Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳокимлар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларига раислик қилади

Ҳокимлар Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларига раислик қилади

Тошкент шаҳар ва барча вилоят ҳокимлари Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашларининг раислари деб белгиланди. Бу кенгашларнинг қарорлари давлат ва жамоат ташкилотлари учун мажбурий. Кенгаш мажлисларида раис ҳал қилувчи овозга эга. Бу ҳақда Kun.uz хабар бермоқда.

Агентлик вакили ҳудудий кенгаш аъзоларининг тасдиқланган намунавий таркибида халқ депутатлари вилоят (Тошкент шаҳар) Кенгашлари раислари Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашларнинг раиси сифатида кўрсатилганини билдирган. Шу сабабли таъсис мажлисларида маҳаллий кенгашларнинг раҳбарлари ҳисобланган вилоят ҳокимлари Коррупцияга қарши курашиш бўйича ҳудудий кенгашда ҳам раис сифатида таништирилган. Шунингдек, ушбу намунавий таркибга вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари, нодавлат нотижорат ташкилоти, ОАВ вакиллари, тадбиркорлар ва фаҳрийлар ҳам киритилган.

Агентлик расмийси, шунингдек, келгусида ҳокимлар маҳаллий Кенгаш раислигидан чиқариб юборилиши назарда тутилганини билдирди. Шундан сўнг, маҳаллий кенгаш раислигига келган шахс Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашига ҳам раиси этиб тасдиқланади.

Ҳудудий кенгаш раислари кенгаш фаолиятига ва мажлисларига раҳбарлик қилади, кенгаш кун тартиби ва иш режаларини тасдиқлайди ҳамда ҳудудий кенгаш мажлисларида ҳал қилувчи овозга эга бўлади.

Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг раиси этиб Сенат раиси Танзила Норбоева, унинг ўринбосари сифатида Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов тасдиқланган. Бундан ташқари, Миллий Кенгаш таркибидан деярли барча вазирлар ва давлат ташкилотларининг раҳбарлари ўрин олган.

Айнан ушбу фармон асосида ташкил қилинган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Миллий кенгашнинг ишчи органи этиб белгиланиб, унга кенгаш томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижросини ташкил этиш вазифаси юкланган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг