Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳаво етмай бўғилса-да, кулиб турган опаларим!

Ҳаво етмай бўғилса-да, кулиб турган опаларим!

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Жума куни ишдан қайтаётиб бекатда ярим соатча автобус кутиб қолдим. Ниҳоят кўпчиликни интиқ қилган 38-автобус келди. Олой бозоридан бироз бўшроқ жўнаган транспорт йўлма-йўл шундай тирбанд бўлдики, бора-бора ҳаво етишмас даражага етди.

Навбатдаги бекатда тўхтаган автобусга яна бир гала одам ёпирилди. «Бироз сурилсанглар-чи!», дейди транспортга чиқолмай турганлар. Эшикка аранг ёпишиб олганлар «Ичкаридагилар жой бўлса ҳам сурилмаяпти» дея ёзғиради. Ўртароқдагилар «Итарманглар, бу ерда болалар бор, сиқилиб қоляпти» деганча бақиришади. Ишонасизми-йўқми, лекин темир ҳам резинкадек чўзилар экан… Жой йўқлигига қарамай ҳаммани сиғдирди, қойил!

«Ярим соатдан ортиқ кутиб, яна қолиб кетамизми, биз ҳам уйимизга боришимиз керак, болаларимиз бор», деб эшикка ёпишган ва «кондуктор» ёрдамида амаллаб тиқилиб олган аёллар, салдан кейин кула бошлашди.

«Вой, Насибахон, менинг мазам қочяпти, энди нима қиламан. Ҳаво етмаяпти, кўксим босилиб қолди» дея секин кулади улардан бири. Бунга жавобан шериги «Озгина чиданг, кейинги «остановка»да эшик очилса, нафас оволасиз», деб сурилмоқчи бўлгандек қимирлаб қўйди униси ҳам…

Аёлларнинг кулги аралаш айтаётган гапларидан, ўша пайтдаги ҳолатидан очиғи қаттиқ таъсирландим. Бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди, хўрлигим келди.

Чунки бу бўғилиш яна ярим соатдан кўпроқ давом этади. Ахир, олдинда Жанубий вокзалдан Сергелигача давом этадиган «пробка» турибди…

Эҳ, менинг оилам, болам-чақам деб ўзини ўққа-чўққа урган опа-сингилларим! Эҳ, менинг озгина маошини қай бирига етқазсам экан, деб янги кийимни деярли унутган, кези келганда ейиш-ичиш ва ҳаво етмай бўғилса-да, йўл кирадан иқтисод қилиб, фарзандлари олдига ошиқаётган, ўзининг бу ҳолидан ичида йиғлаб, ташқарисида кулаётган азизларим! Яна озгина сабр қилинг!..

Зора, замон бир айланиб, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари аҳолига енгиллик бўлишини ўйлаб, эрталаб ишга кетар, кечга ишдан қайтар вақтга автобуслар қатновини тўғри тақсимлаб қўйишса (бундан бошқасини умид қилишимизга ҳали эрта, назаримда).

Бу ҳозирги пандемия даврида бир марталик қўлқоп тарқатгандан кўра (ундан барибир ҳеч ким фойдаланмаяпти), самаралироқ чора-тадбир бўлармиди дейманда...

Шоҳида Исроилова, журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг