Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳимолайдаги скелетлар кўлининг сири очилди

Ҳимолайдаги скелетлар кўлининг сири очилди

Фото: «Wikimedia»

Халқаро олимлар гуруҳи Ҳимолай тоғидаги денгиз сатҳидан беш минг метр баландликда жойлашган Рупкунд (Скелетлар кўли) кўлида юзлаб скелетларнинг келиб чиқиш тарихини аниқлашди. Буни қарангки, суяк қолдиқлари бир неча минг йиллар давомида бу ерга келган учта турли гуруҳга тегишли экан. Бу ҳақда «Phys.org» пресс-релизида хабар берилди.

Тадқиқотчилар 72 та одам қолдиғидан олинган митохондриал ДНКни таҳлил қилиб чиқишди. Вафот этганларнинг кўпчилиги замонавий ҳинд популяциясига хос гаплогруппаларга молик. Шунингдек, Ғарбий Евроосиё аҳолисига хос гаплогруппалар ҳам аниқланган.

38 одамда тўлиқ геном реконструкциясига кўра, қолдиқлар орасида камида учта алоҳида гуруҳ вакиллари ҳам мавжуд. Биринчи гуруҳ 23 кишидан иборат бўлган, уларнинг аждоди ҳинд популяцияси билан боғлиқ. 14 кишидан иборат иккинчи гуруҳ эса шарқий Ўртаер денгизи, ҳозирги Крит ва Грецияда яшовчи кишилар билан қариндош бўлиб чиққан. Учинчи гуруҳ бир кишидан иборат бўлиб, келиб чиқиши Жануби-Шарқий Осиёдан. Буларнинг бари Рупкунд кўли бутун дунёдан одамларни ўзига жалб этганини англатади.

Дастлабки тахминлар одамлар фожиали ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганини айтишганди. Бироқ янги маълумотлар саёҳатчиларнинг турли гуруҳлари кўлда минг йиллар оралиғида нобуд бўлганини кўрсатмоқда. Бунда энг шубҳали воқеа милодий 1800 йилда қайд этилган. Бироқ одамларни бу ерга нима етаклаб келгани ва уларнинг ўлимига нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг