Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғишт заводидаги воқеа ёки ОБХССга аталган сўнгги пора

Ғишт заводидаги воқеа ёки ОБХССга аталган сўнгги пора

Ўз вақтида ғишт заводи директори бўлиб ишлаган Фалончи ака қизиқ «ҳангома»ни айтиб берди...

Эсимда, янги йил байрами арафаси эди. 1994 йил. Ишчиларга бепул озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатдик. Ёғ, гўшт, гуруч... рўйхат анчагина эди. Аммо ишчилар ўзларига керакли маҳсулотларни олишар, бу эса битта ягона ведомость тузишга монелик қиларди. Мен ўйлаб-ўйлаб, ҳар бир ишчига алоҳида рўйхат тузишни, уни қоғозга иккита устунда бир хил тарзда ёзиб, ўртасига муҳр уришни ва бу қоғозни узунасига йиртиб, ярмини ишчига, ярмини ўзимизга олиб қолишни бухгалтерияга тайинладим.

Худди шундай бўлди. Ҳамма шодон, кайфиятлар зўр. Мен ўзим байрамдан сўнг, янги йилнинг дастлабки кунларига оромгоҳга хотиним билан кетиш учун йўлланма олиб қўйганман.

Ўшанда бошқа ғишт заводлари директорлари мени кўрганида ёзғириб қолар, ишчилари норози бўлаётганини айтишарди. Сабаби, улар ўзининг жамоасига бепул озиқ-овқат маҳсулотлари беришолмас, ишлаб чиқариш кўрсаткичлари паст эди. Ишчи-ходимлари бизнинг корхонамиз жамоаси яхши маошдан ташқари рўзғорига керакли маҳсулотлар олаётганини ҳам айтиб, ғавғо кўтаришаркан...

Янги йил байрами ўтди. Ишга сал кечикиб борсам, хонамнинг эшигига муҳр босилган, ҳисобчилар алағда! Нима гап, деб сўрасам, ОБХССдан икки ходим келиб муҳрлаб кетганини айтишди. Ҳайрон бўлдим. Улар қўнғироқ қилишимни кутаётган бўлса-да, мен сим қоқмадим. Эртаси куни ўзлари боғланишди.

– Ишларингиз чатоқ-ку, – дейишди. – Ишчиларга озиқ-овқат тарқатганмиз деб, ҳужжат тузмагансиз. Қонун бузилишига йўл қўйилган. Корхонангиз ёпилади, ишингиз судга оширилади. Сиз – жиноятчисиз!

– Марҳамат, келиб текширинглар, – дедим мен.

Келишди. Мен ким арз қилгани билан қизиқдим, айтишмади. Балки ҳамкасбларимдан бири уюштиргандир деб ҳам ўйладим. Айтишмади. Корхонамизнинг авра-астарини ағдаришди. Ишчиларда ва ўзимизда қолган муҳрли қоғозларни кўриб, ҳеч нима қилишолмади.

– Сенлар номардсан, – дедим мен ОБХСС ходимларига. – Ҳаромдан ҳеч қачон қайтмайсан!

Орадан маълум вақт ўтгач, трест бошлиғи мени чақириб қолди.

– Нега жим юрмайсан? – деди у. – ОБХСС бекорга текширмайди.

– Менда ҳаммаси жойида, – жавоб бердим мен.

– Сен бу гапларни қўй, бўладиган гапдан гапир! Агар булар яна текширадиган бўлса, барибир айб топишади.

– Марҳамат, текширсин, – дедим аччиқланиб.

– Бас қил, буларнинг оғзини ёпиш керак.

Хулас, трест бошлиғи, ОБХССнинг ўша икки ходими ва мен бирга тушликка чиқдик. Роса еб-ичдик. Мен уларга эртага 1 миллион сўм-купон беришимни айтдим. Дарров рози бўлишди – айбим йўқ-да!..

Кечқурун уйда телевизор кўриб ўтириб, кўзларим чарақлаб кетди: ОБХСС ташкилоти тугатилгани эълон қилинган эди.

Бироқ икки ходим барибир пул сўраб келди. «Сиз лафз қилгансиз, бир миллионни беринг», дейишди.

– Сенларга айтгандим-а, номардсан, деб, – дедим уларга. – Ташкилотинг тугаган бўлсаям келиб ўтирибсанлар. Ўрганиб қолгансанлар-да! Майли, сенлар номард бўлсанг ҳам мен мардлик қилиб айтган пулимни бераман!

Бир миллион сўм-купонни қопдай қилиб уларнинг олдига қўйдим. Индамай олишди. Орқаларидан қараб қолдим...

Шу одамлар ҳам ўлиб кетди, деб тугатди сўзини Фалончи ака.

А.Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг