Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ИИВ вазифаларидан бири прокуратурага ўтказилганди. Натижа қандай?

ИИВ вазифаларидан бири прокуратурага ўтказилганди. Натижа қандай?

Фото:«Xabar.uz»

2018 йил 27 июлда ўтказилган селектор йиғилишида давлатимиз раҳбари жиноий - ҳуқуқий статистикани юритиш вазифасини ички ишлар органларидан прокуратурага ўтказиш ташаббусини илгари сурганди.  бунинг қатор сабаблари бор, албатта. Муҳими, бундан пировард мақсад - жиноятчиликка доир статистиканинг ҳаққонийлигини таъминлаш, ҳудудлардаги реал криминоген вазиятни баҳолаш ва прогнозлаш, терговга қадар текширувни амалга оширувчи, суриштирув ва дастлабки тергов органлари фаолияти устидан назорат самарадорлигини ошириш эди. Орадан уч ой ўтиб, мазкур ташаббус амалда ўз ифодасини топди. Яъниким, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 31 октябрдаги “Жиноий-ҳуқуқий статистика тизимини тубдан такомиллаштириш ва жиноятларни тизимли таҳлил қилиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан жиноятлар, уларни содир этган шахслар ва жабрланувчиларнинг ягона ҳисобини юритиш вазифаси прокуратура органларига ўтказилди.

Алоҳида таъкидлаш жоиз, мазкур фаолиятнинг прокуратура органларига ўтказилиши мамлакатда амалга оширилаётган суд - ҳуқуқ ислоҳотларининг ажралмас қисми сифатида кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамият томонидан  ҳақли равишда эътироф этилган.

Прокуратура органлари ушбу ахборот тизимида жиноятларнинг тўлиқ ҳисобга олинишини таъминлаш ва (жиноят ишлари ҳаракатини) назорат қилиш билан бирга, аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича тегишли чоралар қўллаш имкониятига ҳам эга бўлди.

Бош прокуратура томонидан ўтган қисқа даврда:

– собиқ Иттифоқдан мерос бўлган ва қарийб 30 йил давомида воз кечилмаган амалиёт-қоғоз карточка тизимига барҳам берилиб, жиноят ишларига оид барча маълумотларнинг ягона электрон ҳисоби юритилиши тўлиқ йўлга қўйилди;

– прокуратура органларининг электрон базаси барча суриштирув ва дастлабки тергов органлари ҳамда жиноят ишлари бўйича судларга интеграция қилинди (бугунга келиб, идоралар ўртасида маълумот алмашинуви электрон амалга оширилмоқда);

– жиноий - ҳуқуқий статистикани юритиш соҳасида инсон омили минималлаштирилди;

– шахсга нисбатан ушлаб туриш, уй қамоғи, қамоққа олиш, лавозимдан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш процессуал мажбурлов чоралари тизимга дарҳол киритилиши шартлиги белгиланди. Ушланган ёки қамоққа олинган шахс ҳақидаги маълумот тизимга киритилмаган тақдирда, шахс тергов ҳибсхонаси ёки вақтинча ушлаб туриш ҳибсхонасига қабул қилинмаслиги тартиби жорий этилди (мазкур тартиб шахсларни ноқонуний равишда ушлаб турилиши ёки қамоқда сақланишининг олдини олишга хизмат қилади).

Ягона ахборот тизими прокуратура органларининг юқори қувватга эга серверлардан иборат электрон платформасида ишламоқда. Мазкур электрон инфратузилмани шакллантириш ва ундан доимий фойдаланиш прокуратура органлари ходимлари (дастурчилари) томонидан ортиқча харажатсиз, ташқи мутахассислар аралашувисиз таъминланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти куни кеча имзолаган “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда Бош прокуратурага юқорида қайд қилинган дастурга барча терговга қадар текширув органларини улаш ҳамда уни 2021 йил 1 январдан тўлақонли ишга тушириш вазифаси юклатилди.

Тизим фаолияти йўлга қўйилиши оқибатида қуйидаги натижалар кутилмоқда:

– жиноятларни яширишнинг олди олинади, рўйхатга олинган пайтдан бошлаб ҳужжатни кузатиш имкони яратилади, уни ўчириш ёки ўзгартириш истисно этилади;

– ижро интизоми таъминланади (яъни, ҳужжат мазмуни, унинг ижрочиси, ижро муддати ва бошқа зарур маълумотлар тегишли тузилма раҳбари ва назорат қилувчи прокурорга “онлайн” кўриниб туради);

– иш бўйича қарорлар тизимга мажбурий равишда киритилади, уларни ҳужжатларни чақирмай туриб, тезкорлик билан ўрганиш мумкин бўлади;

– соҳага ахборот технологиялари жорий этилади;

– жиноятларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритишнинг республика бўйича ягона тизими йўлга қўйилади;

– мурожаатчининг телефон рақамлари тизимга киритилиб, улар орқали маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш учун тезкор алоқа ўрнатиш имкони яратилади;

– ҳисоботлар инсон омилини истисно этган ҳолда, автоматик тарзда электрон юритилади ва ҳаққонийлиги таъминланади.

Жиноят процесси борасидаги барча ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга, қонунийлик ва адолатни қарор топтиришга қаратилган бўлиб, юқорида қайд қилинган тадбирлар ҳам яқин келажакда ўз самарасини беради.

Латифжон Қаландаров,
Бош прокуратура бошқарма бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг