Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳомиладорлигимни айтдим. Шундан кейин мен билан умуман боғланишмади» — Ҳомиладорлиги сабаб ишга олинмаган аёл ҳикояси

«Ҳомиладорлигимни айтдим. Шундан кейин мен билан умуман боғланишмади» — Ҳомиладорлиги сабаб ишга олинмаган аёл ҳикояси

«Исмим Муниса. Университетда 4-босқичга ўтганимда нодавлат ташкилотида иш бошладим. Раҳбар билан юзма-юз суҳбатдан муваффақиятли ўтдим. Жамоа жуда яхши қабул қилди. Вазифам юзасидан фақат раҳбар билан бевосита ишлар эдим. Ёши катта бўлса ҳам ёшларни тушунадиган, қадрлайдиган ва ёшлар таклиф қиладиган ҳар қандай янгиликни қувонч билан қабул қиладиган инсон билан ишлаш ўзимга ҳам ёқар, шижоатимни рағбатлантирар эди. Ишга қабул қилинганимда шартномага кўра 9 ой ишлашим керак эди (Нодавлат ташкилоти грант ютиб олади, шу грант тугагунга қадар масъул ходимларни ишга қабул қилади). Лекин жамоа мени қўйиб юборгиси келмади, бир лойиҳа тугамасдан янгисига қўшиб қўяверишди. Шу тарзда 2 ярим йил шу ерда ишладим.

Бу орада турмушга чиқдим. Янги оилам, магистратурадаги ўқиш ва ишимни бирдай олиб кета олишим керак эди. Ҳомиладор бўлгунимгача ҳеч бирида муаммо туғилмаган. Токсикоз бошланганда қийинчилик ҳам бошланди. Тоза ҳаво тополмай қийналардим. Аксига олиб ишхонамда ошхона офис ичида, мен ўтирадиган хона билан битта эшик ажратиб турар эди холос. Кўпинча уйдан ишлашга рухсат оладиган бўлдим. Аммо бу ишим сифатига таъсир қилди. Ҳомиладорликкача учта лойиҳада ишлар эдим. Сизни кўп уринтирмайлик деб битта лойиҳада қолдиришди. У эса бир ойдан кейин тугар эди. Тугамасидан олдин ўзим ариза ёзиб кетдим. Нимагадир шунақа қилишни хоҳладим.

Бир ойга яқин уйда қолдим. Бу пайтда токсикоз тўлиқ ўтиб кетган ва жуда яхши ҳолатда эдим. Янги иш қидира бошладим. Давлат ташкилотида ишлаб кўришни истаб «Миллий тикланиш» партияси ўтказаётган кастингга бордим. Кичкина маош таклиф қилинаётган бўлса ҳам (нодавлат ташкилотида бу ерда таклиф қилинган маошдан 3-4 баробар кўп олганман) рақобатчилар кўп ва кучли эди. Белгиланган вақтда партия раҳбари номидан нутқ ёздик. Эртаси куни қўнғироқ қилиб мен энг юқори бал билан ўтганимни айтишди. Бироздан сўнг шу партияданман деб аёл киши қўнғироқ қилди ва яқинда турмуш қурган экансиз, ҳомиладор эмасмисиз мободо деб сўради. Ҳомиладорлигимни айтдим. Шундан кейин мен билан умуман боғланишмади. Ўзим ҳам қайта сўрашни истамадим. Яна бир қанча ишларга ҳомиладорлигим туфайли қабул қилинмадим. Янги очилган телеканалга ишга таклиф қилишди. Ҳеч ким ҳомиладормисиз деб сўрамади, ўзим ҳам айтмадим ва шу ерда иш бошладим. Ҳомилам 8 ойлик бўлгунига қадар ишладим. Ишхонам туғгунимгача ва ундан кейин ҳам онлайн ишлашни таклиф қилди. Маошим олдингидан катта фарқ қилмаслигини ваъда қилишди. Лекин биринчи марта оналик мақоми берилаётгани учун ҳамма эътиборимни фарзандимга беришни хоҳладим».

Умри давомида деярли барча аёл юзлашадиган жараёнлар қаторида никоҳ, ҳомиладорлик, шунингдек, таълим олиш, меҳнат қилиш кабилар бор. Ушбу воқеа-ҳодисалар бир-бирини чеклашга асос бўлмаслиги, инкор ва рад этмаслиги инсоннинг базавий ҳуқуқлари қаторидадир. Бироқ, афсуски, ҳар йили миллионлаб аёллар айнан ҳомиладорлик деб аталувчи табиий жараён важида меҳнат қилиш ҳуқуқидан сунъий тарзда мосуво қилинади, яъни ҳар йили иш берувчи қабулига иш сўраб кирган шунча ҳомиладор аёлнинг сўрови рад этилади.

Бу ҳолатлар нафақат иқтисодий-ижтимой масалаларда қолоқ ёки ривожланаётган мамлакатлар, балки ривожланган дунёнинг етакчи давлатларида ҳам кенг учрайди. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ўрганишлари натижасига асосланадиган бўлсак, 2012 йил кўрсаткичларига кўра, Италияда камида 800 000 аёл ишчи ҳомиладор бўлгани учун истеъфога чиқишга мажбур бўлганини хабар қилган. Хусусан, кўп ҳолларда улар ишга қабул қилинганда санаси кўрсатилмаган истеъфога чиқиш хатларига имзо чекишга мажбур бўлишган. Хатлар компаниялар уларни ишдан бўшатишни хоҳлаганларида ишлатилган. Халқаро Меҳнат Ташкилотига кўра, 70 га яқин давлат ХМТнинг оналикни ҳимоя қилишга доир учта конвенциядан камида биттасини ратификация қилган (1992 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси ХМТнинг тўла ҳуқуқли аъзоси бўлди). Аммо ҳақиқат шундаки, кўплаб ҳомиладор аёллар ва янги оналар иш жойларида ҳали ҳам ҳимоясизлигича қолмоқда.

Ўзбекистон ҳудудида ҳам мазкур муаммо, афсуски, актуал. Буни янгиланган Конституциянинг қабул қилиниши олди референдум тарғибот роликлари таркибидан ҳам пайқаш қийин эмас. Бир нечта йўналишларда ишлаб чиқилган махсус роликлар мавзулари орасида ҳомиладор, яқинда оила қурган ёки ёш фарзандли аёлларнинг ишга қабул қилинишидаги муаммолар акслантирилган тасвирлар ҳам мавжуд. Бу биз илгари сураётган гипотезани асослаш учун ортиқча ҳожат ҳам йўқлигини исботлайди.

Ҳомиладорлик пайтида меҳнат қилишга тўсқинлик қилиш ҳуқуқий томонлама қонунга зид саналади. Ҳомиладор ходимни ишга олиш ходимнинг нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки психологик фаровонлиги учун ҳам муҳим. Бу ҳақида психолог Сарвиноз Омонова шундай фикр билдиради:

— Ҳомиладорлик даври аёлларда гормонал ўзгаришлар туфайли содир бўладиган психологик ўзгаришлар: таъсирчанлик, тез жаҳл чиқиши, кайфият ўзгарувчанлиги ва ҳоказо ҳолатларга олиб келиши ҳаммага маълум. «Бундай пайтда аёллар ишини яхши қилолмайди, шунга ишга олмаганим мақул» дейдиган раҳбарлар ёки рафиқасининг ҳомиладорлик даврида ишлашини истамайдиган эркаклар учраб туради. Бироқ масаланинг шу тарафи бор: Ҳомиладорлик пайтида баъзи аёлларнинг эмоционал ҳолати ностабил бўлиши мумкин, лекин уларнинг ўзи стабиллик ҳиссига муҳтож бўлади. Нега?

Мамлакатимизда аёллар одатда турмуш қуриши биланоқ ҳомиладор бўлиши кўп кузатилади. Ҳали жуфти билан, баъзида эса унинг оила аъзолари билан бирга яшашга мослашиш қийинчиликлари бор. Бу мослашув жараёни энди бошланиши билан ҳомиладорликка қадам қўйишади. Энди аёл нафақат «рафиқа», «келин», балки «она» мақомини олиши керак. Она бўлиш арафасида у турли-туман қийин ҳисларни бошдан кечириши мумкин:

  • Ҳали олдинда қандай масъулият ва қийинчиликлар кутиб турганини билмагани учун хавотир;
  • Бошқаларнинг туғруқ билан боғлиқ қийинчиликларини эшитгани учун қўрқув;
  • Танаси ва ташқи кўринишида бўлаётган ўзгаришларнинг қай даражада бўлиши хавотири;
  • Бўш вақт ва эркинлик кўп бўлган «эски» ҳаёти ортда қолаётгани учун қайғу ва ҳоказо.

Бундай ўзгаришлар пайтда аёл одатдаги ҳаётига оид нарсаларни сақлаб қолса, бу унга хотиржамлик, стабиллик ҳиссини бериши мумкин. Ўрганган, қизиққан, севган ишини давом эттириш — бу ҳисларни бера олади. Аёл турмуш қуриш ва ҳомиладор бўлиш туфайли анча ўзгаришлар бўлаётган чоғда, тағин ишсиз қолса — унинг руҳий ҳолати оғирлашиши мумкин. Шу сабабли ҳомиладорлик пайтида аёлнинг ишлашига нафақат тақиқ қўймаслик шарт, балки қулай шароитлар яратишда кўмаклашиш лозим.

Бундан ташқари, аёлнинг даромади оилавий бюджетда анчагина салмоқли бўлиши мумкин. Фарзандли бўлишнинг янги харажатлар манбаси яратишини ҳисобга олсак, аёлнинг ишлашдан маҳрум бўлиши — иқтисодий вазият билан боғлиқ хавотирлар пайдо қилади ва табиийки ҳомиладорлик даврининг стрессли кечишига сабаб бўлиш эҳтимоли бор.

Оилада ҳар қандай вазият бўлиши мумкин: эр-хотин зиддиятда, ажрашиш арафасида ёки ажрашган бўлиши мумкин. Эр баъзи сабабларга кўра ишлолмаётган ёки даромади камайган бўлиши мумкин. «Хотин ишлаши шарт эмас, эри таъминлайди» деган важ билан ҳомиладор аёлларни ишдан узоқлаштирмаслик лозим. Бу сабаблар чет турсин, аёл киши ўзи истаса ва етарли малакаси бўлса, уни ишга олмаслик ёки ишдан бўшатишга уриниш кабилар бўлмаслиги керак. Аёл молиявий мустақил бўлса, иқтисодий ва ҳиссий қарам бўлмайди — бу эса эр ва хотин ўртасида психологик жиҳатдан соғлом муносабатлар шаклланишига имкон беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат статистика агентлиги маълумотларига асосланадиган бўлсак, 2023 йил 1-январ ҳолатига кўра мамлакатда хотин-қизлар сони 17,896,369 тани ташкил этиб, ушбу таркибнинг қарийб 27 фоизи 18-34 ёшлилар, яъни тахминий оила қуриш ва фарзанд тарбияси ёшидаги аёллар улушига тўғри келади.

 

«Facebook» ижтимоий тармоғининг «Маслаҳат» очиқ гуруҳида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра, «ҳомиладор ёки яқинда оила қурган бўлганлигингиз учун ишга киришда, умуман, меҳнат фаолиятида қийинчиликларга дуч келганмисиз ёки шундай муаммоларга дуч келган яқинингиз/танишингиз борми? (ишга олишга қаршилик, ишга олишда пора беришга мажбур бўлиш, ишдан кетказишга уриниш каби босимлар)» мазмунидаги саволга сўровнома иштирокчиларининг (сўровномада 130 киши иштирок этган) 49 фоизи «ҳа, дуч келганман» дея жавоб беришган.

Пост остида келтирилган изоҳлар остида «шахсан ўзим шундай ҳолатга дуч келганман», «ҳомиладорлигимни билгач мажбуран ариза ёздиришган», «бир танишим декрет пулини талаб қилмаслик шарти билан ишга кирган» каби фикрларни учратиш мумкин. Муаммо эса, агар у биттагина кишида учрагудек бўлса ҳам, актуалдир.

Постлар остида мана бундай изоҳлар ҳам учрайдики, уларни рад этиш, ижобий ҳолатларга кўз юмиш имконсиз. Шунингдек, ҳар бир ҳолат индивидуал бўлиб, аёлнинг ишга жойлаша олиш ёки олмаслиги иш берувчининг ва ишга қабул қилинувчининг қадриятлари, принсиплари, иш жойининг иқтисодий-ижтимоий ҳолатига бевосита боғлиқ.

Хулоса қилиб айтганда, ҳомиладор аёлнинг меҳнат фаолиятини амалга оширишида тўсиқларнинг мавжудлиги фақатгина ижтимоий-иқтисодий ва психологик нуқтаи назардангина салбий аҳамият касб этиб қолмай, балки ҳуқуқий жиҳатдан ҳам қонунга зиддир. Хусусан, Янги таҳрирдаги Конститусиянинг 42-моддасида ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланиши белгилаб қўйилган. Бу каби муаммоларга дуч келган аёлларга дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилиш тавсия этилади.

Дилбар Эламанова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг