Грузия суди Саакашвилининг қамоқ муддатини яна 4,5 йилга узайтириб берди

Грузия суди собиқ президент Михаил Саакашвилини 2021 йилда чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун яна 4,5 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда 17 март куни маҳаллий «ТВ Пирвели» телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, суд қарори натижасида Саакашвилининг умумий қамоқ муддати 2034 йилгача узайтирилган. Собиқ президентнинг ўзи суд мажлисида иштирок этмаган.
2021 йил октябр ойида Саакашвилига қарши чегарани ноқонуний кесиб ўтиш бўйича иш очилган эди. Ўшанда у Украинадан Грузияга сут маҳсулотлари ортилган юк машинасига яшириниб қайтган.
Аввалроқ, 12 март куни собиқ президент давлат бюджетидан қарийб 9 миллион лари (3,2 миллион доллардан ортиқ) маблағни ўзлаштирганликда айбланиб, тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Грузия прокуратурасига кўра, бу маблағнинг салмоқли қисми 2009–2012 йилларда сиёсатчининг шахсий эҳтиёжлари, жумладан, ҳашаматли буюмлари учун сарфланган.
Бюджетни ўғирлаш ва чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатларидан ташқари, Саакашвили 2007 йилдаги митингни ноқонуний тарқатишда ҳам айбланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter