Ҳаёт учун йўлланма, тараққиёт учун қўлланма
(Мурожаатномани тинглаб туғилган мулоҳазалар)
Ҳаёт довонлар оша илгариланма ҳаракатга қиёс қилинар экан, демак, тараққиётнинг ҳам ана шундай мезонлари, марралари бор. Гап ҳар иккаласини муваффақият билан қучиб, кўзланган маррага ета олишда. Мамлакат ривожи унинг барча жабҳалардаги жараёнларни, иқтисодий-молиявий, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий-демократик ва маънавий-маърифий томонларини танқидий ва таҳлилий назардан ўтказиб, холис баҳолаб илмий асосда ўрганиш ва истиқболли режаларни белгилашни тақозо қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 20 декабр куни Олий Мажлисга Мурожаатномаси худди шундай руҳ билан суғорилган.
«Тараққиётга – фақат машаққатли ва жасоратли меҳнат орқали эришилади», дея таъкидлади Президент. Тарихга назар ташласангиз, ҳар бир юрт ва миллатнинг йўлбошчилари ўз халқи ва мамлакатини тараққиётга олиб чиқиш учун жонбозлик кўрсатишганини англаб етасиз. Ҳеч бир ғалаба ва ютуқлар осонликча қўлга киритилмаганининг гувоҳи бўласиз. Эришилган довонларнинг ҳар бири ортида машаққатли меҳнат турибди. Инсон қадри, инсонни эъзозлаш – эътиборимиздаги энг асосий масала эканини таъкидлади давлат раҳбари.
Тан олиш керакки, Ўзбекистон бугунги кунда тинчлик, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ғояларини бутун дунё бўлиб ёйишда етакчилик қилаётгани рост. Ўзбекистон жаҳон сиёсати марказларидан бирига айланаётгани, халқаро ҳамжамият буни кенг эътироф этаётгани ҳам айни ҳақиқатдир.
Биргина мисол сифатида Президентимиз раҳнамолигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти саммитлари ҳамда ўнлаб юқори даражадаги халқаро анжуманларга мезбонлик қилинганини, муҳим ташаббуслар илгари сурилганини тилга олиш кифоя. Буларнинг барчаси мамлакатимизнинг халқаро нуфузи тобора ортиб бораётганининг далолатидир. Ютуқларнинг манбаи бевосита инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалар билан боғлиқ. Бунинг боиси эса узоқни кўзловчи стратег билан бунёдкор халқимизнинг якдиллиги ва бирдамлигидир. Бу эса янги марра ва довонларни забт этилишининг бирдан бир кафолатидир.
Хўш, бунинг учун нималарни амалга ошириш мақсадга мувофиқ? Президент бунга ҳам аниқ ва лўнда жавоб берди. «Мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши керак. Агар шундай қилмасак, муаммоларни кўриб, кўрмасликка олсак, замондан орқада қоламиз. Халқимиз, ёш авлодимиз биздан рози бўлмайди».
Ҳақ розилигини халқ розилигида деб билиш, инсон қадри ва манфаатларини юқори тутиш Президентимизнинг эзгу иши ва илму амали бўлиб келаётгани рост. Шунинг учун ҳам «Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат» деган ғоя илгари сурди. Одам ўзгармаса олам ўзгармаслигининг исботи ҳам шунда. Кечаги кайфият билан эмас, янгича руҳият ва ишчанлик туйғуси билан фаолият кўрсатиш мақсадга мувофиқ. Кун ўтса бўлди қабилида иш тутадиганларнинг «бўлаверади» деган ғояси бугун ўзини оқламайди. У бамисоли парвозга шайланган қуш қанотига боғланган тошдир. Мустақил фикрлайдиган, ўз мулоҳазасини бемалол айта оладиган, ижодий фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятли авлод президент ғояларига садоқатли ва қўшқанот бўла олиши аниқ.
Айрим вазирлик ва идораларни қисқартириш биринчидан, қоғозбозликнинг олдини олса, иккинчидан, ортиқча сарф-харажатларга йўл қўйилмайди, учинчидан, тизимда анча жонланиш бўлади, тўртинчидан, вақт тежалади. Тўғри, дастлабки даврда вазирликлар керак бўлган. Эндиликда давлат аппаратида такрорланиш кўп, кераксиз штатлар бор, - дея уқтирди Президент. Шунингдек, бюрократия оёққа кишан бўлаётганини, вазирларнинг ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарорларда таъбир жоиз бўлса, «овоз»и йўқлиги, ушбу ҳужжатларни тайёрлаш, таҳлил қилиш ва ҳаётга тадбиқ қилишда уқув ва масъулият етарли эмаслигини, қуруқ савлатдан ҳеч қандай наф йўқлигини, вазирлик ва идоралар сони 61 тадан 28 тага камайтирилишини қайд этди. Ўз ишига фидойи, соҳасини яхши биладиганлар ишласа ривожланиш бўлиши, табиий. Кадрлар кўп нарсани ҳал қилиши аниқ. Эндиликда, уларни саралаш, танлаш, тайинлаш ҳам ўзгача бўлаётгани сир эмас.
Ҳар бир мамлакатнинг тараққиёти бевосита ва билвосита интеллектуал салоҳиятга эга, билимдон ва харизматик кадрларга боғлиқ. Бошқарув механизмида, раҳбарлик фаолиятида ҳам ушбу ўлчов муҳим аҳамият касб этади. Эътибор эҳтиёжни талаб этади. Инсон қадри, манфаати ҳар нарсадан устун турар экан, мамлакат ривожи бу ўз-ўзидан таълим ва тарбиянинг сифатига дахлдор масаладир. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлисга Мурожаатномасида «нажот таълимда, нажот тарбияда, нажот билимда», дея қайта-қайта уқтира туриб 2023 йилга «ИНСОНГА ЭЪТИБОР ВА СИФАТЛИ ТАЪЛИМ» йили деб ном беришлари бежиз эмас. Бу давр талаби, замон тақозосидир. Ҳар қандай соҳадаги самара ва натижа аввало, сифатга боғлиқ. Шундай экан, таълимнинг сифати масаласи инсон манфаати, унинг қадри, қолаверса, халқ, мамлакат тақдирига дахлдор масаладир.
«Таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю-ягона тўғри йўлидир», дейди Президент.
Дарҳақиқат, таълимдаги сифат ва самара бўлмаса ҳаракатимизда ҳеч қандай натижа бўлмаслиги аён. Шундай ходимлар бор соҳаси бўйича кўп билимга эга, шу хусусда мулоқотга киришиб ўз мулоҳазаларини айтишда эса уқуви йўқ, негаки, коммуникатив компетентлиги етарли эмас. Давлат вакили дегани президентнинг сиёсатини амалда кўрсатиб, халқ билан мулоқот қила оладиганлардир, деди Давлатимиз раҳбари ўз нутқида.
Дарҳақиқат, мулоқот самарадорлиги, муомала маданияти билан кўпгина муаммоларга ечим топиш мумкин. Одамлар билан Президент орасидаги «кўприк» бу давлат вакилларидир. Демак, улар халқни эшита оладиган, халқсеварлиги, оддийлиги, камсуқумлиги, самимийлиги, фидойилиги билан одамларнинг меҳрини қозона оладиган бўлиши керак. Давлат хизматчисининг одоб-ахлоқ тўғрисидаги ҳужжатни қабул қилиниши унинг амалдаги аҳамияти билан ажралиб туриши керак.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида айни кунларда заҳира кадрларни худди шу масалалар бўйича малака ошириш курслари йўлга қўйилгани аҳамиятлидир.
Мулоқот асослари, аслида учта - сўзлаш, тинглаш ва англашдир. Сўзлаш маърифатдан, тинглаш маданиятдан, англаш эса маънавиятдандир. Ана шуларга амал қилишига қараб ходимнинг ҳам вазирнинг ҳам ички маданияти, маънавияти, хулқ-атвори, билим-савиясини билиш мумкин. Булар мулоқот этикети, муомала маданияти, бошқача айтганда, нотиқлик санъатининг таркибий қисмларидир.
Тасаввур қилинг, кўрган, билган, тинглаган нарса-ҳодиса ҳақидаги фикримизни эмин-эркин, мустақил тарзда оғзаки ҳамда ёзма йўсинда етказа олмасак, ўзимизни чин маънода саводхон, қолаверса, маънавиятли дея оламизми? Албатта, йўқ.
Давлатимиз раҳбари халқ ичига кириб, уларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг муҳим мезони эканини эътироф этишлари, инсон манфаатлари ҳамда халқ розилигини ҳар нарсадан устун қўйишлари бежиз эмас.
Маърифатпарвар адиб Чўлпон таъбирига мос ҳолда, «қучоқ очиб халқ ичига боришни» ният қилган ҳар бир давлат вакили бунга бефарқ бўлишга ҳаққи йўқ.
Атоқли луғатшунос Маҳмуд Кошғарий «Киши сўзлашу, йилқи йизлашу» деган мақолни келтиради. Бу одамлар бир-бири билан сўзлашиб танишса, ҳайвонлар искашиб танишадилар деганидир. Шу ўринда Антуан Сент Экзюпери «Бу дунёдаги бирдан - бир ҳақиқий неъмат одамларнинг бир-бири билан мулоқотидир» - дейиши билан ҳақлидир.
Худди шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг хатига асосан Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва «Notiqlik san'ati akademiyasi» НТМ ҳамкорлигида «Нотиқлик санъати: коммуникатив компетентлик ва мулоқот ва муомала маданияти асослари» ўқув-амалий курси ўз фаолиятини олиб бораётгани эътиборга моликдир.
Инсон қадрини улуғлаган халқчил бош дастуримиз – Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш механизмини Давлат хизматчиларининг тўла билиши ва амал қилиши муҳим аҳамият касб этади. Бу борада англаш ва англатиш, тушуниш ва тушунтиришнинг муҳим қуроли - етук билим, нутқ маданияти ва нотиқликнинг ўрни беқиёсдир. Ушбу назарий ва амалий моҳиятга эга ўқув курси касбий фаолиятда коммуникатив компетентлик, нутқ маданияти ва нотиқлик санъати, мулоқот этикети ва муомала маданияти борасида Давлат хизматчиларининг барча бўғинларига манфаатли экани билан характерланиб туради. Қайси мавзуни ёки фикр ва сўзни кимга, қаерда, қачон, қандай қилиб ва қанча айтишни билиш, табиийки, бу нотиқлик маҳоратини, коммуникатив компетентлик даражасини белгилайди. Шу маънода, айтиш жоизки, тил тактикаси - тараққиёт стратегиясининг таъсирчан механизмидир. Шундагина у Президентимиз таъбири билан айтганда, таъсирчан ва қудратли қурол бўла олади.
Президент Мурожаатномасида келтирган мутафаккир Имом Мотуридийнинг: «Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай», деган ҳаётий ҳикмати ҳар бир вазир, ҳар қайси раҳбарнинг онги, қалби ва ҳаракатида муҳрланиши лозим», деган даъватлари ўринлидир.
Президент Мурожаатномада тараққиётимизни таъминлайдиган тамойилларни, бу борада амалга ошириш зарур бўлган мақсад ва вазифаларни олтита йўналишда очиб берди. Булар «Ихчам ва самарали давлат бошқарув тизимига ўтиш», «Янги Ўзбекистонни «ижтимоий давлат» тамойили асосида қуриш», «Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш», «Экология, айниқса, сув масалалари глобал муаммога айланаётгани», «Эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш», «Иқтисодиётга маҳаллий ва хорижий хусусий инвестицияларни кўпайтириш учун шароитларни яхшилаш» йўналишлари ёрқин мисоллар ва теран мулоҳазалар билан асослаб берилди.
Давлат раҳбарининг даъвати шуларда намоён бўлдики: қанчалик қийин бўлмасин, танлаган йўлдан ортга қайтиш йўқ, кўзлаган марраларга албатта етиш йўлида нияти улуғ, қалби пок, меҳнаткаш халққа таяниш, бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилиш орқали Янги Ўзбекистонни бунёд этиш.
Мурожаатнома билан синчиклаб танишган инсон, албатта, унинг ҳаёт учун йўлланма, тараққиёт учун қўлланма бўлишига иқрор бўлади.
Раҳимбой Жуманиёзов,
ТИҚХММИ Миллий тадқиқот университети профессори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter