Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ичишга суви ҳам йўқ давлат қандай бойиди?»: Сингапурнинг рақамли иқтисодиёти ҳақида (иккинчи мақола)

«Ичишга суви ҳам йўқ давлат қандай бойиди?»: Сингапурнинг рақамли иқтисодиёти ҳақида (иккинчи мақола)

Фото: «Pinterest»

Сингапурнинг мақсади рақамли технологияларни шунчаки ривожлантириш билан чекланмайди, ўз тажрибасини экспорт қилишни ҳам режалаштирган (маълумот учун: мамлакат ЯИМнинг учдан икки қисми ташқи бозори ҳисобига шакллантирилади). Сўнгги 4 йилда мамлакат иқтисодиётини рақамлаштириш ва рақобатбардошлилигини ошириш мақсадида ҳукумат 2,4 млрд. Сингапур доллари ($1,68 млрд.) ажратди. Кичик ва ўрта бизнеснинг рақамли имкониятларини оширишга эса — $56,43 млн.

Мамлакатда давлат агентликлари ва технопарклар фирмаларга ривожланишининг турли босиқичларида маслаҳат ёрдамлари кўрсатади. Ахборот-коммуникация технологияларини синовдан ўтказадиган компаниялар қўшимча молиялаштирилади.

Сингапур яқин келажакда рақобатбардош, мамлакат ЯИМнинг 20 фоизигача берадиган саноат секторини барпо этишни кўзлаган. Шундан келиб чиқиб, мамлакат солиқ тизимини ислоҳ қилиб, янада универсал, прогрессив ва адолатли тизимга айлантириш кетмоқда.

Мамлакат пул-кредит бошқарувидаги тартиблар яқинда янгиланди: ташкилотларга инновацион сервис ва технологияларни анча енгиллаштирилган шароитда «синаб кўриш» имкони берилди. Хусусан, чет эл бозорларига учирма бўлаётган Сингапур компанияларини қўллаш учун $423 миллионлик жамғарма ташкил этилган.

Сингапур ялпи ички маҳсулотининг қарийб учдан икки қисми ташқи талаб ҳисобига шакллантирилмоқда — экспортнинг роли ўта муҳим. Мамлакат халқаро шарт-шароитларга мослашиши учун сўнгги ўн йиллар давомида унинг иқтисодий сиёсатига жиддий ўзгартиришлар киритилди.

Муаммолар йўқми?

Сингапур «бир кунда» қурилмаган. Чинакам тараққиётни кўзлаганлар муаммони катта-кичикка ажратмайди — ҳар бири муҳим.

Глобал ўсишидаги сустлик, экспорт йўналишларидаги таркибий ўзгаришлар ва шиддатли технологик янгиланишлар — мамлакат охирги йилларда энг кўп дуч келаётган муаммолар.

Сингапур шуларни ҳисобга олиб эски ҳамкор-давлатлар билан савдони янада эркинлаштириш, қолаверса, ўзи учун янги бозорларга кириб боришга интилмоқда. Хусусан, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари, Хитой ва Ҳиндистон билан алоқалар янада кучайтириляпти.

Яхши қўшничилик муносабатларининг ўзиёқ мамлакат иқтисодиётининг йиллик 2-3 фоизгача ўсишини кафолатлаши сингапурлик стратеглар томонидан ҳисоблаб чиқилган.

«Ақлли миллат»

Сингапурнинг «Ақлли миллат» («Smart Nation») ташаббусига 2014 йил 24 ноябрида бош вазир Ли Сян Лун расман старт берганди.

Ушбу дастур мамлакат қураётган рақамли ёки келажак иқтисодиёти тамойиллари олий ифодаси бўлиб, таъбир жоиз бўлса, уни қурувчи механизмдир.

«Smart Nation» ташаббуси шаҳар-давлатдаги муаммоларга ечим бўлажак инновацион технология тизимлари учун Сингапурни ҳақиқий синов полигонига айлантиради. Масалан, «ақлли» автомобиллар, телемедицина лойиҳалари ва бошқалар.

Биринчи мақолада Андижон ва Тошкент мисолида Сингапурда аҳоли ўта зич яшашини қиёслашга ҳаракат қилгандик. Аммо «зичлик» сингапурликлар яхши яшаши йўлида тўсиқ бўлаётгани йўқ. Қандай уддалашяпти?

Шаҳарни янгилашни аввало бутун Сингапур бўйлаб «ақлли» камералар ўрнатишдан бошлашди, «Ақлли миллат» дастури мутахассисларига биринчи навбатда уй-жой, соғлиқни сақлаш, транспорт тармоғидаги муаммоларни ҳал этиш вазифаси юкланди.

Уй-жой

Маълумотларга кўра, Сингапур аҳолисининг 80 фоизи давлат қуриб берган шинам ва ҳамёнбоп хонадонларда яшайди.

Мисол: Юхуа туманидаги даҳалардан бири тўлиғича «ақлли» сенсорлар кузатуви остида. Электр энергияси, сув ва бошқа коммуникациялар реал вақт тартибида назорат қилиб борилади ва харажатлар оптималлаштирилади. Яъни ҳеч ерда ортиқча лампочка ёниқлигича ёки крандаги сув очиқлигича қолиб кетмайди. Яна биринчи мақолага қайтамиз: ўзида йўқлиги боис Сингапур ичимлик сувини тўлиқ қўшни Малайзиядан келтиради — сувнинг томчисигача валюта.

Юхуада чиқиндиларни бошқаришнинг вакуум тизими ҳамда ўз энергиясини қуёш батареяларидан олиш ҳам йўлга қўйилган. Қолаверса, юқоридаги сенсорлар ресурсларга сарфланган маблағларни ҳисоблаб, аҳолига маиший харажатларни қандай тежашни ҳам маслаҳат бериб боради.

Бу «Smart Nation» доирасидаги саноқсиз лойиҳалардан биргина мисол, холос.

Соғлиқни сақлаш

Аҳолининг қариши, кексалар учун давлат харажатларининг ошиб бориши — аксарият тараққий этган мамлакатлар олдида турган глобал муаммо.

Сингапур — ёшлар кексаларни улуғлайдиган, фарзандлар ота-она учун масъулиятни биринчи ўринга қўядиган мамлакат. Шунинг учун ишидан-да воз кечиб, кекса ота-онасига қарашга кетаётганлар меҳнатга яроқли аҳоли орасида кўпайиб боряпти. Сингапур соғлиқни сақлаш тизими олдидаги биринчи масала — айнан кексалар.

Беш-олти йил аввал мамлакатда кекса фуқароларни кузатиш тизимини синовдан ўтказишни бошлашди. Хонадонларга кексалар ҳаракатини тинмай кузатадиган камералар ўрнатишди. Тизим биронта шубҳали ҳолатни сезса (йиқилиш ёки узоқ вақт ҳаракатсизликка ўхшаш) дарҳол яқин қариндошлар ёки тиббий тез ёрдамни огоҳлантиради.

Тизим технологиялари синовлари харажатларини давлат ўз бўйнига олади, кейинчалик истовчилар уни ўз ҳисобларидан ўрнаттириб фойдаланишлари мумкин.

«Smart Nation» тамойилига кўра, давлат барча синовлар учун харажатни кўтаради, тизимни тайёр ҳолатга келтиради, кейин эса хусусий тадбиркорларга бериб юборади.

Соғлиқни сақлаш тизимидаги рақамли ислоҳотлардан яна бир муҳим йўналиш — телемедицина (шифокор билан масофадан боғланиш) тизими. 2014 йилдан бошлаб шифохонада даволаниб чиққанларнинг айримлари синов тариқасида тикланиш жараёнини уйларида давом эттиришни бошлашди. Бемор шифокордан маслаҳат олиши учун видеоалоқа ташкил этиб берилади.

Транспорт

Сингапур йўлларида жаҳонда биринчилар қаторида ҳайдовчисиз автомобиллар ва автобуслар синовдан ўтказилган.

2016 йилдан шаҳар кўчаларида ҳайдовчисиз автобуслар қатнови синовлари бошланди.

«Ақлли» сенсорлар транспорт тизимига ҳам ёрдамга келди: жамоат транспорти ҳаракатланиши тинмай кузатиб борилиши ва юзага келган муаммолар вақтида бартараф этилиши йўловчиларнинг бекатларда кутиш вақтини ўртача 3-5 дақиқагача қисқартирди.

2020 йилдан Сингапурда барча ҳайдовчиларга ўз машиналарига навигация тизими ўрнатиш мажбурияти қўйилди. Ҳар бир машинанинг ҳаракатланиши реал вақт тартибида кузатиб борилади. Олинган маълумотлар йўллардаги муаммолар (хусусан, «пробкалар» ҳосил бўлиши, авариялар)ни бартараф этишда муҳим. Ҳайдовчиларга ҳам қулай: парковга ёки пулли йўллардан фойдаланилганда тўлов автоматик равишда амалга ошади, қолаверса, йўллардаги вазият ҳақида олдиндан маълумот олишади.

Виртуал Сингапур (ягона экотизим)

Юқорида саналган уй-жой хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва транспорт соҳаларидаги ташаббуслар биргаликда ягона экотизимни ташкил этади — «Virtual Singapore». Шаҳар ҳақидаги барча керакли маълумотлар: квартиралар ўлчамлари, деразалари қай ҳолатда жойлашган — сантиметригача аниқликда ва қандай материалдан ясалган, барчаси Виртуал Сингапурда тўпланади.

Автомобиллар ҳаракатланиши ва зичлиги, пиёдалар оқими зичлиги, сув ва электр сарфи, шаҳар мавзеларидаги шовқин даражаси, ҳатто нафас оладиган ҳавонинг сифатигача барча маълумотлар ушбу экотизимда тўпланиб, юзага келган муаммоларнинг ечимини топишга дарҳол киришилади.

«Ақлли миллат» дастури мослаштириб берилади

Сингапур тараққиётининг муҳим жиҳатларидан бири унинг жуғрофий жойлашуви. Бу шаҳар-давлатда технологияларни ривожлантириш масаласи туманлар раҳбарлари билан келишиб ҳам ўтирилмайди. «Smart Nation»дан мақсад аслида шу — келажак шаҳарига айланиш.

Албатта, Сингапур тажрибаларини шундоққина олиб бориб, бошқа бир мамлакатда татбиқ этиш жуда мураккаб иш. Аммо қойил қолмасликнинг иложи йўқ: Сингапур исталган соҳадаги тажрибасини мослаштириб беради, тайёр сервис ёки хизмат экспорт қилинади. Мамлакат ҳукумати ўз маълумотларини очиқлаб, хориждан мустақил экспертларни жалб этишга тадорикни ҳам аллақачон бошлаб юборган.

«Катта оға»

Ҳаммаёқда камералар, сенсорлар, босилган қадам кузатув остида — «1984» асарини, «Катта оға»ни эслатиб юбормаяптими?

Сингапурликларни бу масала ўйлантиргани ҳам йўқ. «Google»га шахсий маълумотни тақдим этгандан кўра, ишончингни қозонган ҳукуматингга керакли маълумотларни берганинг чандон хавфсиз. Бунинг устига ҳукуматнинг ўзи шаффоф бўлса.

Дарвоқе, Сингапур коррупциядан холилик рейтинги (Corruption Perceptions Index 2020)да жаҳонда 3-ўринда. Рейтингдаги қўшнилари: Дания (1-ўрин), Янги Зеландия (2), Финляндия, Швеция ва Швейцария (3, Сингапур билан бир хил кўрсаткич). Шу ердаям мантиқий изчиллик.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг