Икки давлат омбудсманларининг ўзаро ҳамкорлиги янада мустаҳкамланмоқда
Маълумки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг мурожаатлар билан ишлаш ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид фаолиятига илғор хорижий тажрибаларни тадбиқ этиш — иш самарадорлигини оширишдаги муҳим омил саналади. Шу нуқтаи назардан Омбудсман Котибияти ходимлари малакасини доимий равишда ошириб бориш, хусусан, иш фаолиятига ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги сўнгги тадқиқот ишлари билан танишиш мақсадида қатор семинар тренинглар ташкил этиб келинмоқда.
Шу каби семинарларнинг навбатдагиси Қозоғистон Республикасининг Нур-султон шаҳрида ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Ф.Эберт номидаги жамғарма билан ҳамкорликда ўтказилан мазкур ўқув машғулотлари «Қийноқ ҳолатларини самарали текшириш ва ҳужжатлаштириш. Истанбул протоколи» ва «Суд жараёнларини мониторинг қилиш» мавзуларига бағишланди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу семинарда Омбудсман Котибияти мутахассислари билан биргаликда Қозоғистон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), «Кадір-қасиет» жамоат бирлашмаси ходимлари, Қозоғистондаги судья, прокурор, адвокатлар, судмедэксперт ходимлари ҳамда қатор фуқаролик жамияти фаоллари иштирок этишди.
БМТнинг Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг қаттиқ шафқатсиз, инсонийликка зид ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциясининг 13-моддасида «Ҳар бир иштирокчи давлат унинг ҳуқуқий тобелигида бўлган исталган ҳудудда қийноқ қўлланилди деб тасдикдайдиган ҳар бир шахсга шу давлатнинг ваколатли ҳукуматларига шикоят қилиш ҳуқуқини ҳамда улар томонидан бундай жиноят тез ва холис кўриб чиқилишини таъминлайди. Даъвогар ва гувоҳларни ҳар қандай шакллардаги унинг шикояти ёки ҳар қандай гувоҳлик кўрсатмалари муносабати билан қўрқитишдан ҳимоя қилишни таъминлаш чоралари кўрилади», — деб қайд этилган. Ушбу конвенцияни ратификация қилган ҳар бир давлат ундаги нормаларни амалда ишлаши учун масъул саналади.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, Қийноқларни олдини олиш бўйича жорий этилган Миллий превентив механизм доирасида пенициар, яъни ёпиқ муассасаларга ўтказиладиган мониторинглар орқали қийноқ ҳолатлари юзасидан келиб тушган мурожаатлар бўйича текширувлар ўтказиш, инсон қадр-қимматини поймол этувчи шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш мумкин. Семинар давомида иштирокчиларга ушбу жараёнларда жисмоний ва психологик қийноқни қўллаш усуллари ва уларни тиббий жиҳатдан ҳужжатлаштириш, қийноқ ҳолатларини аниқлашда фуқаролик жамияти фаолларининг иштироки, маҳкумлар билан суҳбатлар ўтказиш тартиблари, Истанбул протоколи мезонлари бўйича хулосаларни шакллантириш хусусиятлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, БМТнинг Қийноқларга қарши курашиш қўмитасига тайёрланган Қозоғистон Республикаси ҳукуматининг даврий ҳисоботи билан таништирилди.
Ушбу ҳисоботда келтирилишича, Қозоғистон Республикасининг ҳар бир жазони ижро этиш муассасасида маҳкумларга нисбатан қўлланилган қийноқ билан боғлиқ бўлган ҳолатларга тезкорлик билан муносабат билдириш ҳамда уларнинг мурожаат этиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида Омбудсман маъмуриятига интеграллаштирилган электрон Омбудсман қутилари жорий қилинган. Бу эса ортиқча вақт сарфини олдини олиб, мурожаатларни тезда назоратга олиш имкониятини кенгайтирмоқда.
Маълумот ўрнида қайд этиш лозимки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) қутилари республикамиздаги барча жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарига жойлаштирилган. Махкум ва махбуслар мурожаат ташлаши учун қулай жойларга ўрнатилган ушбу қутиларни фақатгина Омбудсман вакили очиш ҳуқуқига эа. Омбудсман қутиларига ташланган аризалар ҳар икки ҳафтада кўриб чиқиш учун олиб кетилади.
Қозоғистон пойтахтида ўтказилган кейинги семинарда иштирокчилар суд жараёнларида мониторинг олиб бориш тартиби, Қозоғистон Республикаси суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, судларда ишларни кўриб чиқиш босқичлари билан танишишди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter