Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳоким ва ёшлар» учрашувлари. «Сценарийлаштирилган» манзара кимга керак?

«Ҳоким ва ёшлар» учрашувлари. «Сценарийлаштирилган» манзара кимга керак?

Фото: Азамат Каттаев

Бухоро туманида «Ҳоким ва ёшлар» учрашуви ташкил этилди. Бундан кўзланган асосий мақсад, турли хориж давлатларида ишлаб, бугун яшаш манзилига қайтган ёшлар, яъни мигрантларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг меҳнат қилиши учун шарт-шароит яратиб бериш ва шу орқали уларнинг хорижга яна иш излаб чиқиб кетмасликларининг олдини олишдан иборат эди.

Маълумотга кўра, Бухоро туманида узоқ муддатга ишлаш учун кетган ёшлар сони 2214 нафарни ташкил этади. Жорий йил бошидан ҳозирга қадар шундан 817 нафар ёш турли хориж давлатларида ишлаб қайтган.

«Ҳоким ва ёшлар» учрашуви номи қайд этилган баннер бир қарашда худди маҳобат касб этади. Бухоро тумани ҳокимлиги залида 300 дан ортиқ тўпланганларга назар ташлаймиз. Уларнинг 60 фоизга яқини ёшлар иттифоқи туман кенгаши фаоллари, бошланғич ташкилот етакчилари, ўқувчи-ёшлар, чемпион спортчилардан иборат. 817 нафар мигрантларнинг нечтаси иштирок этаётган бўлиши мумкин, деган савол туғилди?

Фото: Азамат Каттаев

«Ҳоким ва ёшлар» учрашуви доирасида туман кенгашининг 2018 йил ўтган даврдаги фаолияти юзасидан Кенгаш йиғилишини ҳам «ўтказиб олиш» ташвиши билан банд туман кенгаши раиси Мадина Саъдуллаева «Бу ишнинг туман ички ишлар бўлимига юклатилганини» билдирди. Афсуски учрашувнинг ташкил этилишида ҳамкор бўлган туман ички ишлар бўлимидан бирорта вакил иштирок этмаган. Демак, аниқ рақам ҳам йўқ.

«Ҳоким ва ёшлар» учрашувларининг яна бир «кўникма»ларидан бири, бу – бўш иш ўринлари ярмаркаси.

Бунда «сценарийлаштирилган» доимий таниш манзара: иш берувчилар, қатор стол-стуллар, унинг устида ташкилот ёки корхона номи ёзилган табло. Афсуски, бу гал иш излаб келган ёшлар ушбу таниш манзара олдига яқинлашмади ҳам. Бор-йўғи, 6 та корхона-ташкилот жами 277 та бўш иш ўрни билан қатнашган.

«Property industry» масъулияти чекланган жамияти иш берувчи вакилидан иш сўраб, мурожаат этганларни нечтасининг иш билан бандлиги таъминланганига қизиқдик. Эътиборимизни тортгани, мазкур масъулияти чекланган жамият томонидан 200 та бўш иш ўринлари учун бир миллион икки юз сўмдан бир ярим миллионгача  маош таклиф этилган. Ушбу бўш иш ўринларининг, деярли, 60 фоизи айнан, ўрта маълумотли ёшларга мос. Бироқ, бор-йўғи, 3 нафар ишга талабгор номи қайд этилган.

Фото: Азамат Каттаев

«Бухоро тумани бўйича ҳозирча 324 та бўш иш ўринлари бор», – деди туман бандликка кўмаклашиш маркази бош мутахассис Фазлиддин Шарипов.

Бўш иш ўринларининг қарийб тўрт-беш баробарга камайтириб кўрсатилганини табиий қабул қилишдан эса бошқа чора йўқ. Ваҳоланки, «сценарийлаштирилган» меҳнат ярмаркаси вакилларидан яна нимани кутиш мумкин?! Аслида, туманда 80238 нафар ёшлар бўлиб, шундан 2401 нафар ёшлар иш билан банд эмас. 1350 нафар ёшлар ишлаш истагини билдирган, бор-йўғи, 367 тасининг иш билан бандлиги таъминланган.

«Ҳоким ва ёшлар» учрашуви  соат 11.00 да белгиланган. Учрашув бошланишига 20 дақиқа қолган. Тўпланганларнинг кўпчилигини ўқувчи-ёшлар ташкил этгани учунми, ҳали ўринга жойлашиб улгурилмаган, чанг шифтга ўрлайди.

«Ҳоким ва ёшлар» учрашувида залнинг мигрантлар, шунингдек, иш ва ўқиш билан банд бўлмаган  ёшлар билан эмас, кўпроқ 11-15 ёшли болалар билан тўлдирилганини кўриб, уни зўр бериб ўтказилаётган тадбирлар сирасига киритиш мумкин.

Фото: Азамат Каттаев

Жумладан, Бухоро туманидаги 14-умумий ўрта таълим мактабининг 10-синф ўқувчилари Сардор Орипов ҳамда Дилшод Ахтамовлардан саволимизга: «Ушбу тадбирга нима мақсадда келганимизни билмаймиз. Бошланғич ташкилотимиз етакчиси Зулфия Аллаберганова бизни шу ерга чақирди. Шу ерда ўтиришимиз, ўрнимиздан турмаслигимиз билдирилди», – дея жавоб беришди.

Тадбир ташкилотчиси – Ёшлар ташкилоти туман кенгаши. Ачинарлиси, жойлардаги туман кенгашларининг ишлашлари учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан муносиб шароит яратиб берилган. Туман кенгашлари қарийб, икки йилдан буён ободонлаштириш ишлари, бинолар фасадини таъмирлашга ёки бошқа меҳнатларга сафарбар этилмаган. Уларнинг зиммасига фақатгина бевосита ўзининг иши, яъни ёшлар масаласи билан шуғулланиш юкланган.

Бухоро туманида ташкиллаштирилган «Ҳоким ва ёшлар» учрашувининг бошланишига ўн дақиқа қолганда, туман кенгаши раиси ўтган даврдаги фаолияти юзасидан ҳисоботни ўқиб беришга тушди. Негадир, ҳисоботни тинглаганлардан тингламаганлар кўпчиликни ташкил этди.

Учрашувга Бухоро тумани ҳокими Муҳиддин Эсонов ўз вақтида етиб келди. У бундай учрашув билан Кенгаш йиғилишини қалаштирилмаслик кераклигини, етмагандек, учрашувнинг ҳам жуда саёз ва тартибсиз ташкил этилганини танқид остига олди.

Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича туман ҳокими ўринбосари ҳамда ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси фаолиятидан қониқмаслигини, ёшлар муаммоларини тадбирлар орқали гўёки ҳал қилишга уриниш эмас, амалда ҳал қилиш пайти келганини қаттиқ таъкидлаб ўтди. Учрашув жараёнида сўзга чиққан «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси туман бўлими раҳбари Бекзод Акромовнинг бажарилган ишлар юзасидан ёшлар олдида ҳисобот бера олмаганини кадрлар фаолиятининг тўғри йўлга қўйилмагани, дея баҳолади туман ҳокими.

Билдирилишича, мазкур дастур доирасида туманнинг 17 нафар ёш тадбиркорларига ўз лойиҳалари асосида 2 миллиард 363 миллион 298 минг сўм миқдорида кредит ажратилган.

Фото: Азамат Каттаев

«Ҳоким ва ёшлар» учрашувида муаммо ва камчиликлар ўртага ташланди. Имтиёзли кредит ажратиш, уй-жой билан таъминлаш каби масалалар кўтарилди. Жумладан, «Талипоч» маҳалласи фуқароси Қамбарали Қамбаров иссиқхона ташкил этишда кўмак сўради. Ўзбекона қишлоғилик Моҳина Исмоилова уй зарурлиги бўйича мурожаат қилди. 2012 йилдан буён Россия Федерациясига ишлаб қайтаётган ёш оила вакиллари Фаррухшоҳ Ражабов ҳамда Сабина Бобоева юртда қолиб ишлаш истаги борлигини, аммо иш йўқлигини билдирди. Ёш оила вакилларининг эҳтиёжлари ҳамда меҳнат лаёқатларини инобатга олиниб, ўзи яшайдиган ҳудуд – «Амиробод» маҳалласида анчадан буён фаолияти тўхтатилган автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шоҳобчаси фаолиятини юритиш таклифи билдирилди. Шунингдек, 11 йилдан буён эри ва 3 нафар ёш ўғил фарзанди билан туманда яшаб келаётган россиялик Наталя Мотовилова прописка муаммосига дуч келаётганини билдирди. Ушбу масалани бартараф этиш бўйича тегишли мутасадди ташкилотлар зиммасига вазифа юкланди.

Туман ҳокими ёшлар томонидан тушган қирқдан ортиқ талаб ва таклифлар, муаммолар юзасидан мурожаатларни эшитиб, ўз муносабатини билдирди.

Уларни ўз вақтида бартараф этиш, амалий ечимини таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.

«Ҳоким ва ёшлар» учрашувларининг сони билан эмас, унинг натижаси билан қизиқиш керак. Назаримда, ёшлар ташкилоти туман кенгаши ҳисобот йиғишга, тадбирлар ўтказишгагина берилиб, ўтказилаётган учрашувларнинг натижасини баҳолаш тизимини унутган. Мана, икки йилдирки, мамлакатимизда жиддий ислоҳотлар бошланган. Тадбирларни номигагина ўтказиш эмас, ҳақиқатда ислоҳ қилишга, одамларнинг, ёшларнинг оғир юкларини, ташвишларини енгил қилишга куч-иродани қаратиш керак. Мен туман ёшларининг ҳар қандай муаммоларини изчил ечишга, уларни оёққа турғизишга доим елка тутаман», – деди туман ҳокими Муҳиддин Эсонов.

Лайло  Ҳайитова,
«Хабар.уз»нинг Бухоро вилоятидаги махсус мухбири

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг