Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Интизомий жазоси бор ходимга байрам учун мукофот берилмайдими?

Интизомий жазоси бор ходимга байрам учун мукофот берилмайдими?

Байрам кунлари яқинлашгани сайин давлат ва нодавлат ташкилотларида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқига доир, жумладан, мукофот пуллари ҳақида саволлари кўпаяди.

Қуйида интизомий жазо қўлланган ходимларга мукофот пуллари ҳисобланадими мазмунидаги саволга Тошкент давлат юридик университети Меҳнат ҳуқуқи кафедраси катта ўқитувчиси Каримжонов Муҳаммадамин жавоб беради.

Савол: Меҳнат кодексининг 299-моддасида интизомий жазонинг амал қилиш муддати ичида ходимга нисбатан рағбатлантириш чоралари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайдиган ва меҳнат натижаларига асосланмаган мукофотлар ҳам (байрамлар, шу жумладан касб байрамлари, юбилейлар муносабати билан ва ҳоказолар) қўлланилмайди.

Агар  мукофот меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирсачи, интизомий жазоси бор ходимга  байрам мукофотини берсак бўладими?  Шунга иккиланиб қолдик, илтимос, Меҳнат кодексининг 299-моддаси 5-қисмини тушунтириб берсангиз.

Меҳнат кодексининг 249-моддасига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими ходимлар иш ҳақи миқдорининг меҳнатнинг миқдори ва сифатига, уларнинг шахсий ва жамоавий натижаларига боғлиқлигини белгилаш усулидир.

Бундан ташқари, МК 252-моддаси 2-қисмига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган мукофот ходимни олдиндан белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришишга ундаш мақсадида иш ҳақининг таркибига киритилган ҳамда ходимга асосий маошидан (тариф ставкасидан) ташқари тўланадиган пул мукофотидир.

Шунингдек, МК 252-моддаси 3-қисмига кўра, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилмаган рағбатлантирувчи мукофот бир марта бериладиган хусусиятга эга бўлган ҳамда иш берувчининг қарорига кўра ходимнинг олдиндан белгиланган кўрсаткичлар ва шартларга эришганлиги учун эмас, балки муайян воқеалар (юбилейлар, байрам саналари ва бошқалар) юз берганлиги ёки ходим томонидан муайян ҳаракатлар амалга оширилганлиги (иш берувчининг алоҳида муҳим топшириғини бажариш, рационализаторлик таклифини киритиш ва бошқалар) муносабати билан тўланадиган пул мукофотидир.

Демак, юқоридагилардан хулоса қилсак, байрам саналари билан бериладиган мукофотлар меҳнатга ҳақ тўлаш тизимига кирмайди ва меҳнат натижаларига асосланмайди. Шунинг учун ҳам, интизомий жазо амал қилаётган ходимга байрам мукофоти берилмайди.

Агар ходимга байрам мукофоти бермоқчи бўлсангиз, у ҳолда интизомий жазони олиб ташланг. МК 315-моддаси 3-қисмига кўра, иш берувчи интизомий жазони исталган вақтда олиб ташлашга ҳақли. Интизомий жазони муддатидан олдин олиб ташлаш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг