Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳокимликлар билан келишилади... » – таълим муассасаларида ўқиш эртадан бошланиши айтилмоқда

«Ҳокимликлар билан келишилади... » – таълим муассасаларида ўқиш эртадан бошланиши айтилмоқда

Бироз аввал Андижон ва Хоразм вилоятларида айрим таълим муассасалари учун ўқув жараёнлари бошланиши ҳақида хабар берган ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг жорий йил 5 январдаги «ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши даврида аҳоли ўртасида, айниқса таълим ташкилотларида мавсумий грипп касаллигининг кескин кўпайишининг олдини олиш мақсадида олий ва профессионал таълим муассасалари, академик лицей талаба-ўқувчилари учун қишки таътил муддатини 18 январга қадар узайтириш» ҳақидаги хавотирли чиқиши расман бекор қилинмаётгани савол остига олинган эди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, ниҳоят, расман 2023 йил 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланиши ҳақида маълум қилди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёни билан ОТМ, техникум, коллеж, касб ҳунар мактаблари ва академик лицейларда ўқув жараёнини маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда ташкил этиш тавсия этилди.

Шунингдек, ушбу жараёнларни белгиланган тартибда амалга ошириш мақсадида ҳар бир таълим муассасасида:

  • кеча-ю кундуз фаолият олиб борадиган, малакали мутахассислардан иборат «Штаб» ташкил этилади;
  • аномал совуқ бўлиши кутилаётган 10-18 январ кунларида барча таълим муассасаларида ҳар қандай мажлислар (жумладан, ZOOM шаклида ҳам), тадбирлар, масъулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи бошқа йиғилишлар ўтказиш таъқиқланади;
  • таълим муассасалари биноларининг иссиқлик тизимларини барқарор ишлаши таъминланади.

Шунингдек, таълим муассасалари раҳбарлари ва тегишли маҳаллий ҳокимликлар талаба-ўқувчиларни хабардор қилиш, уларни ОТМ жойлашган ҳудудга етиб келишини таъминлаш ҳамда мазкур жараёнларни шахсан назоратга оладилар. Ўқув жараёнларини ташкил этишда худуд имкониятлари, талабаларнинг ноқулай об-ҳаво шароитларида олийгоҳларга етиб келишлари тўла инобатга олиниши ва бунга зарур шарт-шароитлар яратилиши лозимлиги бўйича кўрсатма берилган.

«Ўқув жараёнини ташкил этишда зарурият туғилганда ўқув графигига ўзгартириш киритиш рухсат берилади. 20 январга қадар талабаларнинг имтиҳонларга тайёргарлик кўришлари тавсия этилади.

Алоҳида таъкидлаймизки, 20 январга қадар якуний назорат ишлари ташкил этилмайди. Об-ҳаво шароитлари туфайли ўқишга келолмаган талабаларга ўқув жараёнларини бошлаш ҳамда назорат имтиҳонларига тайёргарлик кўриш бўйича тегишли масофавий дастурлар таклиф қилинади», – дейилади вазирлик хабарида.

Ўзгидромет мутахассиси Эркин Абдулаҳатовга кўра эса, 11 январь эрта тонг совуқ антициклон перифериясининг минтақага «чуқурроқ» кириб келиш фонида республиканинг катта қисмида жуда паст ҳароратлар бўлиши мумкин. 

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бу масалада ҳали расмий баёнот бергани йўқ. Айрим вилоятларда мактабларда ҳам ўқиш бошланиши эълон қилинди. Шу сабабдан, мактаб вазирлиги ҳам баёнот бериши зарур.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг