100 доллар пора берган ҳайдовчининг озодлиги икки йилга чекланди

Жиноят ишлари бўйича Қоракўл туманида кўриб чиқилган суд ишида 100 АҚШ доллари эвазига ўз «айби»ни ёпмоқчи бўлган 35 ёшли фуқаронинг озодлиги икки йилга чекланди.
Билдирилишича, фуқаро Х.Ж. бошқа бир шахсга тегишли «Damas» автомашинасини транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз бошқарган. Унинг автомашинани ҳужжатларсиз бошқаргани Қоракўл туманидан ўтувчи М-37 автомобил йўлининг 329-километрида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хизмат олиб бораётган инспектор С.Ҳ. томонидан аниқланган. Инспектор ҳайдовчи Х.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 128-моддаси (Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги) 1-қисми, 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирган. Автомашина жарима майдончасига жойлаштирилган.
Орадан икки соат ўтгач, «Меҳр» МЧЖга қарашли жарима майдончаси олдига келган Х.Ж. инспектор билан учрашган. Унга нисбатан енгилроқ жазо назарда тутилган ҳуқуқбузарлик билан баённома расмийлаштириш ва автомашинани жарима майдончасидан чиқариб беришни сўраб, эвазига 100 АҚШ долларини инспекторнинг чўнтагига солган.
Инспектор зудлик билан Х.Ж.ни огоҳлантириб, хатти-ҳаракатларини тақиқлаган ва гувоҳларни чақирган. Ҳолат юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Х.Ж. айбига иқрор бўлиб, чин дилдан пушаймонлигини билдирган.
Суд ҳукмига кўра, айбдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 211-моддаси (пора бериш) билан 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазосини қўлланилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter