Интернетда ўтириб пул топиш сароб десангиз, адашасиз
Ўзбекистонда интернетга улаш хизматини кўрсатиш бўйича рақобатбардош муҳит мавжуд эмаслиги ҳамда шимолий, яъни Қозоғистон-Россия интернет-каналига боғлиқ бўлган вазият юзага келганлиги сабаб интернетга уланиш бошқа МДҲ давлатлариникига нисбатан анча секин ва қиммат ҳисобланади. Бу муаммони Ўзбекистон янги ташқи каналлар очиш эвазига ҳал қилмоқчи: Туркманистон, Эрон, Қирғизистон ва Хитой орқали интернетга уланиш тезлиги оширилади ва барқарор ишлаши таъминланади. Шу йилнинг охиригача ушбу давлатларнинг миллий операторлари билан каналларни ижарага олиш ва сотиб олиш тўғрисидаги келишувлар имзоланади.
Дарвоқе, бу шимолий каналдан воз кечилади дейилгани эмас, шунчаки аҳолининг эҳтиёжларини қоплайдиган янги қўшимча каналлар пайдо бўлади.
Юқоридагилар яқин келажакда амалга ошадиган режалар. Хўш, ҳозир-чи, миллий интернет маконимизда ишлаш даражаси қай аҳволда?! Ундаги ресурслардан оқилона ва унумли фойдалана оляпмизми? Интернетдан фойдаланиш маданияти онгимизда нечоғлиқ шаклланиб улгурган? Интернет деб аталмиш бу «билимлар уммони»да қандай улкан имкониятлар мавжудлигидан ўзимиз ва болаларимизнинг қанчалик хабари бор?
Интернетга бузғунчи ва ёт ғояларни тарғиб қилувчи ҳамда жиноят оламига етакловчи «бало»га қарагандай, болаларимизга интернетга киришга тақиқ қўявермасдан, аввал биз ота-оналар ундаги фойдали ва зарарли томонларни фарқлашни, ажрата олишни ўрганишимиз зарур ва муҳим.
Интернет бу — пул
Қандай қилиб бизнес очиш, пул топиш мумкин — интернет шунга ўхшаш кўплаб фойдали ресурсларга тўлиб-тошиб ётибди. Бир сўз билан айтганда, интернет пул топишнинг бепоён имкониятлари манбаидир. Агар шуларнинг ҳаммасини ётиғи билан фарзандларимизга тушунтириб бера олсак, интернет ресурсларидан тўғри фойдаланиб, ўз кучи билан даромад топа олишини уларнинг онгига сингдириб борсак, болаларимизнинг ўзларида вақтини бекор ўтказмасдан, оила бюджетига ҳисса қўшиш истаги пайдо бўлади ва шу йўлда излана бошлайдилар.
Маълумот учун: «Ўзбектелеком» АК томонидан 2017 йили махсус тариф режалари, «Хавфсиз интернет» туркуми ва қўшимча хизматлар жорий қилинган.
Энди компаниянинг интернет фойдаланувчилари «ZiyoNET» тариф режаси хизматларига уланиб, фарзандларига ҳозирча 3 мингга яқин сайтни ўз ичига олган Ягона ахборот ресурсларидан фойдаланиш имкониятини беришади. Мазкур рўйхатдан илмий-таълимий, маънавий-маърифий ва боланинг етук ва соғлом бўлиб вояга етишига хизмат қиладиган бошқа миллий ва халқаро интернет саҳифалари ўрин олган. Бу орқали болалар глобал тармоқдаги хавфлардан, турли бузғунчи ва ғоявий нобоп сайтларга киришдан ҳимояланади. Шунингдек, ота-оналар рўйхатга ўзлари маъқул топган, болалар учун қизиқарли сайтларни киритиш бўйича таклиф ҳам беришлари мумкин.
Энди эса нафақат ёшларни, балки катталарни ҳам қизиқтириб қўйиши мумкин бўлган, тайёр даромад манбаи саналган айрим интернет ресурслари йўналишларига эътиборингизни тортамиз.
Онлайн сўровлар
Ҳозирда интернет маконида кўп учрайдиган «онлайн сўровлар» талабалар бўш вақтида пул ишлашлари учун кундан-кунга танилиб бораётган усул ҳисобланади. Турли тадқиқотларни ўтказаётган компаниялар ҳар доим ҳар хил сўровларга жавоб бериш ва янгидан-янги маҳсулотларни синовдан ўтказиш учун янги аъзоларни қабул қилиб боради.
Интернетда пуллик қидирув
Интернетда бажараётган ишингиз учун олдиндан пул олишдан манфаатдормисиз? «Qmee.com» инновацион ғояси сизни «Google», «Bing» ёки «Yahoo» қидириш ресурсларидан фойдаланганингиз учун мукофотлайди. Сиз шунчаки ўз браузерингизга оддий қўшимча қурилмани ўрнатасиз ва қидирувни амалга ошираётганингизда оддий қидирув қаторида бир нечта ҳомийлик қилинадиган натижалар ҳам бўлиши мумкин. «Qmee»даги ҳар бир натижа пуллик мукофотга эга, агар у сизни қизиқтириб қолган бўлса, тугмани босинг ва мукофотингизни қўлга киритинг.
Ўз сайтингизни очинг ва ундан фойда олинг
Ушбу вариант сиздан дастлабки қўйилмаларни талаб этади, бироқ кўп ўтмай ўзини оқлай бошлайди. Сайт иши яхши йўлга қўйилса ундан ҳар ойда 10 минг доллар миқдорида фойда олиш мумкин. Асосий фойдани реклама (контекстли, баннерли, тизерли) олиб келади, бунда шерикли дастурларда иштирок этиш ёки ҳаволаларни сотиш мумкин бўлади. Агар сиз янада илдамлаб кетмоқчи, нафақат сайтни ривожлантириш, балки ўз инфобизнесингизни қурмоқчи бўлсангиз, у ҳолда фойда янаям кўп бўлади. Бу энг фойдали вариант, шундай экан «Интернетда пул ишлаб топиш ҳақиқатми?» деб сўраманг, чунки сайтлар эгаларининг баралла жавоби «Ҳа» бўлиб турибди.
Хўш, ахборот сайти ва инфобизнес орасида қандай фарқ бор? Дастлаб фойдали ахбороти бўлган контентли сайт ҳам ахборот эвазига пул ишлайдигандек туюлади. Бироқ биринчи ҳолатда пул ташқаридан (реклама, шерикли дастурлар) кириб келади, инфобизнесда эса сиз муайян бир ахборот маҳсулотини сотасиз ва унинг учун мижозларингиздан пул оласиз. Қуйидагилар ахборот маҳсулотлари бўлиши мумкин:
- Вебинарлар
- Тренинглар
- Онлайн ўқув курслари
- Электрон китоблар.
Ушбу пул ишлаш усулининг хусусияти шундаки, сиз маҳсулотни бир марта яратасиз, ундан фойдани эса доимий равишда олиб турасиз. Шунчаки пассив даромад тури. Шу билан бирга, параллел равишда янгидан-янги маҳсулотлар яратиш, янги йўналишларда ривожланиб, каттадан-катта даромадлар топиш мумкин бўлади. Бундай ҳолатда даромад бир неча мартага кўпаяди.
Веб-сайтлар ва веб-иловаларни нақд пул эвазига кўриб чиқиш
Агар сиз веб-браузерингиздан моҳирона фойдалана олсангиз, унда веб-сайтларни кўриб чиқиш вақтингизни тўловли ва қизиқарли ишга айлантириш вақти келди. «UserTesting.com» каби янги платформалар хоҳловчиларга барча турдаги веб-сайтларни кўриб чиқишлари учун пул тўлайди. Ҳар бир кўриб чиқиш учун 20 дақиқа вақт сарфланади ва $10 пул тўланади. Рўйхатдан ўтиб, кўриб чиқиш тестини тўлдиринг ва «кириш» папкангизда кўриб чиқилиши зарур бўлган веб-сайтлар рўйхатини қабул қилиб олинг.
Ижтимоий тармоқлар билан ишлаш
Бундай ишни фриланс биржаларида ҳам топса бўлади, бу иш алоҳида кўникмаларни талаб қилмайди. Одатда бу иш лайк қўйиш, репост қилиш ёки гуруҳга қўшилиш кабиларни ўз ичига олади. Тўғри, одатда минимал даражада ҳақ тўланади, бироқ барчаси сизнинг аккаунтингизга боғлиқ.
Дўстларингиз қанча кўп, профилингиз қанчалик фаол бўлса, буюртмачилар шунчалик кўп пул тўлашга тайёрдирлар. Қиймати каттароқ ишлар турига гуруҳлар бўйича постинг қилиш, каталоглар бўйича маълумотларни тақсимлаш кабилар киради. Бундай ишларни «Advego», «Socialtools», «Smmka» ва «Forumok»да топиш мумкин. Ушбу тармоқларда фаол ишласангиз бир ойда $100га яқин маблағ ишлашингиз мумкин.
Кўрсатиб ўтилган имкониятлар — хамир учидан патир, холос. Бундай ресурслар жуда кўп. Ёшларимиз интернет имкониятларидан, ўз вақтларидан унумли фойдаланишса, ана ўшанда юртимиз янада равнақ топади.
Шоҳрух РАҲМАТ, Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази департаменти бошлиғи
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter