммо, бу ер поезд бўлмаган пайтлар севишганлар энг кўп ташриф буюрувчи маскан ҳисобланади.

Камалак ҳавза

Колумбиядаги мазкур камалак ҳавза йилнинг маълум вақтларида қизил, кўк, яшил, сариқ ва қора рангли сув ўсимликлари томонидан қоплаб олиниб, ажойиб манзарани ҳосил қилади.

Бу жараён асосан июнь ва ноябрь ойларига тўғри келади.

Lencois Maranhenses миллий боғи

Суратдаги манзара бир қарашда ўзга сайёрани тасвир этаётгандек кўринади. Аслида эса, бу жой Бразилия қирғоқларида жойлашган Lencois Maranhenses миллий боғидир.

Ушбу парк иккита ажойиб хусусиятга эга. Яъни, ёмғирли аквалагонлар ва оқ қумтепалар.

Моно кўли

Ушбу ғайритабиий кўл нафақат Қўшма Штатлар, балки жаҳонда ҳам энг қадимий кўллардан бири бўлиб, Калифорния штатида жойлашган. Мутахассислар фикрига кўра, у қарийб 1 миллион йилдан бери мавжуд.

Кўлдаги «Туфа миноралари» эса, турли минераллардан таркиб топган ва унга ўзгача улуғворлик касб этган. Қолаверса, кўл Шимолий Америка қитъасидаги энг чиройли кўллар қаторига киради.

Оқ саҳро

Ҳа, бу саҳро оқ рангга эгалиги билан ҳайратга солади. Саҳро Мисрда жойлашган бўлиб, ундаги улкан оқ тошларнинг баъзилари 15 фут баландликкача боради. Ушбу тошлар калцийдан таркиб топган.

Икки хил рангдаги дарёнинг бирлашиш жойи

Швейцариядаги Женева шаҳрида икки хил рангдаги тоғ дарёлари – Рон ва Арве ўзаро кесишган жой ғайритабиий манзарани касб этган.

Расмдаги чап томондан оқиб келаётган Рон дарёси кўк-яшил рангни Леҳман кўлидан олган. Ўнг томонда эса, Чамоних водийсининг эриган музликларидан лойқа туси билан Арве юқори тезлик билан оқиб келади.

Вулқон нуқтаси

Сиз расмда кўриб турган кўл ичидаги вулқон нуқтаси Тинч океанининг Филиппин архипелагида жойлашган. Ушбу вулқон мамлакатдаги энг фаол вулқонлардан ҳисобланади. 1991 йилдан бери у ўнлаб марта отилиб чиққан.

Маълумотларга кўра, вулқоннинг фаоллиги натижасида кўл тобора кенгайиб бормоқда.

Атакама чўлидаги қўл ҳайкал

Ушбу рўйхатдаги бошқа мўъжизалардан фарқли ўлароқ, Чўлдаги қўл ҳайкали она табиат томонидан эмас, балки одам томонидан яратилган. Чилилик машҳур ҳайкалтарош Марио Ираррезабал 1992 йил бепаён Атакама чўлининг ўртасида қўл ҳайкалини бунёд этди.

Айтишларича, қўл ҳайкални 36 фут баландликда кўриш жуда таъсирли.

 

Сув остидаги истироҳат боғи

Австрия марказидаги Хочшваб тоғлари сайёҳларнинг кўп ташриф буюрувчи жаннатмонанд ва қишда қорга бурканган ажойиб жойидир. Аммо, қишдан кейин содир бўлувчи жараёнлар ушбу масканни чинакам ўзига хос жойга айлантиради. Яъни, июнь ойи тоғлардан қор эриб бу ерда Grune See номли кўл пайдо бўлади.

Унинг туби эса, дарахтлар, пиёдалар учун кўприклар, ўтирғичлар, ўтлоқли дов-дарахтлар – барчаси яшил рангга бурканади.

Кўл жуда қисқа муддат мавжуд бўлиб, бир ойдан ортиқ давом этмайди.

Ер осидаги шаҳар

Туркияда Деринкую кашфиёти фантастик асарлардаги ҳолатга ўхшайди. 1963 йил уй таъмирлаётган ишчилар эгаси билмаган хонани очиб бериш учун деворни бузган ва бу хонада 20 минг киши ва уларнинг чорва моллари, озиқ-овқат маҳсулотлари жойлашган қадимий шаҳарга олиб келадиган туннел очилган.

Ҳайратланарли! Лекин, бу айни ҳақиқат ва шаҳар ҳақиқийдир. Аслида, Кападокия вилоятида кўплаб ер ости уйлари мавжуд бўлиб, Деринкую энг каттаси ҳисобланади. Унинг қачон ва қай мақсадда қурилгани номаълум.

Тахминларга кўра, Деринкую миллодан аввалги 1200 йилларда қурилган ва қўшни босқинчилардан паноҳ сифатида фойдаланилган.

Quinta da Regaleria

Ер ости уйлари ҳақида гап кетганда кам сонли одамларгина Португалиядаги ажойиб санъат асари – Quinta da Regaleriaни эслашади. Бу ерда сиз боғлар, ғорлар, миноралар, ибодатхоналар, фавворалар, шунингдек Роман ва Мануелин, Ренесанс ва Готикагача бўлган меъморий услубларни учратишингиз мумкин.

Мазкур муҳташам объект италиялик архитектор Луижи Манини томонидан ишлаб чиқилган ва 6 йиллик самарали қурилишдан сўнг 1910 йил фойдаланишга топширилган.

Франциядаги Palais Ideale

Суратдаги ёввойи иншоот асли касби почтачи бўлган француз Фердинанд Чевалнинг 34 йиллик тинимсиз ҳаракати маҳсулидир. Ушбу ажабтовур сарой Лиондан 30 чақирим жанубда жойлашган.

Бино қурилишида Хитой, Жазоир ва Шимолий Европа меъморчилигининг кўплаб услубларидан фойдаланилган.

Нурилло Тўхтасинов таржимаси

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг