Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳаракат қилмасангиз мўъжиза юз бермайди!..» – санъаткордан дастурчига айланган йигит ҳикояси

Ҳаракат қилмасангиз мўъжиза юз бермайди!..» – санъаткордан дастурчига айланган йигит ҳикояси

«Хориждаги ватандошлар» лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони Буюк Британиядаги Лондон Брунел университети «Компютер фанлари» мутахассилиги магистранти Шаҳзод Илҳомов.

Суҳбатдошимиз Малайзиядаги Limkokwing университетининг «Ахборот технологиялари» йўналиши бўйича бакалавр босқичини тамомлаган.

У билан суҳбатимиз санъат соҳасини тарк этиб нега дастурлашни танлагани, илмий иши ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.

 SEGА ўйинлари сабаб бўлган

Тошкент шаҳрида туғилиб ўсганман. 5-синфгача 295-мактабда, кейинроқ янги уйга кўчганимиз сабабли 297-мактабда ўқиганман.

Мактабда барча фанлардан аъло баҳо олганман. Айниқса, инглиз тили ва математика фанларига қизиқишим юқори бўлганлиги туфайли, шу фанлар бўйича олимпиадаларда қатнашар эдим.

Инглиз тилини болаликдан яхши билишимга ота-онамнинг совға қилган SEGА ўйинлари сабаб бўлган. Унда учраган инглиз тилидаги матнларни кейинги босқичга ўтиш учун инглиз тили луғат китобидан кўп фойдаланишимга тўғри келган. Натижада сўзларни ёдлаб эмас, одатда учратиш орқали эслаб қолганман.

16 ёшимда Парижда саёҳат қилганман

Кичкиналигимдан чет эл мамлакатларини кўришни орзу қилардим. Мактабни тамомлаб коллежга энг юқори балл билан кирганим сабабли 16 ёшимда илк марта Франциянинг Париж шаҳрига онам билан саёҳат қилганман.

Ушбу саёҳат катта таассурот қолдирган ва келажакда Европа давлатларининг бирида таълим олиш нияти пайдо бўлган. Бунга сабаб, саёҳат пайтида онам инглиз тилини билмас эдилар ва мен тилини яхши биламан деган фикрда эдим. Аммо чет элликлар билан мулоқот қилиш аслида осон эмас ва биз Ўзбекистонда ўрганган талаффуз анча фарқ қилишини англаганман. Европаликларнинг самимий эканлиги ва ҳар бир инсонга кулиб қараши яхши таассурот қолдирган. Ушбу саёҳатдан кейин хорижга бўлган қизиқишимнинг асосий сабаби Франция давлати бўлиб қолди.

«Distinction» билан тамомладим

Бакалаврда таҳсил олиш учун давлат танлаш осон кечмаган. Бир нечта давлатларнинг таълим тизими ҳақида интернет орқали ўрганишга тўғри келган. Бу давлатлар ичидан Малайзия давлати якуний қарор бўлди. Нега айнан Малайзия деган саволга эса мақсадим бакалаврни Осиё мамлакатларининг бирида, магистратурани эса Европа ёки АҚШда ўқиш нияти эди. Бакалавр учун топширмоқчи бўлган йўналишим дастурлаш соҳаси ва бу йўналишда Малайзия фақат Осиёда эмас, балки дунёда етакчи ўринда туради. Энг асосийси бакалавр даври тўлиқ инглиз тилида бўладиган Limkokwing University of Creative Technology’ни танладим ва биздаги қизил дипломга тенг «Distinction» билан тамомладим.

Ўқишнинг яхши тарафларига келсак, у ердаги таълим тизими бизникидан анча фарқ қилади. Масалан, талабанинг соч турмаги, формаси кабилар аҳамиятга эга эмас ва биринчи ўринда билимга эътибор берилади. Дарс жадвали одатда талабага мосланади ва ҳар семестр бошида 2-3 хил вариантлардан мақбул жадвални танлаб олишингиз мумкин. Дарслар ҳафтада 2-3 кун давом этса-да, лекин ўқитувчилар барча мавзуларни тўлиқ ёритиб беришади. Қолган кунлари эса талабаларга ўқув материаллари тақдим этилади ва бемалол мустақил ўз устингизда ишлайсиз. Айнан дастурлаш соҳаси учун барча ўқув материаллари ва сўнгги моделдаги компьютерлар мавжуд, улардан эса исталган вақт бемалол фойдаланишингиз мумкин.

Умумий қилиб айтганда, ушбу тизим менга ёқди ва Малайзияни танлаб адашмаганлигимдан хурсандман. Камчиликлари эса, у ерда барча нарса ўқувчининг ўзига боғлиқ. Агарда сиз ўз устингизда ишлай олмасангиз, одатда у ерда ҳеч ким сизни дарсда қатнашишингиз ёки мавзулардан қолиб кетаётганингиз ҳақида огоҳлантирмайди. Барчаси семестр охирида имтиҳон кунлари маълум бўлади. Имтиҳонлар эса ҳеч қандай ёрдам ва эслатмаларсиз жуда оғир тарзда ўтказилади. Шу боисдан ўнлаб ватандошларимиз имтиҳонлардан йиқилиб ортга қайтишга мажбур бўлишди.

Янги келганлар учун эса энг катта қийинчилик бу муҳитга жойлашув бўлади. Таомлар ва об-ҳаво катта фарқ қилади ва баъзан шу сабабли ҳам ўқишни охирига етказмай қайтадиганлар бор.

Санъатдан дастурчиликка

Очиғи, мактабни битирган даврим дастурлаш ҳақида ўйламаганман. У пайтда мусиқа ёзишга қизиқишим кучли эди. Мактабни битириб Тошкент маданият коллежига топширганман. Коллеж пайти хонандаларга мусиқа ёзиб бериб ва шулар орасида ўзимнинг қўшиқларимни ҳам яратганман. Кейинроқ фикрлашим ўзгарди ва биздаги санъатдан кўнглим тўлмасликни бошлади. Шу орада АҚШга саёҳат қилдим. Тўғрисини айтсам у ерда бошқа иш қилиб ҳам биздаги санъаткорлардан яхшироқ турмуш тарзини кечираётган ватандошларимизни кўрдим ва бу ҳаётимни тубдан ўзгартирди. Қайтиб келганимдан кейин эса бошқа бир соҳани эгаллаш фикри уйғонди. Мусиқани бутун кун давомида компьютер олдида ўтириб ёзишга одатланганим, инглиз тили ва математика билимларим етарли бўлгани учун дастурлаш соҳасини ўрганишга қарор қилдим. Шундан кейин эса IT соҳасини ўрганиш ва бакалавр даражасини олиш учун Малайзия давлатига кетганман.

Илмий ишим Augmented Realityга алоқадор

Магистратура бўйича эса, бошида бу босқични Қўшма Штатларда ўқиш фикри келган. Аммо пандемия сабабли АҚШ элчихонаси номаълум муддатга ёпилган эди. Кейин эса Австралиянинг Сидней шаҳрида ўқимоқчи ҳам бўлдим. Бироқ, Австралияда ҳам шу муаммога учрадим. Кутиб вақт йўқотмаслик учун яна бир ривожланган мамлакат ва таълим тизими бўйича юқори ўринда турадиган Буюк Британия давлатига боришга қарор қилдим. Шу даврда оила қурдим ва Лондонга оилам билан бирга келдим. Бугунги кунда, Лондон Брунел университетинг «Компютер фанлари» мутахассилиги битирувчи магистрантиман.

Албатта битиришдан аввал биздан илмий иш топшириш талаб этилади. Бу чет элда ўқийдиган талаба учун энг қийин ва оғир давр деса ҳам бўлади. Сабаби, ўз тилингизда ҳам қийинлик қиладиган бу вазифани бошқа бир тилда ёзиб топширишнинг ўз қийинчилиги бор.

Илмий иш мавзуйим «Exploring the factors that impact the user experience in mobile augmented reality applications». Ўзбек тилида «AR’га асосланган мобил қурилма дастурларида фойдаланувчига таъсир этувчи омиллар». Бу илмий иш эса ҳозирги пайтда ривожланиб бораётган Augmented Reality (AR) технологияси қўшилган дастурлардаги фойдаланувчи муаммоларига ечимлар таклиф этиш ва виртуалликнинг янги имкониятларини очиб беришга асосланган. Илмий иш мобайнида эса ушбу камчиликларни ҳал этиб ва янги имкониятларга эга бўлган дастур лойиҳасини тақдим этишни ният қилганман.

Бир неча ой, баъзиларга эса йил...

Хорижда ўқиш мустақил ҳаётга ўрганиш ва катта ҳаёт аслида қандай эканлигини англаш имконини беради. Дунёқараш тубдан ўзгаради, сабаби сиз турли хил миллат вакиллари орасида яшайсиз ва дўстлашасиз. Умуман олганда бутунлай бошқа ҳаётга тушасиз. Барчасига мослашиш эса кимларгадур бир неча ой, баъзиларга эса йилни ҳам ташкил этиши мумкин. Қийинчиликлар албатта бўлади. Аммо бу ердаги имкониятлар бу қийинчиклардан устун келади. Қийинчиликлар эса ота-она ва яқинларингиздан узоқда яшаш, янги об-ҳаво ва муҳитга мослашиш бўлади. Лекин қийинчиликлар инсонни кучли қилиб боради ва имкониятларингиздан тўғри фойдаланишни ўргатади. Бу ердаги имкониятлар ҳақида гапирсам энг аввалло бу ерда таниш-билишларсиз натижага эришиш мумкин. Агар сиз ҳақиқатдан ҳам билим ва салоҳиятга эга инсон бўлсангиз улар сизни қадрлашади.

Қоида бузишга эмас, тартиб учун тузилгани сезилади

Буюк Британиянинг кўп ижобий тажрибаларини Ўзбекистонда жорий этилишини истайман. Мисол учун, бу ерда аниқ бир ойлик эмас, балки ишлаган соатингиз учун пул оласиз. Бу эса ишчига мотивация бера олади. Лондоннинг яна бир ёқадиган тарафи йўл ҳаракати тартибли ва сиз ўзингизни хавфсиз ҳис этасиз. Йўл ҳаракати қоида бузишга эмас, тартиб учун тузилгани сезилади. Яна бир айтишим керак бўлган нарса бу ерда жамоат транспорти жуда ҳам яхши ривожланган ва ушбу транспортларда сиз деярли давлатнинг ичида исталган нуқтага боришингиз мумкин.

Шунингдек, тиббиёт соҳаси яхши ривожланган ва бу ерда дорихоналарни деярли кўрмайсиз. Агар сиз шифокорга учрашсангиз одатда сизга дориларнинг рўйхатини эмас, балки унинг ўзини ҳам бепул беради. Дорихоналарда бизнес қилиб юбормаслик ва инсон саломатлигига хавф туғдирмаслик учун аллергия ва йўталга қарши дорилардан бошқасини шифокор тавсиясисиз берилмайди. Бу эса қайсидир маънода инсон саломатлиги учун яхши тизим деб ўйлайман.

Дастурлашни танламоқчи бўлганларга...

Энг асосийси соҳани яхши кўринг ва қизиқишингиз чин эканлигини англанг. Бировларнинг фикри ва мақтовларига эмас, ўзингизнинг фикрингизга таянинг. Сиз чиндан ҳам дастурчи бўлишни хоҳлайсизми ва бу соҳада ўзингизни кўра оласизми?

Бунинг учун эса дастурлашни бошлашдан аввал дастурчилик ўзи нима, унинг вазифаси қандай, бу соҳа сизга нималар бера олади ва бошқа омиллар ҳақида интернетдаги мақолаларни ўқиб кўришга вақт ажратинг. Агар чиндан бу сизнинг келажак соҳангиз бўлса унда ўрганишни бошлашингиз мумкин.

Устоз орқали ўрганиш даврида дастурлашни бошлаб олиш учун рус ёки инглиз тили керак эмасдек туйилишини ҳам сезасиз, аммо агар чиндан ҳам ўсишни истасангиз ва тенгдошларингиздан бир қадам олдинда бўлишни хоҳласангиз инглиз ва рус тилларини билишингиз керак. Яна бир нарса, дарслардаги билимлар ҳеч қачон сизни дастурчи қилиб қўймайди. Университет бўладими ёки ўқув марказ унинг фарқи йўқ, ҳақиқий қаҳрамон бу фақат ўзингиз ва ҳаракат қилмасангиз мўъжиза ҳеч қачон юз бермайди. Дарслар сизга фақат йўлни кўрсатади, юриш эса сизнинг вазифангиз. Шу сабабли фақат сизга берилган вазифалар билан чекланиб қолманг ва доим изланишда бўлинг. Натижа эса сиз ҳаракатдан тўхтамасангиз албатта бўлади.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг