Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғазо секторида 76 нафар қозоғистонлик борлиги маълум бўлди. Ўзбекистонлик-чи?

Ғазо секторида 76 нафар қозоғистонлик борлиги маълум бўлди. Ўзбекистонлик-чи?

Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияровнинг маълум қилишича, Ғазо секторида 76 нафар қозоғистонлик қолиб кетган.

Zakon.kz хабарига кўра, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган брифингда Айбек Смадияров 1 ноябрь куни Ғазо секторидан чет эл фуқаролари ва икки фуқароликка эга фаластинликларни эвакуация қилиш бошланганини маълум қилган. Аммо, афсуски, 4 ноябрь куни «Рафат» назорат-ўтказиш пункти орқали хорижликлар ва ярадорларни эвакуация қилиш вақтинча тўхтатилган.

«Миср ва Исроил томонлари талабига кўра, ҳар бир давлатга Рафат пункти орқали хорижлик фуқароларнинг ўтиши учун маълум сана берилади. Бунда кунига 500 га яқин кишининг жорий ўтказиш қобилияти, шунингдек, умумий сони ҳисобга олинади. 45 га яқин давлат элчихоналари томонидан тақдим этилган рўйхатдаги одамлар сони эса 7 мингга яқинни ташкил этади. Бизнинг маълумотларимизга кўра, бугунги кунда Ғазо секторида Қозоғистон Республикасининг 76 нафар фуқароси бор. Уларнинг оила аъзолари билан бирга 161 киши», дейди Айбек Смадияров.

Шу билан бирга, Миср ва Исроил томонида хорижлик фуқароларнинг оила аъзоларининг чиқиб кетиши бўйича муайян талаблар мавжуд. Мисол учун, тахминан учдан бир қисми юқоридаги талабларга мувофиқ эвакуация қилинмайди. Булар — катта ёшдаги болалар, турмуш ўртоқлари, неваралари ва болаларининг турмуш ўртоқлари.

«Шунга кўра, айрим фуқароларимиз оила аъзоларини олиб чиқиб кетишнинг иложи йўқлиги сабабли Ғазо секторини тарк этишга тайёр эмаслар», қайд этади ТИВ вакили.

Исроил Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётини ҳамон давом эттирмоқда. Исроил ҳаво кучларининг марказий анклавдаги қочқинлар лагерига уюштирган ҳужуми натижасида, Ғазо соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, камида 33 киши ҳалок бўлган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушда фаластинликлар қурбон бўлганлар сони 9448 нафарга етди. Ишғол остидаги Ғарбий Соҳилда зўравонлик ва Исроил рейдларида 140 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ТИВ расмийси Фаластинда қанча ўзбекистонлик борлиги ҳақида аниқ маълумот йўқлигини айтганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг