Ҳокимлар айрим ваколатлардан маҳрум бўлмоқда
Президент томонидан 20.01.2023 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-815-сон Қонун имзоланди.
Норма нашри хабарига кўра, киритилаётган ўзгаришлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳокимлар, божхона органлари, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ваколатларига ҳамда МЧЖни мажбурий аудитдан ўтказиш талабига оид.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қуйидаги ваколатлари бекор қилинмоқда:
- тиббий ёрдам сифатининг клиник-статистик стандартларига риоя этилишини назорат қилиш;
- йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ҳамда хавфсизлиги, уларни сақлаш шароитлари устидан давлат назоратини амалга ошириш.
Ҳокимлар уй-жой мулкдорлари ва уй-жойдан фойдаланувчиларидан коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисида даъволар билан судга мурожаат қилиш ваколатидан ҳам маҳрум бўлмоқда.
Шунингдек, активларининг баланс қиймати БҲМнинг 100 минг баравари миқдоридан кўп бўлган МЧЖлар учун ҳар йилги ташқи аудиторлик текширувидан ўтиш мажбурияти бекор қилинмоқда.
Эндиликда чет давлатларда рўйхатдан ўтказилган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча фойдаланилаётган транспорт воситаларининг эгалари томонидан мажбурий суғурта бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши устидан назоратни божхона органлари амалга оширмайди. Ушбу ваколат давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида сақланиб қолмоқда.
Вазирлар Маҳкамаси, Молия ва иқтисодиёт вазирлигининг аудиторлик фаолиятини тартибга солиш бўйича айрим ваколатлари нодавлат нотижорат ташкилотлари – аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаларига ўтказилмоқда. Хусусан, аудиторлар бирлашмаларига:
- аудиторлар малакасини оширишнинг намунавий дастурини тасдиқлаш;
- малака имтиҳонини ўтказиш тартибини белгилаш (Молия ва иқтисодиёт вазирлиги билан келишган ҳолда);
- номзодни малака имтиҳони топширишга қўйиш ёки рад этиш;
- сертификатни расмийлаштириш ва қайта расмийлаштириш, сертификат ва уни дубликатини бериш ваколатлари ўтказилмоқда.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21.01.2023 йилдан кучга кирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter