Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳокимлик Деҳқонободдаги оммавий жанжал бўйича баёнот берди

Ҳокимлик Деҳқонободдаги оммавий жанжал бўйича баёнот берди

Скриншот.

Деҳқонободда икки қишлоқ аҳолиси ўртасида жанжал бўлгани ҳақида хабар берилганди. 

Туман ҳокимилиги маълумотига кўра, жанжал икки қишлоқ аҳолиси ўртасида эмас, икки корхона вакиллари орасида содир бўлган.

Жанжал «Наргиз-Сарвар» хусусий корхонаси ишчиси ва Деҳқонобод ковракчилик кластери ходими ўртасида содир бўлган. Жанжалга коврак ширасини йиғиб олиш бўйича берилган квотадаги англашилмовчилик сабаб бўлган. Мазкур ҳолат туман ИИБ томонидан ўрганилиб, қонуний тўхтамга келиш учун дастлабки тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади ҳокимлик хабарида.

Туманда фаолият юритаётган «Наргиз-Сарвар» хусусий корхонасига туман ҳокимининг 2015 йил 4 февралдаги қарорига асосан «Куҳистон ковраги» ўсимлигини кўпайтириш ва доривор ўсимликлар етиштириш мақсадида 450 гектар ер майдони 42 йил муддатга ижарага ажратиб берилган.

Бу ҳақда 2015 йил 26 май куни ижара шартномаси тузилиб туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан ер майдонлари жойида ўлчаб, хариталаштирилган. Узоқ муддатли шартнома Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги қарори асосида «Ермулккадастр» ДК томонидан 2015 йил 26 май куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 декабрдаги қарорига асосан Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан Кадастр ва кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш интеграцион ахборот тизими орқали 2021 йил 6 декабр куни давлат рўйхатидан ўтказилган.

Президентнинг 2020 йил 2 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикаси пиллачилик ва чорвачиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимининг 2020 йил 2 октябрдаги «Тумандаги мавжуд яйлов ер майдонларини Ўзбекистон Республикаси Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг доимий эгалигига ўтказиш тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб жами 177 минг 29 гектар яйлов ер майдонлари қўмита ихтиёрига ўтказилган ва ковракчилик кластери ташкил этилган.

Кейинчалик туманда фаолият юритиб келаётган «Наргиз-Сарвар» ХК, «NURISLOM-SARDOR FAYZ» XK, «QUMPAYKAL MO'JIZASI» XK, «BIG BIO IMPEX» MCHJ, «MUXAMMADIYOR RAXIMOV» ХК, «PINNACLE WORLWIDE EXIM» МЧЖ ларнинг суд органларига қилган даъво аризаларига кўра юқорида қайд қилинган 6 та субъектга ажратилган жами 2826 гектар ер майдони тегишли суд органлари қарорларига асосан қўмита ҳисобидан қайтариб берилган.

Айни пайтда ҳолат Экология қўмитаси, вилоят Экология бошқармаси ва туман бўлими, туман ҳокимлиги, туман прокуратура, адлия, туман ИИБ, туман қишлоқ хўжалиги бўлими, туман меҳнат ва бандлик бўлими, кадастр палатасининг туман филиали масъуллари иштирокида ўрганилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг