Имтиёзли лойиҳалар мажбурий экспертизадан ўтказилади
Имтиёзлар ва преференциялар бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Қарор билан бозорда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва бизнес юритиш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, фаол тадбиркорлик ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, инсофли рақобат принциплари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида тегишли тартиблар белгиланди.
Шунингдек:
а) имтиёзлар беришни назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигида мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши шарт. Бунда ушбу лойиҳалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги томонидан амалга ошириладиган экспертизаларнинг бошқа турлари бир вақтда ўтказилади;
б) экспертизадан ўтказиш учун тақдим этилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига сўралаётган имтиёзлар бўйича асослантириш ва тегишли ҳисоб-китоблар мажбурий тартибда илова қилинади, уларда лойиҳанинг мақсади, амалга ошириш муддати, киритилаётган инвестиция ва экспорт ҳажми, янгидан ташкил этиладиган иш ўринлари сони, яратилаётган ёки жорий этилаётган инновацион маҳсулот, технологик янгиликлар, прогрессив илмий изланишларнинг аниқ натижалари, ишлаб чиқариш, ишлар (хизматлар, солиқ тушумлари, имтиёзларнинг ҳисобланган суммаси ва бошқалар) ҳажмининг ўсиши кўрсатилади. Ушбу ҳужжатларда:
- мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан истиқболли ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда, имтиёзлар ва преференцияларнинг алоҳида тармоқлар, фаолият соҳалари ва ҳудудларга таъсири;
- берилаётган имтиёзлар ва преференцияларнинг бюджет ва жамият учун самарадорлиги;
- уларнинг рақобат муҳитига ва тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш нуқтаи назаридан кўриб чиқилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter