«Ҳарбий қасамёдлар куни». Германия мудофаа вазири ҳам бугундан ишга киришди
Бундестагнинг бугун, 24 июль куни ўтказилган навбатдан ташқари йиғилишида 56 ёшли Аннегрет Крамп-Карренбауэр тантанали равишда қасамёд қилиб, Германия мудофаа вазири сифатида расман ишга киришди. Бу ҳақда «Eeadaily» хабар берди.
Аннегрет Крамп-Карренбауэрни Германия канцлери Ангела Меркелнинг одами сифатида эътироф этишмоқда.
Мана шу навбатдан ташқари йиғилиш учун таътилда юрган 709 нафар депутат қайтиб келди. Уларнинг самолёт чипталари (биринчи классли чипталарга ҳам) пул давлат ғазнасидан ишлатилади. Немислар — ҳисоб-китобли халқ. Масалан, «Die Welt» газетаси ёзишича, депутатларнинг «қайтиш чиптаси» солиқ тўловчиларга 100 минг еврога тушган.
Германия мудофаа вазирлиги бир аёлдан иккинчисига ўтмоқда: Урсула фон дер Ляйен Еврокомиссия раҳбари бўлиб кўтарилиб кетгач, ўрни бўшаб қолганди.
Мавзуга оид: Пентагоннинг янги раҳбари расман иш бошлади. Марк Эспер ҳақида нималарни биламиз?
Янги ҳарбий вазир Аннегрет Крамп-Карренбауэр фаолиятидаги янги бу босқични АҚШнинг ҳарбий харажатларни ЯИМнинг 2 фоизигача ошириш талабига «лаббай», деб жавоб бериш билан бошлаяпти. Афтидан, янги вазир ушбу қарорини Германия олий раҳбарияти билан келишиб олган, хусусан, Германия канцлери Ангела Меркель «вориси» билан деярли бир пайтда мудофаа харажатлари келгусида ошишда давом этиши ҳақида баёнот берди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter