Ҳокимлик мансабдорлари қандай жиноятлар билан қўлга тушаётгани айтилди
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида ўтган идоралараро йиғилишда қурилиш соҳаси коррупциялашган соҳалардан бири бўлиб қолаётгани қайд этилди.
Сўнгги икки йилда бу соҳада 1.233 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Қурилиш учун ер ажратиш, танлов ва тендер ўтказиш, шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш жараёнларида коррупция кўплаб кузатилмоқда.
Мисол учун, Навбаҳор туман ҳокимининг 1-ўринбосари Х. «Конимех балиқчи» жамияти раҳбари А.дан балиқчилик ҳавзасига коллектор қазилишига рухсат бериши эвазига 11 минг доллар олганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилган.
Бюджетдан молиялаштириладиган қурилиш ишлари учун пудратчиларни таниш-билишчилик ёки пора эвазига танлаб олиш каби коррупциявий амалиёт кузатилмоқда.
«Сувоқова» корхонаси Қашқадарё вилояти бошқармаси мутахассиси Н. «Диёрбек Учқун» корхонаси раҳбари Б.га танишлари орқали қурилиш объекти олиб бериш эвазига 14 минг доллар беришни талаб қилиб, 9 минг доллар олганда қўлга олинган.
Бу соҳада давлат бошқаруви ва назоратига масъул Қурилиш вазирлиги тизимида ҳам суиистеъмолчиликлар кузатилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Мисол учун, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари А. ва Чилонзор туман ҳокимияти бўлими бошлиғи Ш. «Max Saodat» жамиятига кўп қаватли уй-жой қуриш учун Чилонзор туманидан 1 гектар ер ажратиш эвазига 1 млн. 400 минг доллар талаб қилиб, 50 минг долларни олган вақтда ушланган.
Йиғилишда ўтган икки йилда қишлоқ хўжалиги соҳасига дахлдор вазирлик ва идораларнинг 391 нафар ходимлари турли кўринишдаги жиноятлари учун жавобгарликка тортилгани маълум қилинди.
Мисол учун, Янгийўл тумани қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Ю. «Валиев Инвест барака» фермер хўжалиги раҳбари В. билан тил бириктириб, фермер хўжалигининг 30 сотих ер майдонини сохта кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш орқали 38.400 долларга сотиб юборган.
Қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожи, аввало, ер майдонларидан оқилона ва самарали фойдаланиш билан чамбарчас боғлиқ.
Айрим раҳбарлар томонидан ерлардан хўжасизларча ва ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги таъкидланди.
Хусусан, ер майдонларини хатловдан ўтказиш жараёнида республика бўйича 967 та ҳолатда 34.822 гектар ер майдони қонунга зид ажратиб берилган.
Ер ажратиш ва ундан фойдаланишда коррупция, таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчилик ҳолатлари мавжудлиги қайд этилди.
Бухоро вилоятида қисқа муддатда ўтказилган ўрганишларда 21.493 гектар ерни ноқонуний муомалага қаратиш билан боғлиқ қонунга зид қарорлар қабул қилинган.
Мисол учун, Жондор туман ҳокими 2020 йил 16 майдаги қарори билан ўринбосарининг яқин қариндошига 100 гектар ер майдонини чорвачилик йўналишида, гарчи етарли чорваси бўлмасада, ноқонуний ажратиб берган.
Ер ажратиш жараёнларида коррупциявий жиноятлари учун сўнгги икки йилда ҳокимликларнинг 22 нафар масъул ходимлари жавобгарликка тортилган.
Хусусан, Арнасой туман ҳокимининг ўринбосари С. «Оққуш ҳалол парранда» жамияти раҳбари Ж.га 10 гектар ер ажратиб бериш эвазига 13 минг доллар талаб қилиб, 2 минг доллар олганида қўлга тушган.
Шу каби, ер ажратиб бериш эвазига Юнусобод туман ҳокими ўринбосари З. 5 минг, Бувайда туман ҳокими ўринбосари Д. 20 минг, Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги уй-жой ширкатлари уюшмаси раиси А. 35 минг доллар олганлиги учун қонун олдида жавоб берди.
Айрим ходимлар тадбиркорларга ёрдам бериш ўрнига, улардан тамагирлик қилиб, пул ундираётганлиги ташвиш билан таъкидланди.
Мисол учун, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги бўлими бошлиғи И. Шўрчи туман ҳокимлиги бош мутахассиси Т. орқали тадбиркор Б.дан 1 млрд. сўм имтиёзли кредит олишида ёрдам берганлиги учун 2 минг долларни талаб қилиб олган.
Бўш биноларни тадбиркорликка жалб қилиш борасида ҳам турли қонун бузилишларга йўл қўйилмоқда.
Мисол учун, Андижон вилоят ҳокимлиги мутахассиси Қ. муқаддам судланган А. ва М. билан тил бириктириб, сохта ҳужжатлар билан Шаҳрихон туман Силга қарши курашиш диспансери биносини «ноль» харид қийматида қўлга киритган.
Кейинчалик бинода ҳеч қандай тадбиркорликни йўлга қўймасдан, бинони бузиб, қурилиш материалларини 760 млн. сўмга сотиб юборган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter