Ҳиндистон аҳли қайғуда: муносиб фарзандидан жудо бўлди

Ҳиндистоннинг собиқ президенти Пранаб Мукержи бугун, яъни 31 август куни 84 ёшида вафот этди, дея маълум қилди Ҳиндистон президенти Рам Натх Ковинд.
Мукержи 2012 — 2017 йилларда Ҳиндистонни бошқарган. Яқинда миядаги тромбни олиб ташлагандан сўнг комада эканлиги, сунъий нафас бериш аппаратига улангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, унда ҳам коронавирус аниқланган.
«Собиқ президент Шри Пранаб Мукержи энди орамизда йўқлигини эшитиш ачинарли. Халқ энг муносиб фарзандларининг биридан жудо бўлганидан қайғуда. Унинг оиласи, дўстлари ва барча фуқароларга ҳамдардлик билдираман», — деб ёзган Ковинд «Twitter»да.
Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ҳам ўз таъзиясини изҳор қилди.
«Ҳиндистон Пранаб Мукержининг вафоти муносабати билан мотам тутмоқда. У миллатимиз тараққиётида ўчмас из қолдирди. Ажойиб олим, атоқли давлат арбоби, уни жамиятнинг барча қатламлари ҳурмат қилган. Пранаб Мукержи Ҳиндистон президенти бўлганда оддий фуқаролар учун президент саройи эшиклари янада кенгроқ очиб қўйилди. У президент уйини таълим, инновация, маданият, илм ва адабиёт марказига айлантирди. Унинг сиёсий масалаларда берган маслаҳатларини ҳеч қачон унутмайман», — деб ёзган бош вазир.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter