Ҳокимларнинг 31 нафар ўринбосари жавобгарликка тортилди
Тадбиркорлар ва экспортчилар муаммоларини ҳал қилишда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг сустлиги туфайли бир қатор мутассаддилар интизомий жавобгарликка тортилди.
Бу ҳақда жорий йилнинг 28 март куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда мутасадди раҳбарлар тармоқлар ва ҳудудлар кесимида экспорт фаолиятининг бугунги ҳолати, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ва бу борада мавжуд муаммолар юзасидан ҳисобот бердилар.
Тадбиркорлар ва экспортчилар муаммоларини ҳал қилишда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг сустлиги туфайли алоҳида раҳбарлар фаолияти қаттиқ танқид қилинди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларининг туман ва шаҳарлари ҳокимларининг 31 нафар ўринбосари, шунингдек, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ва «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси каби тармоқ бирлашмалари раҳбарлари интизомий жавобгарликка тортилди.
Йиғилиш якунида вазирликлар, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларига берилган вазифалар ижроси юзасидан қўшимча манзилли топшириқлар берилган. Уларнинг ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан амалга оширилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter