Ҳар куни 75 километр йўл босиб мактабга қатнайдиган ўқитувчига поездда бепул юриш имконияти берилди
Куни кеча ижтимоий тармоқларда 75 километр йўл босиб, яъни Попдан Наманганга бориб мактабда дарс бериб келаётган, Муниса Мелибоева ҳақида хабарлар берилган эди.
Ўз касбининг фидоийси бўлган ушбу ўқитувчи қиз ҳар куни темир йўлдан фойдаланишини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан унга имтиёзли сертификат берилди. Наманган темир йўл вокзалида мазкур ҳужжат ўз эгасига топширилди. Ёш ва шижоатли ҳамда ҳаракатчан Муниса Мелибоева ушбу сертификат билан 6381/6382-сонли Қўқон – Наманган йўналишидаги шаҳарлараро қатновчи электропоездларида Поп – Наманган ва Наманган – Поп йўналишида 2021 йилнинг 31 декабрига қадар бепул юриш имкониятига эга бўлди.
– 8-март – Халқаро хотин қизлар байрами арафасида менга жуда катта совға бўлди, – дейди Муниса Мелибоева. – Бунинг учун мен аввало муҳтарам Президентимизга, Транспорт вазирлигига ҳамда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбариятига ўзимнинг чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Бундай қулайликдан фойдаланиб, бор билимимни, тажрибамни ишга солиб, ёшларимизнинг етук инсон бўлиб етишишларига ўзимнинг янада кўпроқ ҳиссамни қўшишга ваъда бераман.
Албатта, бугунги кунда мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама билимли, соғлом ва комил инсон қилиб тарбиялаб вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатларни рўёбга чиқариш учун малакали кадрларни, айниқса, ўз касбини севиб, олис ҳудудларга бориб ёш авлодни тарбиялаётган ўқитувчиларни қўллаб қувватлаш, уларга қулайликлар яратиб бериш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter