Huawei рақамли трансформацияни тезлаштириш учун Ўзбекистондаги ҳамкорлик экотизимини мустаҳкамлайди
2023 йил 24 август куни Huawei компанияси ҳамкорлари CA Distribution ва Marvel Uzbekistan билан ҳамкорликда Partner Summit 2023 ни ўтказди. Ҳар йили ўтказилувчи тадбир АКТ соҳасидаги глобал ва маҳаллий тенденцияларни, ҳамкорлик бизнесини ривожлантириш истиқболлари, Huawei технологик ечимлари ва Ўзбекистоннинг рақамли трансформациясини жадаллаштириш учун уларни қўллаш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида Huawei Enterprise’нинг Ўзбекистондаги тизим интеграторлари ва дистрибюторлик ҳамкорларини бирлаштиради.
«Grow Together, Win the Future» шиори остида ўтказилган ҳамкорлик саммити қўшма рақамли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида маҳаллий IT бозори иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш учун анъанавий платформага айланди. Тадбирда Huawei корпоратив бўлимининг юқори мартабали раҳбарлари янги маҳсулот ва технологиялар, кенгроқ соҳа йўналишлари ҳамда маҳаллий ҳамкорлар учун бизнес имкониятлари ҳақида умумий маълумот бериб ўтди. Саммит иштирокчилари IT-менежерлари ва мутахассислари, муҳандислар, менежерлар ва АКТ инфратузилмасини қуриш билан шуғулланувчи ихтисослашган компаниялар эгаларидан иборат эди. Тадбирда мамлакатимизда рақамли кадрлар тайёрлашда ҳамкор бўлган олий таълим муассасалари вакиллари ҳам иштирок этди.
Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Чен Цзякай ўзининг нутқида компаниянинг мамлакатда қулай экотизим яратиш борасидаги ютуқлари ва бизнесни ривожлантириш режалари ҳақида гапириб берди. «Рақамли инфратузилмага инновацияларни жорий этиш, илмий-тадқиқот ва ишланмаларга узлуксиз сармоя киритиш, шунингдек, таълим соҳасини қўллаб-қувватлаш Ўзбекистондаги мижозлар ва ҳамкорлар билан АКТ технологияларини турли соҳалар билан чуқур интеграция қилиш учун яқин ҳамкорлик қилиш имконини беради. Бизнинг мақсадимиз рақамлаштиришни жадаллаштириш, рақамли иқтисодиётни рағбатлантириш ва биргаликда ҳаётнинг барча қатламлари учун янги қиймат яратишдир», — деди Чен Цзякай.
Саммитнинг асосий мавзуларидан бири рақамли трансформациянинг давлат хизматларининг одамларга эътиборини оширишга таъсири бўлди. Huawei EBG Глобал бўлимининг давлат сектори ечимлари бўйича бош илмий мутахассиси жаноб Хун Ен Кох хорижий мамлакатларда рақамли стратегияларни амалга оширишнинг муваффақиятли мисолларини тақдим этди, шунингдек, БМТнинг электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича глобал рейтингида (69-ўрин) ўринлар ортганини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда электрон ҳукумат қуриш борасида эришган ютуқларини қайд этди. Унинг таъкидлашича, рақамли трансформация муваффақиятига тўғри олиб борилган сиёсат, иқтисодий шароитлар, рақамли технологиялардан фойдаланиш ва рақамли саводхонлик каби соҳаларда мамлакатдан мамлакатга фарқ қилувчи кўплаб муҳим омиллар таъсир кўрсатади. Булутли ҳисоблаш, сунъий интеллект, катта маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш тизимлари, маълумотларни узатишнинг илғор технологиялари асосида маҳаллий «технологик экотизим»ни барпо этиш ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Тадбирда Huawei компаниясига 3 йилдан буён ҳамкор бўлиб келган Marvel Uzbekistan компанияси бош менежери Андрей Пак сўзга чиқди. У ҳамкорлик давомида Ўзбекистон бозорининг турли тармоқларида, шунингдек, Мўғулистон, Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларида қатор лойиҳалар амалга оширилганини таъкидлади. «Huawei билан биргаликда биз жадал инновациялар жараёни билан шуғулланмоқдамиз. Бир қарашда, бу жараёнларда турли экотизим иштирокчиларининг иштироки оддий одамга сезилмаслиги мумкин, бироқ компанияларимиз ўртасидаги ўзаро ёрдам жамиятнинг кундалик муаммоларини ҳал этиш учун Ўзбекистон бозорига энг янги технологияларни илгари суриш жараёнини йўлга қўйиш имконини беради» – дея таъкидлаб ўтди.
CA Distribution директори Михаил Циплаков ўз нутқида компаниянинг келгуси йиллардаги устувор йўналиши барча соҳаларда ўз ҳамкорларини – pre-sales ва post sales гуруҳларини техник қўллаб-қувватлаш, қўшма маркетинг тадбирлари ва дастурлари, ҳамкор ходимлар, мижозлар, шунингдек, ёш мутахассислар, энг янги маҳсулотлар учун кўргазмали намуналар мавжудлигини кенгайтириш, тезкор етказиб бериш учун омборларда энг кўп талаб қилинадиган ва муҳим ускуналар мавжудлигини қўллаб-қувватлаш ҳажмини ошириш ҳақида сўзлаб ўтди. «Биз ҳали ҳам соҳа мутахассисларининг техник тайёргарлиги даражасини асосий вазифа деб биламиз, биз ҳамкорларимиз билан келгуси йилларда бу соҳага кўп вақт ва ресурсларни ажратамиз», — дея қўшимча қилди Михаил Циплаков.
Бугунги кунда Huawei бутун дунё бўйлаб 30 000 дан ортиқ корпоратив ҳамкорлар, жумладан савдо ҳамкорлари, ечим бўйича ҳамкорлар, хизмат кўрсатиш операциялари бўйича ҳамкорлар, истеъдодлар альянслари, сармоявий ва молиялаштириш бўйича ҳамкорлар, саноат ташкилотлари ва саноат ҳамкорлари билан алоқаларни давом эттиради. Бутун жаҳон бозорида Huawei қулай экотизимни яратиш учун ҳамкорларни ривожлантириш, етиштириш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш дастурларига сармоя киритишда давом этмоқда.
Шунингдек, компания Seeds for the Future ташаббуси орқали маҳаллий рақамли технологиялар истеъдодларини ривожлантиришга, маҳаллий университетлар билан таълим лойиҳаларини амалга оширишга, АКТ танловларини ўтказишга ва АКТ Академиялари негизида кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратмоқда. Шундай қилиб, жорий йилнинг сентябрь ойида Seeds for the Future 2023 йиллик таълим лойиҳаси бошланади, унда Ўзбекистоннинг 7 та олий ўқув юртидан 15 нафар талаба иштирок этиши кутилмоқда. Лойиҳа Huawei компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси кўмагида Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter