Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳибсхоналарда тиббий хизмат кўрсатиш тартиби белгиланди

Ҳибсхоналарда тиббий хизмат кўрсатиш тартиби белгиланди

Фото: «РИА Новости»

Ички ишлар органларининг вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарда сақланаётган шахсларга давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Низомга мувофиқ, махсус муассасада сақланаётган шахсларга стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатилиши зарур бўлган ҳолларда уларга давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий ёрдам кўрсатилади.

Шунга кўра, махсус муассасада сақланаётган шахс муассаса тиббиёт ходимларига камераларни ҳар кунги кўздан кечириш вақтида, шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда эса, исталган ходимга тиббий ёрдам кўрсатилишини сўраб мурожаат қилиши мумкин. Бунда шахсга зарур тиббий ёрдам кўрсатилиши шарт.

Тиббий ёрдам кўрсатишда қўшимча тез тиббий ёрдам бригадаси чақирилиши мумкин.

Шифокор шахсга стационар шароитда тиббий ёрдам кўрсатилиши лозимлиги тўғрисида қарор қабул қилганда, у шахсни давлат соғлиқни сақлаш муассасасининг махсус хонасига жойлаштириш чораларини кўради.

Махсус хона низомда кўрсатилган талабларга жавоб бериши ва тегишли жиҳозлар, буюм ва ашёлар билан жиҳозланган бўлиши керак.

Шахсни тиббий кўрикдан, шунингдек диагностика ва даволаш стандартлари асосида инструментал ва лаборатор текширувлардан ўтказиш ҳамда давлат соғлиқни сақлаш муассасасининг махсус хонасида тиббий ёрдам кўрсатиш ички ишлар органлари ходимлари назорати остида амалга оширилиши шарт.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг