Грузиядаги сайловнинг экзитпол натижалари эълон қилинди

Бугун, 2 октябрь куни Грузияда маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларига сайловлар бўлиб ўтди. Етакчи «Грузия орзуси» партияси 47,6 фоиз овоз билан пешқадамликни сақлаб қолди, собиқ президент Михаил Саакашвилининг «Ягона миллий ҳаракат» партияси овозларнинг 27,1 фоизини тўплади, дейилади «Имеди» телеканали экзитпол хабарида.
«Имеди» собиқ футболчи Каха Каладзе Тбилиси мэри лавозимини сақлаб қолишини ҳам таъкидламоқда — сайловчиларнинг 51 фоизидан зиёди унга ишонч билдиришди.
Бироқ мухолифатчи «Мтавари архи» ва «Формула» телекомпанияларининг экзитполлари бошқачароқ, яъни, Тбилиси ҳокимлиги учун сайловнинг иккинчи тури ўтказилишини кўрсатмоқда. Булар тарқатган маълумотга кўра, Каладзе сайловчиларнинг 40 фоиздан 43 фоизгача овозини олган, холос. Унинг рақиби — «Ягона миллий ҳаракат» партияси етакчиси ва номзоди Никанор Мелияга эса 39 ёки 40 фоиз сайловчилар овоз беришган.
Сайловнинг иккинчи тури бирон-бир номзод 50 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмаган тақдирда ўтказилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter