Ҳибсга олинган милиция офицери қамоқхонада қаҳрамон каби кутиб олинди. У нима каромат кўрсатган эди?
Яқингача Беларусь ички ишлар вазирлиги тизимида камтарона фаолият юритиб келган капитан Егор Емельянов бир кунда машҳур бўлиб кетди.
Хабарингиз бор, Беларусда бир ҳафтадан буён президентлик сайлови якунларига қарши кўп минг сонли намойиш ва иш ташлашлар давом этмоқда. Намойишлар давомида Беларусь ИИВнинг махсус бўлинмалари томонидан тинч аҳолига қарши куч ишлатилди, минглаб киши ҳибсга олинди. Ҳамкасбларининг ўз ватандошларига қилаётган зўравонлигидан виждони азобда қолган капитан Егор Емельянов истеъфо берди, ИИВ тизимидан ўз ихтиёри билан ишдан бўшаганини эълон қилди. Инстаграмдаги саҳифасида ўз погони ва гувоҳномаси суратини эълон қилган зобит «17 йиллик хизмат поёнига етди... Виждоним пок... Милиция халқ билан» деган сўзларни илова қилди. Милиция офицерининг бу қарорини юз минглаб одам қўллаб-қувватлади.
«Ушбу қонунсизликка бош қўша олмайман. Мен ўз халқим ўлдирилаётгани, калтакланаётгани ва таҳқирланаётганини жим кузатиб туролмайман. Мен халқимни ҳимоя қилиш учун қасамёд қабул қилганман. Бурчимни ҳалол ва астойдил бажарар эканман, минбаъд ҳокимият ёки бойликни ўйламадим», – деб ўз қарорини изоҳлаган Е.Емельянов.
Кузатувчиларга кўра, Е.Емельянов ушбу хатти-ҳаракати билан зўравонлик йўлини тутган ҳамкасблари юзига тарсаки ургандек бўлди. Шу боис истеъфо берганининг эртаси куниёқ капитанни оммавий намойиш ўтказишда айблаб ҳибсга олишди. 36 ёшли собиқ зобитнинг ҳикоя қилишича, қамоқда маҳбуслар уни қаҳрамон каби олқишлар билан кутиб олишган.
Лекин пировардида соғлом ақл ғалаба қозонган. Суд Е.Емельяновни айбсиз деб топиб озодликка чиқарган. Оиласи (унинг икки норасида фарзанди бор) тақдиридан хавотирга тушган собиқ офицер Беларусни тарк этиши мумкинлигини айтган.
Е.Емельянов тинч аҳолига нисбатан куч ишлатилганига норозилик ифодаси сифатида истеъфо берган ягона офицер эмас. Ўтган бир ҳафта ичида ИИВ тизимидаги ўнлаб ходимлар, шунингдек, давлат оммавий ахборот воситалари журналистлари истеъфо берди. Ижтимоий тармоқда куч ишлатар тузилманинг амалдаги ҳамда истеъфодаги вакиллари томонидан хизмат формасини намойишкорона чиқинди қутисига ташлаш ҳолати акс этган видеолавҳалар тарқалди.
Эслатиб ўтамиз, 9 август куни Беларусда президентлик сайлови бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссияси амалдаги давлат раҳбари Александр Лукашенко 80,1 фоиз, унинг асосий рақиби Светлана Тихановская эса 10,1 фоиз овоз тўплаганини эълон қилди. Расмий ҳисоб-китоблар эълон қилиниши ортидан бутун мамлакат оммавий намойишлар тўлқини домида қолди.
Айни пайтда намойишчилар Беларусни 1994 йилдан бери бошқариб келаётган Александр Лукашенкодан истеъфога чиқиши ҳамда Светалана Тихановскаяни янги президент сифатида тан олишини талаб этмоқда.
Тихановскаянинг ўзи МСКда 7 соат давомида ушлаб турилиши ортидан Литвага кетишга мажбур бўлди. Бирлашган мухолифат етакчиси бўлиб турган сиёсатчи аёл Литвадан туриб йўллаган видеомурожаатида куч ишлатар тузилмалар томонидан халққа зўравонлик қилинаётгани қоралаган ва тарафдорларини мамлакат бўйлаб тинч намойишлар ўтказишга чақирган.
Аввал хабар берганимиздек, С.Тихановская сайлов арафаси берган интервьюсида овоз бериш якунлари сохталаштирилгудек бўлса, тинч намойишлар орқали курашга ваъда берган эди.
14 август куни Европа иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Беларусдаги вазият юзасидан навбатдан ташқари видеомашварат ўтказди. ЕИ президент сайлови адолат ва эркинлик тамойилларига зид ўтди, овоз бериш натижалари сохталаштирилди дея хулоса берди. Расмий Брюссель сайлов натижаларини сохталаштирган ва намойишчиларга зўравонлик қилганларга нисбатан санкциялар жорий этилишини маълум қилди.
Айни чоқда, АҚШ қонунчилик идораси аъзоси, сенатор Линдси Грэм ҳам расмий Минскка қарши жазо чоралари қўллаш лозимлигини таъкидламоқда.
Александр Лукашенконинг ўзи мамлакат хавфсизлик кенгаши йиғилишида норозилик намойишларини хориждаги кучлар амалга ошираётганини айтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter