Huawei Ўзбекистондаги ўтган йил натижалари билан ўртоқлашди ва 2022 йилга мўлжалланган режаларини эълон қилди
2022 йилнинг 7 май куни Huawei компанияси Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакиллари учун компаниянинг ўтган йилдаги фаолияти ва 2022 йилга мўлжалланган режалари билан танишиш мақсадида пресс-брифинг ўтказди.
Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида компаниянинг 2021 йилдаги фаолияти билан танишиш мақсадида пресс-брифинг бўлиб ўтди. Журналистлар янги бош директор жаноб Чен Сзякай билан таништирилди, у 2022 йил март ойи охиридан бошлаб компания раҳбари лавозимида иш бошлади.
«Huawei компаниясининг Ўзбекистонда журналистлар билан брифинглар ўтказиш, фаолияти натижалари ва истиқболдаги режалари билан ўртоқлашиш яхши анъанага айланганидан хурсандман. Бугун, Алоқачилар касб кунида сиз билан учрашув ташкил этиш имконига эга бўлганим учун ўз миннатдорчилигимни изҳор этишга ва сизларни ушбу байрам билан табриклашга ижозат беринг. АКТ технологиялари ҳаётнинг ҳар қандай соҳаси, турли саноатлари ва йўналишлари ривожланишининг ажралмас қисмига айланди. АКТ мутахассисларининг мамлакат инфратузилмасини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси эса келажакнинг барқарор ривожланишига катта ҳиссадир», — деди Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги директори Чен Сзякай.
Брифингда Huawei компанияси 2021 йилда телекоммуникацияларни ривожлантириш соҳасида компания иштирокида амалга оширилган ва ишга туширилган лойиҳаларнинг қисқача тавсифини тақдим этди, шунингдек, таълим ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича ижтимоий лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Масалан, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Миллий тадқиқот университети ҳамда «Ўзтелеком» миллий алоқа оператори билан ҳамкорликда 5G технологиялари, интернет асосида бошқарув, мониторинг ва маълумотларни қайта ишлаш тизимларидан фойдаланган ҳолда «ақлли» қишлоқ хўжалиги лойиҳаси амалга оширилди. Мазкур лойиҳа қишлоқ ва сув хўжалигига инновацион технологияларни жорий этиш орқали табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экинлар мониторинги самарадорлигини ошириш имкониятларини намойиш этади.
Шунингдек, ушбу лойиҳа 2020 йилда ишга туширилган «GreenUzbekistan» ташаббусининг бир қисмига айланди.
«GreenUzbekistan» ташаббуси доирасида Huawei иккита эколойиҳага қўшилди: Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг «Green Aral Sea» ва «Юксалиш» миллий ҳаракати томонидан бошланган «Бир миллион дарахт» лойиҳаси».
Икки йил давомида « Green Aral Sea» лойиҳаси доирасида Орол денгизи тубини ободонлаштириш учун 30 минг туп саксовул кўчати харид қилиш ва экишга кўмак берилди ҳамда «Юксалиш» компанияси билан ҳамкорликда Болалар миллий тиббиёт маркази, «Дўстлик» боғи ҳудудига ва Бўстонлиқ тумани Қоранкўл қишлоғи яқинида кўчатлар ўтқазилди.. Huawei атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича корпоратив ижтимоий масъулиятни амалга ошириш орқали Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшишда давом этиш ниятида.
Барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишларидан бири ҳам таълим соҳасидир. 2021 йилда Huawei «Seeds for the Future» глобал ўқув лойиҳасини ўтказди, у ерда Ўзбекистоннинг IT йўналишидаги олий ўқув юртларидан 25 нафар талаба иштирок этди. Лойиҳа иштирокчиларига АКТ технологиялари соҳасидаги билимларини ошириш, илғор технологиялар бўйича халқаро экспертларнинг маърузаларини тинглаш, бошқа мамлакатлар иштирокчилари билан маданий қадриятлар алмашиш, Хитой анъаналари ва маданияти билан танишиш имконини берди. Жорий йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон талабалари учун саккизинчи лойиҳа бўлиб ўтади.
Ўтган йили шунингдек, ўрта ва халқ таълими соҳаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳалар ҳам амалга оширилди. Шу тариқа, Тошкент шаҳридаги 59-мактабда хитой тилини энг мукаммал эгаллаган учун стипендия танлови ташкил этилди ва жорий йил бошида Дунган қишлоғидаги 42 -мактабнинг иккита синф хонасида моддий-техник базаси янгиланди.
Тузилган меморандумнинг доирасида 2022 йилда компания маҳаллий алоқа операторлари ва ҳамкорлари билан АКТ инфратузилмасини мустаҳкамлаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирган. 2022 йил март ойида Барселонада бўлиб ўтган Бутунжаҳон мобил конгрессида АКТ вазирлиги билан меморандум имзоланган бўлиб, у кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, консалтинг ёрдамини кўрсатиш ва Ўзбекистонда электрон ҳукумат, сунъий интеллект ва БПОни ривожлантириш мавзуларида «Оқ китобларни» ишлаб чиқиш , шунингдек, қўшма ижтимоий лойиҳани амалга оширишни назарда тутган.
Ўз навбатида, HuaweiConsumer бўлими Ўзбекистон бозорига бу йили смартфон, ноутбук , планшетлар, мобил кенг полосали қурилмалар каби бир қатор янгиликларни тақдим этади. Улар HUAWEI қурилмалари ўртасида яхшиланган ақлли ўзаро алоқани яратиш ва Ўзбекистондаги фойдаланувчилар учун янги тажриба тақдим этиш имкониятига эга.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter