Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Илм йўлидаги машаққатлар натижаси — қандли диабет-2 касаллигини жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин

Илм йўлидаги машаққатлар натижаси — қандли диабет-2 касаллигини жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин

Умид Рўзиев — умумий жарроҳ, Тошкент тиббиёт академияси хирургик касалликлар кафедраси таянч докторанти.

— Умиджон, биз сиз билан 2018 йилда гаплашганимизда «жарроҳлик соҳасида янгилик бор, шуни илк амалиётда қўллаганимга уч йил бўлди. Операция муваффақиятли кечди», деб қандли диабетнинг иккинчи типини жарроҳлик йўли билан даволаш амалиёти дунё миқёсида бир-иккита давлатда қўлланилаётганини, шу амалиётни сиз ҳам Ўзбекистонда қўллаганингиз ҳақида айтгандингиз. Бу янгиликни Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг халқаро журналистика факультети талабалари телевидениеда, босма ва электрон нашрларда фаол ёритгандилар. Ўшандан бери бу соҳада қандай ўзгаришлар бўлди, ривожланиш борми ё аксинчами?

— Муҳайё опа, келинг яхшиси, мен бир бошдан бу соҳа Ўзбекистонга қандай кириб келгани ҳақида гапирсам-да, уни қандай қилиб ёритиш масаласини сиз ҳал қилсангиз. Чунки бу соҳа менинг ҳаётим мазмунига, яшаш тарзимга айланган. Сизга бир нарсани айтиб ўтишим керак, бу соҳанинг юртимизда ривожланишида қисман сизнинг ҳам ҳиссангиз бор. Уч йил аввал шогирдларингиз ОАВ орқали бу соҳада олиб бораётган ишларим ҳақида қисқа хабарлар беришди. Бу амалиётга кенг йўл очди. Лекин барибир чуқур таҳлилий ахборот зарур. Шунинг учун бир бошдан айтсам агар, бир этак орзу-ҳаваслар билан клиник ординатурани битириб, шифохонага ишга келган пайтларим кафедрамиз мудирининг ташаббуси билан, шунингдек, инглиз ва рус тилларини яхши билганим сабабли мени Кореяга тажриба ўрганиш учун юборишди. У ерда олти ой ўқидим, яъни тажриба ўргандим десам тўғрироқ бўлади. Чунки биз борган клиникада жуда катта жарроҳлик блоки мавжуд бўлиб, йўлак бўйлаб 20 та операция хоналари жойлашган. Деярли ҳар куни бу хоналарда иш қизғин кечади. Йўлак бошида рўйхат осиб қўйилган бўлиб, у ҳар куни янгиланади ва рўйхатда қайси хонада, қандай жарроҳлик амалиёти бўлаётгани ҳақидаги маълумотлар бўларди. Биз бир нечта ўзбекистонлик жарроҳлар у хонадан бу хонага кириб жарроҳлик амалиётларини кузатар эдик. Тасаввур қилинг, шифокорлар, ҳамширалар бир сония ҳам тиним билмай у ёқдан бу ёққа юриб турган хонада жарроҳлик амалиёти бўляпти, биз иш жараёнига халақит бермаслик учун девор бўйлаб қисиниб-қимтиниб хонага кирамиз-да, бир четда туриб операция столида ётган беморни, жарроҳлар ҳаракатини кузатамиз. Ҳар куни операция хоналарини айланамиз, бу гўё тиббиёт туризми эди (жилмаяди). Хориждаги ҳаётим бир неча ҳафта шу тақлид давом этди. Кейин мен ўйладим, мураккаб операцияларни шунчаки кузатганимдан нима фойда, Кореядаги шароит бизда йўқ. Операцияни мукаммал ўрганиш имконини топсангиз-да, лекин юртимизга қайтганда буни оддий шароит йўқлиги сабабли амалга оширолмасак ўрганишдан нима наф, лекин бизнинг ўқишимизга сарфланаётган саъй-ҳаракатлар, маблағни оқлашимиз керак-ку, шунчаки келиб, хорижни айланиб кетиш эмас-ку бу, деган хаёллар билан юрган кезларим бир кореялик профессорга дуч келдим. У биздан: «Сизлар қаердансизлар?» деб сўради. Биз Ўзбекистондан эканлигимизни айтдик. Шунда тил билишим менга қўл келди. Профессор ўзини таништирди, мутахассислигини айтди: бариатрик ва метаболик хирург. Мен жарроҳликнинг бу йўналиши ҳақида эшитмагандим, билмасдим ҳам. У ушбу йўналишда қандли диабетнинг иккинчи тип ташхисини жарроҳлик йўли билан даволаш ҳақида гапира кетди. Мен ҳайратда қолдим: қандай қилиб қандли диабетни жарроҳлик йўли билан даволаш мумкин? У инглиз тилида гапирарди: қандли диабет, 2-тип, жарроҳлик... Мен тилни яхши биламан, лекин қулоқларимга ишонмасдим. Чунки касалликнинг бу тури жарроҳлик йўли билан даволаниши мумкинлигини эшитмагандим. Мен уялиб қолмаслик учун у нима деса «ҳа-ҳа» ишорасини қилиб, жон қулоғим билан уни тингладим. Агар истасанг, ҳозирнинг ўзида операциям бор, бирга иштирок этишинг мумкин, деб қолди профессор. Хуллас, у билан бирга операцияга кирдик. Ҳар доимгидек девор бўйлаб, бир четдан... жарроҳларга халақит бермаслик учун жараённи жим кузатдик. Икки юз килолик беморни ғилдиракли столда олиб кириб, операция столига олишди. Операция хонасидаги шароит, ускуналар менга нотаниш. Технология илғор. Менга нотаниш лазер ускуналарида операция бошланди. Жарроҳлик амалиёти бир соат деганда тугади. Мен учун бу гўё космик кемани учириш билан баравар ҳайратланарли жараён бўлди. Кореялик бир магистрни танирдим, ўшани секин гапга тортдим. Нима бўлди ҳозир, бу қанақа операция, уни сўровга тутдим. Устози бариатрик ва метаболик жарроҳлик амалиёти билан қандли диабетни даволашини айтганида яна қулоқларимга ишонмадим. Билсам, бу усул дунё миқёсида бор-йўғи бир-икки давлатда қўлланиларкан. Жуда қизиқиб қолдим. Ўзбекистонга қайтганимда устозим нимани ўргандинг деб сўраса, жавобим тайёр эди.

Хуллас, юртга қайтганимда устозим нимани ўргандинг деб сўрадилар. Айтдим. Устозим ҳайрон: «Қандли диабетни даволашяпти? Қандай қилиб?» Мен айтдим: «Шундай-шундай...» кўрганларимни айтиб бердим. «Бу ҳақда адабиёт борми?» сўради устозим. «Бор, фақат инглиз тилида, таржима қилиб олиб келаман», дедим. Бу йўналишда олиб борилган барча тадқиқотлар ҳақидаги илмий мақолаларни йиғиб, рус тилига таржима қилдим. Таржима жараёнида жарроҳликнинг ушбу йўналишига назарий жиҳатдан киришиб кетдим. Тайёр таржимани устозим профессор Октябрь Тешаевга бердим. У киши назарияни диққат билан ўқиб чиққач: «Илмий асосланган экан», дедилар. Тушуняпсизми, бу илмий асосланган амалиёт. Тиббиётда бу жуда муҳим.

Тиббиётда илмий асос муҳим:

In God we trust, other must bring data!

Мисол учун яқинда менга бир киши дори олиб келди: «шуни беморларингизга тавсия қилинг, бу жуда зўр дори, ҳамма касалга даво. Сизга даромаддан фоиз берамиз», деди. Мен қанақасига мен буни беморларимга тавсия қиламан, айнан қайси касалликка даво бу дорингиз деб сўрадим. У «Ҳамма дардга даво – боши оғрийдими, ичи яхши келмайдими, ошқозони оғрийдими, қон босими борми, ҳаммасига даво», деб шунақанги ишонч билан айтди беихтиёр ишонгингиз келади. Лекин мен илмий асосланган маълумотларга таянаман ҳамиша. Шунинг учун ҳам мен у билан тортишиб ўтирмадим-да, шунчаки айтдим: келинг, шу дорини ҳозиргина ўткир кўричак хуружи билан касалхонамизга келиб тушган ёшгина келинчакка берайлик, уйда гўдак боласи бор, жарроҳлик столига ётмасин шу дорини ичиб, даволаниб уйига, оиласи бағрига қайтсин, дедим. У ҳайратда лол, мен давом этдим: ёки бўлмаса, хирургияда қон босими баланд, қандли диабетдан азият чекиб оёғи йиринглаб ампутация қилиниши керак бўлган бемор бор, бу дорини ўшанга берамиз, тузалсин, дедим. Йўқ, деди у, бу дори уларга даво бўлолмайди. Хуллас, мен исбот талаб қиламан ва ўзим ҳам исбот тарафдориман. Акс ҳолда бу тиббиётда фаол даво чораси бўлолмайди. Инглиз шифокорларида жуда зўр бир мақол бор: In God we trust, other must bring data! Маъноси: Биз фақат Худога сўзсиз ишонамиз, қолганлар далил келтирсин.

Аслини олганда, қандли диабетнинг икки тури мавжуд — «1-тип қандли диабет» ва «2-тип қандли диабет». Биринчи типи кўпроқ болаларда учрайди ва у генетик туғма касаллик бўлади. Бу беморларда ошқозоности безининг яхши ишламаслиги сабабли организмга инсулин моддаси етишмайди. Уларга инсулин моддасини ташқаридан етказиб бериш керак. Яъни инсулинга қарам. Агар инсулин етказиб берилмаса, қондаги қанд миқдори ошиб кетади. Бу каби беморларга инсулин доимий равишда юборилиб турилиши керак.

«Қандли диабетнинг 2-типи» ташхисида беморда ошқозоности бези ишлайди, яъни инсулин моддаси нормал ҳолатда ишлаб чиқаради, лекин қонда қанд миқдори баланд. Сабаби: инсулин глюкозани тўғридан-тўғри таҳлил қила олмайди, таъсир ўтказа олмайди. Инсулин ҳужайрага боради, ҳужайра эса организмнинг энг кичик ишчи бирлиги – тасаввур қилинг, катта бир бинонинг ғишти. Ошқозон ости бези ишлаган инсулин ҳужайрага қондаги мавжуд глюкозани қайта ишлашига ёрдам беради. Шу тарзда глюкоза парчаланиб, организмга энергия – қувват бўлади. Ҳужайра глюкозани қайта ишлаш учун қондаги глюкозани сўриб олиши керак. Шу тариқа қонда глюкоза миқдори нормал ҳолатга келади. Лекин қандли диабетнинг иккинчи типида глюкоза сўрилмайди. Чунки организмнинг инсулинга таъсирчанлиги камаяди. Ҳужайра ва инсулин ўртасида тўсиқ бор. Организмда глюкоза меъёрдан ошса, ошқозоности безига хабар келади, ошқозоности бези уни нормага тушириш учун яна исулин ишлаб чиқаради. Организм инсулинни бир бирликда ишлаб чиқарган бўлса, шу пайтгача, энди у 2-3-5 бирлик ишлаб чиқара бошлайди. Бу дегани ошқозоности бези беш карра зўриқиб ишлай бошлайди. Оқибатда организм инсулинга таъсирчанлигини йўқотиб бораверади. Организмда инсулин эса етарли. Шунинг учун бу каби беморлар «инсулинга қарам эмас» дейилади.

Бунақа беморлар ташқаридан инсулин олмайди. Ҳапдорилар қабул қилиш, парҳез тутиш орқали глюкоза нормал ҳолатга келади. Биринчи типда беморларда бунақа эмас, улар сув ичса ҳам қонда қанд миқдори ошиб кетаверади. Жарроҳлик амалиёти фақат иккинчи тип қандли диабетга нисбатан қўлланилади. Буни тушуниш қийин. Ҳатто, баъзи дўхтирлар буни англаб етолмайди: «ошқозоности безини кўчириб ўтказасизларми?» деб сўрашган пайтлар ҳам бўлган. Бу икки хил ташхисни ажратиб тушуниш, англаб етиш қийин. Энг ёмони, эндокринологлар ҳам буни адаштиради. Ваҳоланки, бу касаллик аслида эндокринологларнинг мутаҳассислиги доирасида ўрганилади. Бу касалликни даволашда бизнинг асосий вазифамиз ошқозоности безининг нормал ҳолатда ишлаётганини аниқлашдан иборат. Яъни организмда инсулин етарли миқдорда ишлаяпти, лекин унга таъсирчанлик йўқолган ҳолларда жарроҳлик амалиёти қўлланилади. Операциядан мақсад — ҳужайра ва глюкоза ўртасидаги тўсиқларни бартараф этишдан иборат. Хорижнинг етакчи илмий тадқиқотларда мана шу каби далиллар ва уларни қандай бартараф этиш йўллари асослаб берилган.

Тўсиқларнинг энг каттаси бу — ортиқча вазн. Организм қанча семирса, қанд миқдори ошиб бораверади. Чунки ҳужайранинг атрофи ёғ билан қопланиб, инсулинга таъсирчанлик хусусияти камаяди. Оқибатда ҳужайра глюкозани «ҳазм қилмай» қўяди, бевосита вазифасини бажаришдан тўхтайди. Яна бир тўсиқ: инсулин билан ҳужайрани бир-бирига боғловчи вазифасини бажарувчи калит моддалар (ингичка ичакнинг шиллиқ қаватларида ишлаб чиқарилади) миқдори камайиб кетади. Жарроҳлик амалиёти мана шу тўсиқларни бартараф этади. Яъни операция ичакларнинг йўлини ўзгартиришга, ошқозонни кичрайтиришга нормал ҳолатга келтиришга, организмни оздиришга қаратилган.

Бариатрик ва метаболик хирургия йўналишининг келиб чиқиш тарихи

— Мана шу ўринда тушунтириб ўтсангиз, жарроҳлик амалиёти организмнинг айнан қайси аъзосида олиб борилади?

— Операция айнан ошқозон ва ичакда ўтказилади.

«Бариатрик» ва «метоболик» сўзларининг маъноси лотинчадаги «барос» сўзидан олинган бўлиб, «семизлик» деган маънони беради. Аввало, бошида бу операцияни семизликнинг олдини олиш учун амалга оширилган. Беморлар вазн йўқотиб оза бошлаган, мисол учун, 100 бемордан 60 тасида қандли диабет бўлган. Жарроҳлик фақат ортиқча вазнни йўқотиш мақсадида амалга оширилган. Чунки бу амалиёт дастлаб фақат «бариатрик» йўналишда олиб борилган, яъни қандли диабетни даволашга қаратилмаган. Кейинчалик олиб борилган кузатувлардан шу нарса маълум бўлганки, бариатрик жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган беморларда қандли диабет касаллиги бартараф бўлган. Яъни аввал фақат семизликдан эмас, қандли диабетдан ҳам азият чеккан беморларнинг қон таҳлилида қанд миқдори нормал ҳолатга туша бошлаган. Жарроҳлик амалиётидан ўтган 40 та бемордан 39 тасида қандли диабетдан бутунлай соғайиши кузатилган. Кейинчалик бу амалиёт чуқурроқ ўрганилиб, «метаболик» муаммолар, яъни модда алмашинуви жараёнига ижобий таъсири илмий асослаб берилган. Шунинг учун бу амалиётнинг номи «бариатрик ва метаболик хирургия» деб атала бошланган.

Ушбу жарроҳлик амалиёти ортиқча вазнни йўқотишга қаратилганлиги билан биргаликда қондаги қанд миқдорини нормаллаштириш мақсадида амалга оширилади. Аслини олганда, қандли диабетнинг иккинчи типидаги касаллик ортиқча вазндан келиб чиқади. Баъзи одамлар унчалик семиз бўлмайди, лекин қорни бор. Бу организмда йиғилган ортиқча ёғнинг ташқаридан кўриниши. Агар суриштирсангиз, бу бемор қандли диабет ташхиси қўйилишидан олдин ортиқча вазни бўлган. Ташхисдан кейин озади. Лекин қорин қолади.

Шу ўринда бир савол туғилади: демак, ҳамма семизлар озса, қандли диабетдан қутулиши мумкинми? Йўқ. Чунки организмда инсулин таъсирчанлигининг йўқолиши сабаби фақат семизлик эмас. Илмий назарияни оддий қилиб тушунтирганда ҳужайра глюкоза билан озиқлана олмагани учун оч қолади. Натижада ҳужайра ўзини емира бошлайди. Бемор табиий озганда қондаги қанд миқдори нормаллашмайди. Агар кузатган бўлсангиз, бундай беморларнинг вазни нормал бўлишига қарамай, кучли чарчоқ ҳис қилади. Чунки организмдаги ҳужайралар оч, глюкозадан энергия ололмаяпти, ваҳоланки, глюкоза қонда етарли миқдорда мавжуд. Инсулиннинг ҳужайрага таъсирчанлиги йўқолганлиги сабабли глюкоза ҳужайрага сингиб кетолмайди, натижада боя айтганимдек, ҳужайра ўзини ўзи емиради ва тана массаси камайиб бораверади, яъни одам озади. Глюкоза бутун организмни озиқлантирадиган модда. Юришингиз, ўйлашингиз ҳамма-ҳаммаси глюкозанинг энергияси ҳисобидан амалга ошади. Шунинг учун бундай беморлар оз-оздан лекин тез-тез овқатланиб туриши муҳим. Айниқса, бемор ширинлик егиси келаверади, ейди, лекин глюкоза қонда қолиб кетаверади, ҳужайрага сингиб кетолмайди. Бу жараён эса инсулин моддасининг таъсири остида бўлиши лозим. Аммо инсулин организмда етарли бўлишига қарамай, ҳужайрага таъсирчанлигини йўқотган. Ҳатто, озғин беморларда ҳам шу ҳолат бўлиши табиий ҳолат. Уларда фақат калит моддаларнинг етишмаслиги сабабли шу жараён рўй беради. Жарроҳликдан кейин озиш билан табиий озишнинг фарқи бор. Жарроҳлик амалиётидан кейин организмда моддалар алмашинуви нормаллашади. Амалиётнинг самараси шунда.

Айни пайтда мен илмий тадқиқот ишларини олиб боряпман, мавзу: «Семизлик ва қандли диабетнинг жарроҳлик давоси». Жарроҳлик амалиётидан ўтган беморларни кузатяпман, 60 нафар диабетикни икки йил кузатдик. Жарроҳлик амалиётининг самаралик даражаси 96,7% чиқди. Яъни 60 нафар бемордан 59 нафари қандли диабетдан бутунлай тузалди. Бу жуда катта натижа. Бу дегани беморлар касалликдан фориғ бўлди дегани, парҳез қилмайди, дори ичмайди. Чунки қондаги қанд миқдори нормаллашган. Эндокринологлар бундай ютуқ билан фахрлана олмайди. Аслида бу касаллик эндокринологларнинг мутахассислиги даражасида ўрганилади. Уларнинг даво чораларида бу касалликка даво йўқ. Ваҳоланки, бу соҳа 100 йиллик тарихга эга.

Қандли диабет билан касалланган беморлар Ўзбекистонда жуда кўп. Семизлик бўйича ҳам биз «илғормиз». Бошқа давлатларда буни кузатмаганман. Тадқиқот ишларимга семизлик ва қандли диабет бўйича аниқ статистик маълумотлар керак бўлганида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг сайтларида, статистикасида бу маълумотларни топа олмадим. Юртимизда семизлик ва қандли диабет билан касалланиш бўйича статистик маълумотларни Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сайтидан топдим. Ишонасизми, 49%. Бу дегани аҳолининг ярми ортиқча вазндан азият чекади. Шуларнинг 22% ҳақиқий семиз.

(Давоми бор)

Суҳбатни журналист Муҳайё Саидова ёзиб олди.

(Суратлар Умид Рўзиевнинг facebook аккаунтидан олинди)

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг