Ҳабиб Нурмагомедов отасининг аҳволи ёмонлашгани айтилмоқда
Россиялик мураббий ва аралаш жанг усули (MMA) курашчиси Ҳабиб Нурмагомедовнинг отаси Абдулманноп Нурмагомедовнинг аҳволи ёмонлашгани маълум бўлди. Бу ҳақда «РИА Новости»га берган интервьюсида олимпия кураши ҳаками, Нурмагомедовлар оиласининг дўсти Убайдула Османов айтиб ўтган.
Унинг сўзларига кўра, Абдулманноп Нурмагомедов 3 май куни Москвадаги шифохонага ётқизилган.
«Менга унинг яқин қариндоши қўнғироқ қилиб, аҳволи бирдан ёмонлашгани ва Москвага етказилганини айтди. Юрагида муаммо бўлса керак, деб ўйлайман», — деди у.
57 ёшли мутахассис 25 апрель куни Доғистондаги шифохонага тушгани ҳақида хабар бергандик. Пневмонияга гумон бор эди. Бироқ ўшанда мураббий ўзини яхши ҳис қилаётганини айтганди.
Нурмагомедовнинг ўғли — енгил вазнда Ultimate Fighting Championship нинг мутлақ чемпиони. Бундан ташқари, промоушенда россиялик мураббийнинг бошқа шогирдлари ҳам иштирок этади — Ислом Махачев, Абубакар ва Умар Нурмагомедовлар.
Спортчи сифатида Абдулманноп Нурмагомедов самбо ва дзюдо бўйича Украина чемпиони бўлган. Унинг шогирдлари орасида самбо бўйича жаҳон чемпионлари ҳам бор.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter