Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Huawei» АҚШга қарши савдо урушида уддабуронликка қўл урди

«Huawei» АҚШга қарши савдо урушида уддабуронликка қўл урди

Фото: «BetaNews»

Хитойнинг «Huawei» компанияси савдо-сотиқни лоббилаш учун «Sidley Austin» юридик фирмасини ёллади. Негаки, АҚШ уни қора рўйхатга киритиб, худди шу чорани кўришларини талаб қилиб, унинг иттифоқчиларига ҳам босим ўтказяпти, деб ёзмоқда «Bloomberg».

Лоббилаш экспорт назорати, савдо чекловлари ва «миллий хавфсизлик билан боғлиқ» бошқа йўналишлар билан боғлиқ бўлади, деб ёзади агентлик «Huawei» ва «Sidley Austin» АҚШ сенатига тақдим этган ҳужжатларга таяниб. «Bloomberg»нинг таъкидлашича, вазият «Huawei»нинг «Sidley Austin» билан алоқалари чуқурлашиб бораётганини кўрсатмоқда. Фирма лоббилашни оширишдан ташқари, АҚШда Хитой компанияси номидан ҳуқуқий даъволарни олиб бормоқда.

«Huawei» май ойида, АҚШ ва Хитой савдо уруши айни авжига чиққан бир паллада Американинг қора рўйхатига тушиб қолди. АҚШ ҳукумати компанияни Хитой махсус хизматлари билан ҳамкорликда гумон қилиб, ушбу чора АҚШ миллий хавфсизлиги манфаатларидан келиб чиқиб қўлланаётганини маълум қилганди. Қора рўйхатга киритилган «Huawei» билан ҳамкорлик қилиш учун АҚШ компанияларидан ҳукуматнинг махсус рухсатномаси талаб қилина бошланди.

Хитой компаниясининг асосий ҳамкорларидан бири — «Google» биринчи бўлиб «ўйин»дан чиқди. Оқибатда «Huawei»га андроид операцион тизимисиз қолиш хавфи пайдо бўлди — компаниянинг Хитойдан ташқарида сотилаётган барча смартфонларига айнан шу тизим ўрнатиб келинган. Бу ўз-ўзидан «Play Market» дастурлар дўкони, «Chrome», «YouTube» каби муҳим воситалардан маҳрум бўлишни англатарди.

Июнь охирида АҚШ ва Хитой етакчилари Дональд Трамп ва Си Цзиньпин G20 саммитида муваққат сулҳга келишишди: Трамп «Huawei»дан тақиқловларни олиб ташлаш масаласини ўйлаб кўришини айтди. Бироқ июль охирида икки мамлакат муносабатлари яна кескинлашиб кетди ва ваъда ваъдалигича қолиб кетадиганга ўхшаб турибди.

АҚШ ҳукумати ҳозирча ўз компанияларига на  «Huawei», на бошқа Хитой компаниялари билан ҳамкорликни қайтадан бошлашга рухсат берган эмас.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг