Иноятовга очиқ хат: «Бегуноҳ инсонларнинг уволига қолманг...»
Каттақўрғондаги фожиа сўнгги кунларда юртдошларимиз томонидан энг кўп муҳокама қилинаётгани ҳеч кимга сир эмас. Дарҳақиқат, ёшгина ўқитувчининг ўлими жамоатчиликни ларзага келтирди, юракдаги сўзлар мақолаларга айланди. Хусусан, бугун «Facebook»даги «Maslahat.uz» гуруҳида Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятовга очиқ хат эълон қилинди. Муаллифнинг розилигини олган ҳолда ушбу очиқ хатни жузъий ўзгартиришлар билан эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз.
Табиатан жуда таъсирчанман. Кўнглим нозик. Атрофимда содир бўлаётган ҳар бир ҳолат, жараёндан ҳамиша олам-олам таассурот, завқ олганман. Шу орқали турмуш фалсафасини англаб, ҳаётий хулосалар чиқарганман. Бундан уч ой олдин ҳам шундай бўлди. Ўзимга келолмай, роса эзилиб юрдим. Қалбимнинг тубида алланечук ғалаён содир бўлиб, туйғуларим асов отдек жиловини йўқотди. Юрагим ҳапқириб, дилимга ҳазинлик оралади. Ҳозир буни эслаб, беихтиёр жизғанак бўлаяпман. Афсуски, бу жизғанаклик шу йилнинг 14 мартида рўй берган ҳалокатга уйқашиб, ловуллаган дилимни қайғу ўтида икки ҳисса куйдираётир.
Ассалому алайкум, ҳурматли Улуғбек Илёсович! Сизга ушбу мактубни йўллар эканман, ана шу фикрлар хаёлимда чарх уриб, дилимдагиларни тилимга чиқарди.
Биласиз, ёш авлод тарбиясида ўқитувчи, мураббий ва тарбиячиларнинг ўрни ниҳоятда муҳим. Шу боис қадимдан уларга алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, эъзозлаб келинган. Бироқ бугунга келиб, ўз умрини ёшлар тарбиясига, камолотига бахшида этган зиёлиларимизга бўлган эҳтиром анчайин сусайди. Бунга Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги 1-«Меҳрибонлик уйи» тарбиячиларининг мунтазам равишда хизмат вазифасидан ташқари, мажбурий ободонлаштириш ишларига жалб қилинишини мисол қилиб келтириш мумкин. Яъни, бир неча ой олдин мазкур масканга текширувчилар келиши муносабати билан улар кўча тозалаш, дарахтларни оқлаш каби юмушларга сафарбар қилиниши туфайли тарбияланувчилар муассасадан ташқарида жойлашган мактабга ўзлари бориб келишга мажбур бўлишган. Натижада йўл-транспорт ҳодисаси юз бериб, Алина исмли қизалоқ бир умрлик мажруҳликка йўлиққан. Таассуфки, орзулари осмон, мақсадлари улкан қизнинг умидлари бугун оёқлари сингари пароканда. Тақдири чилпарчин.
Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида содир бўлган, юқоридаги ҳолатнинг деярли эгизи, аммо «кулминацион нуқта»си фожиа билан якун топган бахтсиз ҳодиса ҳам айнан педагогларнинг ободонлаштириш юмушларига жалб қилиниши оқибатида юзага келгани кўпчиликка аён бўлди. Не ажабки, хулосага оқни қора, қорани оқ дейиш билан нуқта қўйилди.
Хўш, аслида меҳрга ташна, кўнгли кемтик, норасида Алинанинг айби нимада эди? Ёш боши билан яшил-қизилни танимай, иложсизликдан катта йўлга ўзи чиқишидами? Ёки айб ўзларининг «омон» қолишларини ўйлаб, тарбиячиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган, умуман олганда, «юқори»га яхши кўринишга интилган масъулиятсиз маҳаллий давлат органлари вакилларидами?
Ўқитувчилик ортидан рўзғоримни бутлайман, дастурхоним бадастир бўлади деб тумандаги 42-мактабда меҳнат фаолиятини бошлаган Диананинг айби-чи, у шўрликнинг айби нимада? Ризқ топаман деб шу касбни ихтиёр этганидами? Фикримча, ундай эмас. Ҳамма айб сизда. Нега шу пайтга қадар ҳар икки ҳолатга нисбатан муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёевга ёки маҳаллий давлат органларининг мутасаддиларига ўз ходимларингизнинг ор-номуси, қадр-қимматини ҳимоя қилиб чиқмадингиз ёки сиёсий иродангиз бўшлик қилаяптими? Нима учун тўғри меҳнат тақсимоти масаласи юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, «Маҳалла» хайрия жамоат фондига мурожаат қилиб, аҳоли, айниқса, доимий меҳнат билан банд бўлмаган ёшларни етарлича ҳақ эвазига айни ишларга йўналтириш таклифини киритмадингиз, ҳанузгача баёвлик қилиб, қўлингизни қўлтиғингизга уриб, улуғ зотларимизнинг бурни-ю бағрини қонатиб юрибсиз? Ахир давлатимиз раҳбарининг ўзи бугун инсон манфаатларини таъминлашни давлат сиёсати даражасига кўтариб, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши кераклигини қайта-қайта таъкидлаяпти-ку!
Ҳурматли вазир жаноблари!
Дўппингизни бошингиздан олиб, инсоф билан айтинг-чи, бу йўлда президентга елка тутиб, айтиш жоиз бўлса, камарбаста бўлишингиз, айниқса, ҳозирги шароитда эскича иш тутумидан воз кечиб, ривожланган давлатларнинг дунё тан олган тажрибасини амалиётга жорий этишингиз керак эмасми?
Тарихдан маълумки, қайси амалдорнинг обрўси чалпакдек юпқалашган бўлса, у албатта зиёлиларга панжа орасидан, эътиборсиз қараган. Уларнинг ишончидан маҳрум бўлган. Бу — ҳар қандай раҳбар учун ҳалокатдир.
Сиз илм аҳлининг мажбурий меҳнатга жалб этилаётганини кўриб-билиб турган эсангиз-да, нима учундир жимсиз. Сизнинг айни пайтда сукут сақлаб туришингиз, жамият ҳаётидаги воқеаларга лоқайд бўлаётганингиз эртага жамиятнинг ижтимоий портлашига олиб келмайдими?
Ҳеч ўйлаб кўрдингизми, икки жабрдийданинг умр йўлларини турфа ўзанга буриб юборган бундай ҳолатларнинг бизга маълум бўлгани қанча-ю, ошкор бўлмагани қанча? Ўйлаб қоламан. Аслида халқ таълими тизимидаги устозларимизнинг барчаси моддий ноқислик туфайли борига қаноат қилиб, зиммасига ипсиз боғланган вазифани лом-лим демай адо этишмоқда. Бинобарин, маърифат аҳли учун энг аввало инсон қадри эмас, оила, рўзғор муҳим. Шу маънода айтганда, жорий йилда тизимда уларни маънавий қўллаб-қувватлаш, иқтисодий ҳолатини яхшилаш бўйича ҳам бирон-бир янгилик амалга оширилдими? Деярли йўқ. Назаримда, вазирлик захирасидаги маблағни бир хил қолипдаги самарасиз тадбирлардан кўра шундай эзгу ишларга йўналтиришнинг вақти келди.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» номли китобида шундай сўзлар бор:
«Эмишки, Амир Темур ярим жаҳонни забт этиб, олис ўрмон қабилаларига бориб етибди, хуллас, уларни ҳам ўзига бўйсундирибди. Қайсар ва жангари, озод ва самимий бу қабила бошлиғи чорасизлик туфайли Темурга қуролларини топширар экан, қуйидаги гапларни айтибди:
— Эй, амир! Сен бизни қурол кучи билан енга олдинг. Бироқ сенга айтадиган шартларимиз бор. Агар сен қассоб бўлсанг, бизни сўйиб ташла, агар сен савдогар бўлсанг, сотиб юбор, агар подшо бўлиб келган бўлсанг бизга бахт ато эт!».
Бу ривоятнинг синфий, тарихий йўналиши айни чоғда бизни қизиқтираётгани йўқ. Унда ажойиб бир ҳикмат барқ уриб турибди. Яъни, элга пешвоман деб ўртага чиқдингми, унинг ишончини қозондингми, бу ишончни энди асл виждон билан, покиза фаолият билан оқламоқ керак бўлади. Бу талабнинг, эскичасига айтса ҳам, янгичасига айтса ҳам барибир, моҳияти бир хил бўлиб қолаверади. Яъни, халқ вакили халқнинг посбони, халқ раҳбари бўлиб, халқнинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлгувчи сирдошига айланиши шарт.
Дарҳақиқат, бу фикрлар анча олдин айтилган эса-да, бугунги кун учун ҳам долзарблигини йўқотмаган. Сиз кабинетда ўтириб ишлаш тизимидан бутунлай воз кечиб, фаолиятингиз мезонини ана шу тамойиллар асосига қуришингиз, зиёлилар дардига қулоқ тутиб, уларни қийнаб келаётган муаммоларни бартараф этишингиз, нотўғри меҳнат тақсимотига нисбатан ҳам горизонтал, ҳам вертикал шаклда муносабат билдиришингиз керак. Токи маърифатпарварларимиз бошида тегирмон тоши айланмасин, улар манфаатпарастларнинг қурбони бўлишмасин, ўқувчилар сифатли билим олсин, халқ адолатсизликдан азият чекмасин, ҳаётидан мамнун бўлиб яшасин!
Бегуноҳ инсонларнинг уволига қолманг...
Муҳаммаджон Аҳмаджонов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter