Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ҳаммаси ўзгариб кетди» – «Scratch» дастурлаш тили бўйича ўқув курслари бўлмоқда (видео)

«Ҳаммаси ўзгариб кетди» – «Scratch» дастурлаш тили бўйича ўқув курслари бўлмоқда (видео)

Фото: Xabar.uz

Қорақалпоғистон ва Хоразмда мураккаб дастурлаш тили «C++» бўйича ўқув курслари бўлаётгани тўғрида хабар берган эдик.

Мамлакатимиз АКТ соҳасида бўлаётган ўзгаришлар ўлароқ, 8-16 ёшли ўқувчига мўлжалланган турли анимацион ўйинлар, мультфилмлар яратишга ихтисослашган «Scratch» дастурлаш тили бўйича ҳам ўқув курслари ташкил этилди.

Информатика ва ахборот технологиялари бўйича замон талаблари ўзгариб борар экан, информатика фани ўқитувчиларини қайта ўқитиш ва малакасини ошириш зарурияти пайдо бўлди. «Xabar.uz» Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларида бўлиб, соҳадаги ўзгаришларни кузатди.

Халқ таълим вазирлиги ташаббуси билан Қорақалпоғистоннинг 17 та туманида 15 нафардан, жами 255 нафар информатика ва ахборот технологиялари фани ўқитувчиларини «Scratch» дастурлаш тили бўйича малака кўникмаларини ошириш мақсадида 72 соатлик ўқув курслари ташкил қилинган.

Хоразм вилоятида эса айни шу дастурлаш тили бўйича 195 нафар ўқитувчи керакли билим ва кўникмаларни эгаллашмоқда. Ўқув жараёнларини ташкил қилишда «CodeCraft» яқиндан ёрдам бермоқда.

Қорақалпоғистон Республикасининг 37-мактаби ўқитувчиси Улзада Жумамуродова ўқув курси бўйича фикрларни баҳам кўрди: «Ҳаммаси ўзгариб кетди. Аввал мен айрим педагогик ўйинларни ўқувчиларга қўл телефонларида ўйнашларини тавсия қилардим. Ҳозир шу ўйинларни ўзим яратишни ўрганяпман».

Республиканинг бошқа туманларида ҳам «Scratch» курслари яхши йўлга қўйилган бўлиб, барча ўқитувчилар янги методикаларни эгаллаётганларидан мамнунлигини билдиришди.

«Ўзингиз яратган дастурни ўқувчиларда қўллаш завқли», – дейди Хоразм вилояти Урганч шаҳар 18-мактаб ўқитувчиси Нилуфар Жуманиёзова.

Маълумот ўрнида, «Scratch» – бу асосан кодни ўрганишда ёрдам берадиган 8-16 ёшдаги болаларга мўлжалланган блокли визуал дастурлаш тили ва веб-сайти. Сайт фойдаланувчилари интернетда блокка ўхшаш интерфейс ёрдамида лойиҳалар яратишлари мумкин. Хизмат 70 дан ортиқ тилларга таржима қилинган ва дунёнинг аксарият қисмларида қўлланилади. «Scratch» қизиқарли ва дастурлашни ўрганиш осон бўлиши учун яратилган. Унда блокларга асосланган дастурлаш ёрдамида интерактив ҳикоялар, ўйинлар, бадиий, симуляция ва бошқаларни яратиш учун воситалар мавжуд.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг