Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ҳалок бўлганлар рўйхатига киритилган полициячи 17 йилдан сўнг тирик чиқди

Ҳалок бўлганлар рўйхатига киритилган полициячи 17 йилдан сўнг тирик чиқди

Фото: «Daily Mail»

Индонезияда 17 йил аввал цунами оқибатида ҳалок бўлганлар рўйхатига киритилган полиция офицери Абрип Асеп тирик ҳолда топилди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВларга таяниб «Daily Mail» хабар бермоқда.

2004 йил 26 декабрда рўй берган табиий офат туфайли минглаб одамлар қурбон бўлишган. Полициячининг оиласи ҳам унинг оламдан ўтганига ишонишган. Аввалига уни бедарак йўқолганлар рўйхатига киритишган, сўнг расман ҳалок бўлди деб эълон қилинган.

Маълум бўлишича, ўтган йиллар давомида полициячи Ачех вилоятидаги руҳий касалликлар шифохонасида бўлган. Цунами пайтида бошидан кечирган даҳшатлар оқибатида унинг руҳий аҳволи оғирлашиб қолган.

«Ростини айтсам, ишониш қийин. 17 йил мобайнида ундан ҳеч қандай хабар бўлмаган, уни ўлди деб ўйлардик. Унинг тирик бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаганмиз», — дейди Асепнинг қариндошларидан бири.

Руҳий касалликлар шифохонаси Асепнинг ота-онасига унинг шифохонада ётгани ҳақида нега хабар бермагани ҳозирча қоронғи.

2004 йил 26 декабрь куни Индонезияда Рихтер шкаласи бўйича 9 балли зилзила содир бўлган. Ер силкиниши натижасида Жануби Шарқий Осиё мамлакатларида келиб чиққан цунами 270 мингдан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг