Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Германия ва Ўзбекистон туризм йўналиши тадбиркорлари иштирокида муҳим тадбир бўлиб ўтди

Германия ва Ўзбекистон туризм йўналиши тадбиркорлари иштирокида муҳим тадбир бўлиб ўтди

Куни кеча Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Германия туристик ассоциацияси (Deutscher Reiseverband e.V. – DRV) билан ҳамкорликда Германия ва Ўзбекистон туризм соҳаси вакиллари иштирокида «Destination forum» халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда Мадпаният ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Германия туристик ассоциацияси расмийлари Норберт Фибиг, Клаус Ҳилдебрандт, Клаус Манголд ҳамда икки мамлакатнинг йирик туристик компаниялари раҳбарлари иштирок этди.

Маълумот учун, Германиянинг йирик туркомпаниялари ёрдамида Ўзбекистоннинг туризм имкониятларини Ғарбий Европа бўйлаб тарғиб қилиш ва ушбу қитъадан юртимизга келувчи туристлар сонини кўпайтириш мақсадида жорий йилнинг 10-17 май кунлари Германиянинг 80 нафар туристик компаниялари вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилмоқда.

DRV - Германиянинг туризм соҳасидаги етакчи ассоциация бўлиб, у Германия туристик бозори даромадининг қарийб 90 фоизини ташкил этувчи, хусусан, етакчи туроператорлар, туристик агентликлар, авиакомпаниялар, темир йўл, меҳмонхоналар ва бошқа сайёҳлик бизнеси корпорацияларини ўзида бирлаштиради.

Саёҳат давомида германиялик туроператорларни сўнгги йилларда туризм соҳасида олиб борилган ислоҳотлар ва яратилган имкониятлар билан яқиндан таништириб, улар учун Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё, Жиззах, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойлари, маданий мерос обектлари, туризм қишлоқлари ва оилавий меҳмон уйлари бўйлаб инфо-турлар ташкил этилди.

«Destination forum» давомида германиялик ва ўзбекистонлик туризм йўналиши тадбиркорлари иштирокида «Destination forum» анжумани ва B2B учрашувлари ташкил этилади. Шунингдек, Германиянинг энг йирик сайёҳлик агентликлари ва туроператорларига европаликлар учун Ўзбекистонни устувор сайёҳлик йўналиши сифатида таништиришга қаратилган тақдимотлар ўтказилди.

«Ўзбекистон ва Германия ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик икки давлатнинг иқтисодий алоқаларини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан биридир. Шу боисдан Ўзбекистон мунтазам равишда Германияда ташкил этиладиган жаҳондаги энг йирик «Ay-Ti-Bi-Berlin» туристик ярмаркасида иштирок этиб, Германиянинг етакчи ОАВ вакиллари ва туроператорлари учун мамлакатимизга пресс-тур ва саёҳатлар уюштирмоқда. Шунингдек, Германияда «Ўзбекистон туризм ва маданияти кунлари» ўтказиш яхши анъанага айланди», – деб айтиб ўтди Маданият ва туризм вазири О.Назарбеков.

Тадбир давомида Германия туристик ассоциацияси аъзолари билан биргаликда туризм дастурларини кенгайтириш, Германиядан келадиган туристларни қизиқтирадиган янги туристик маршрутларни ишлаб чиқиш ва немис туроператорлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш, қолаверса, туристик компаниялар ўртасида шартномалар тузиш ва ҳамкорлик тармоқларини кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг