Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳинд сайёҳи» ёки юз йилдан сўнг яна ташриф...

«Ҳинд сайёҳи» ёки юз йилдан сўнг яна ташриф...

«Қози: Биродар, яхши биласиз, халқимизнинг фикр доираси тараққий этмаган, улар бу ишларнинг моҳиятини тушунмайдилар. Тафаккури юксак бўлмаган кишилар қўйларга ўхшайдилар, ҳар хусусида чўпонга тобедирлар ва ўз буюкларининг пайравидирлар.

Мен шунга ҳам иқрор бўлиб айтаманки, биз буюклар ҳам умримизнинг ақалли бир дақиқасини халқимиз осойишталиги ва саодати йўлида сарф этганимизча йўқ. Халқнинг тинчлиги, мамлакатнинг ободлиги каби масалалар биронтамизнинг хаёлимизга келган эмас. Ҳар бир ҳоким ўзини уч томоннинг вакиллари танишини истайди: биринчи — мамлакат, иккинчи — раият, учинчи — подшоҳ. Чунки, ҳокимият ватан ва миллат вужуди билан боғлиқдир.

Агар миллат маҳв этилиб, ватан хароб бўлса, на биз ҳоким бўламиз, на подшоҳ. Тўғри, бизни амир ҳазратлари ҳоким этиб тайинлаганлар. Лекин қаерда? Шаҳрисабзда. Агар Шаҳрисабз ва бу жойнинг халқи бўлмаса, бизнинг ҳокимлигимиз худди гўристонга оқсоқол бўлишдек маъносиз ва кулгили бўлар эди. Биз бухороликлар, бир шаҳарда ҳоким бўлдик дегунча, мамлакат ва халқ ҳуқуқини бутунлай эсдан чиқарамиз. Ҳатто худони ҳам унутамиз. Вақтимизни подшоҳни шод этиш йўлида сарф этамиз. Қизиқ жойи шундаки, бунга ҳам тузук-қуруқ эришолмаймиз.

Подшоҳлар қанчалик тошбағир бўлишмасин, мамлакатнинг вайроналиги ва халқнинг бечоралигига чидашолмайди. Шоҳимизнинг адолатпарварлик, раиятдўстлик ва халқпарварликда назири йўқдир. Имоним комилки, у зот ҳамиша миллатнинг тинчлиги, ватаннинг ободлиги билан шуғулланадилар, бироқ шу ҳам аниқки, бир кишининг донишмандлиги ва адолатпарварлиги тўрт миллион кишилик элга таъсир этиши қийин. Тўғри, амиримиз одиллар, бироқ хизматчиларининг кўпчилиги адолат кўчасидан ўтмаган. Шунинг учун, мамлакатимиз ҳалигача обод бўлмайди ва аминмизки, агар шу ҳол давом этса, бир умр обод бўлмас».

Абдурауф Фитратнинг «Ҳинд сайёҳи» асари бундан 100 йил олдин ёзилган. Шаҳрисабзга борган сайёҳ тили билан айтганда «донишманд ва оламдаги аҳволдан хабардор бўлган бир киши» — қозининг ушбу жавоблари бугунги кунимизни эслатмаяптими? Орадан 100 йилдан зиёд вақт ўтганига қарамай биздаги аҳвол қай даражада? Бир аср олдин ёзилган ушбу китобда айнан бугунги кун билан боғлиқ жуда кўп воқеалар қаламга олинган. Тадбиркорлик, ҳунармандлик, маддоҳлик, қозилар билан оддий халқ ўртасидаги воқеалар... буларнинг барчаси ҳали ҳамон давом этаётгандек... «Ҳинд сайёҳи»ни ўқинг, сайёҳни ўйлантирган, қизиқтирган саволлар сизни ҳам бефарқ қолдирмаслиги шубҳасиз...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг