Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Улуғбек Орипов

Баъзан сукут ҳақиқатдан афзал бўлиши мумкин.

Интернетсиз бир кун

Интернетсиз бир кун

Фото:«Media Brest»

Қишлоқ барибир бошқача-да. Эрталаб сигир-бузоқнинг маърашию, танани сескантирувчи елдан уйғониб кетаман. Яна бир кун, янги ташвишлар бошланади.

Энди буёғини сўрасангиз, замонавий ёшлар айтганидек ҳаммаси «окей», аммо кичкина муаммо бор. Айтсаммикин ёки айтмасам? Қишлоқда ҳаво беғубор эмас, дейсизми? Бе, шундай тозаки, ўпкани тўдириб нафас олар эканман, бутун дил-дунёйим равшанлашиб кетади. Айни ёз бўлганидан ҳаммаёқ ям-яшил, боғларда сайроқи қушлар, дала-даштда меҳнаткашлар тинмайди. Хуллас, китобларда тавсифланадиган «сахий ва қувноқ ёз»нинг ҳақиқий кўриниши!

Бу тарафдан-ку эътироз йўқ. Аммо қишлоққа келганимда бир-икки кун ўтгач, ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Шаҳарда юрган вақтимда қишлоғимизнинг баланд тоғлар билан ўралган водийда жойлашгани ва сиз таҳлил ва танқид қиладиган «ўргимчак тўри»нинг  яхши ишламаслигини бироз унутиб қўйибман. Мендек «зукко ва янгиликка интилувчи» талабага эртаси куниёқ интернет зарур бўлиб қолди.  Дарҳол уяли телефонимни олиб ишга киришдим. Афсус, қани энди «сигнал» деган нарса кўринсаю, телефоним қимир этса?! Бирпасда совуқ терга тушдим. «Шошганда лаббай топилмайди» деганларидек ойим буюрган ишлар ҳам эсимдан чиқиб кетибди. Ҳамма ҳайрон. Худди чироқ ўчиб қолиб, ўйиннинг давомини кўрмай қолган футбол ишқибози каби ғамга ботиб қолдим. На «ҳаётнинг ёрқин тарафида бўлиш»га ундайдиганлар, на «бир қадам олдинда бўл» дея даъват этадиганлар менга ёрдам бера олдилар.

Вақт худди бир жойда қотиб қолганга ўхшайди. Бошқа юмуш йўқлигидан атрофни жимгина кузатишга қарор қилдим. Шунчаки разм солиш ғалати машғулот, аммо мундоқ ўйлаб қарасам фойдали экан. Нуқул матн ва тасвир билан қотиб қолган нигоҳни жонли ифода аста-секин юмшатиб, бойитиб боради, ўшанда киши ҳаётнинг гўзаллигию, ҳар бир «ҳаёт» деб турган ҳужайранинг мўъжиза эканлигини англаб етади.

Аммо унинг ҳам ўз чегараси бор. Соатга қарасам ҳеч қанча ҳам вақт ўтмабди. Ов-асбобни кўтариб, боғга отландим, ахир у ерда ажойиб гуллар, сабзавотлар, мевалари ғарқ пишган ва пишаёзган дарахтлар кўп эди. «Қалам тегди — қўл тегди» қабилида у бу жойни кетмон билан тирнаган бўлдим. Жўякларга сув тарадим. Иш асносида кўкка боқаман, назаримда, қуёш қимир этмайди, уфқнинг чеккасига ёпишиб қолгандек.

Шу пайтда «Facebook»да нималар бўлаётган экан-а?

Боғдан қайтганимда ҳам қуёш ботмаган эди. Анҳорнинг салқини уриб турган салқин томонга қараб қурилган хонамда китобларим уюлиб ётган экан. Негадир аввал уларга эътибор бермас эдим, энди кўзимга китоблар ғаройиб ва қизиқарли туюлиб кетди.

…Мутолаадан зерикканимда қош қорайганди. Олдинда бутун бошли тун турардики, мен уни қандай ўтказишни билмас эдим. Мен уни нимага сарфлашни билмасдим. Ҳатто хаёлимга тузукроқ нарса келмасди. Тасаввур ва ўйларимнинг нақадар ғариблашиб қолганини ҳис қилдим.

Соат миллари эса ҳамон имиллаганича юриб борар эди.

Ҳамма нарсанинг давоси вақт, дейдилар. Кунлар ўтиши билан «интернетсизликка» ҳам ўрганиб қолдим. Энди мени табиат жозибаси, китоблар завқи ва муҳаббат қиссалари ва тоғнинг муздек нафаси олиб келадиган кумушранг дарё қизиқтирар эди.

Сиз-чи, бир қишлоғимизга келмайсизми?

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг