Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғазо: бомба остида қолган қизалоқнинг кундалигидаги ёзув...

Ғазо: бомба остида қолган қизалоқнинг кундалигидаги ёзув...

Ғазо қирғинбарот, очлик, ташналик ва умидсизлик маконига айланганига салкам бир ой бўлмоқда. Исроил ҲАМАСнинг ҳужумига жавобан бомба ёғдиришда давом этмоқда, қамалдаги ҳудудга ҳарбий бўлинмалар ҳам киритилган. Яҳудий давлати ҳарбий кучлари Ғазодаги масжид, мактаб, шифохона каби масканларга ҳам зарба бермоқда.

Халқаро ташкилотлар Фаластинда тинч аҳоли вакиллари, болалар ва аёллар ўлими шиддат билан ошиб бораётганидан жиддий хавотирда.

BBC нашри сўнгги кунларда Исроил бомбардимонидан ҳалок бўлган бир неча тинч аҳоли вакиллари ҳақида мақола чоп этди. Улар орасида ҳали болаликнинг завқига тўймаган норасидалар, ўн гулидан бир гули ҳам очилмаган қизалоқлар бор.

Юсуф Абу Мусо, 7 ёш

2007 йилдан бери қамал ҳолатида яшаётган Ғазода электр энергия жиддий муаммо саналади. Бу жиҳатдан  7 ёшли Юсуф ва унинг 9 ёшли акаси Ҳамид ва 13 ёшли опаси Жура ўзларни бахтли ҳис этишарди. Гап шундаки, Хон Юнусдаги шифохонада рентгенолог бўлиб ишлайдиган оталари Муҳаммад Абу Мусо уй томига қуёш панеллари ўрнатган, болалар чироқ ўчганда ҳам бемалол мультфильм томоша қилишар эди.

15 октябрь куни ҳам опа-укалар телевизор кўриб ўтирган эди... Исроил армияси уларнинг уйига ракета зарбаси беради. Жура ва Ҳамид мўъжиза туфайли жароҳат олади, холос. Юсуф эса ҳалок бўлади.

Ўша машъум тунда оила бошлиғи Муҳаммад Абу Мусо шифохонада навбатчиликда эди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган «Жингалак сочли ўғлим қани?» дея жигарпорасини қидириб юрган онанинг видеоси кўпчиликни ларзага солди.

«Мен ўғлим Юсуфни сўнгги марта ишга отланган пайтимда кўрдим. У хонадонимиз остонасида югуриб келиб мени қучоқлади. Юзимдан ўпиб хайрлашди. Унга печенье ва банан бердим. Ўғлим шифокор бўлишни орзу қиларди», – дейди марҳум болакайнинг отаси.   

Шифокор Мидат Сайдам, 47 ёш

Ғазодаги «Ал-Шифо» шифохонаси жарроҳи Мидат Сайдам 15 октябрь куни ҳаддан зиёд чарчаган эди. Беморлар кўплигидан 47 ёшли шифокор бир ҳафта давомида уйга бормай ишлаётганди.

Ҳамкасбларига уйга бориб бироз дам олиб келаман деб кетган Мидат Сайдам бир неча соатдан кейин Исроил бомбасидан ҳалок бўлади. Унинг уйига ҳам ракета келиб тушади.

«Эртаси куни оғир-вазмин, қувноқ ва оқкўнгил ҳамкасбимиз шифохонага қайтиб келди, фақат тирик эмас, балки жасад ҳолида», – дейди доктор Аднан Албурш.

Ҳамкасблари узоқ йиллардан бери жарроҳлик қилиб келган Мидат Сайдамнинг бевақт ўлими нафақат «Ал-Шифо» шифохонаси, балки тиббиёт учун катта йўқотиш бўлганини айтган.  

Нур Юсуф ал-Ҳарма, 17 ёш

17 ёшли Нур 11 октябрь куни Дайр ал-Балаҳдаги (Ғазо шаҳридан 14 км жанубда) уйида Исроил авиаҳужуми оқибатида ҳалок бўлган.

Нур билан бирга меҳмонхонада ўйнаётган жияни Язан ҳам ўлдирилган. Онаси Жамалат ва икки опаси тирик қолган.

Мактабда битирувчи синфда ўқиётган Нур шифокорликни орзу қилган. Қизалоқнинг вайроналар остидан олиб чиқилган мактаб папкаси ичидан унинг кундалиги топилган. «Оилам мен билан фахрланишини истайман. Иншааллоҳ, имтиҳонларни «аъло»га топшираман», – деб ёзган кўнглида бир дунё орзулари бўлган қиз. 

Лурин Аззам Абуҳалима, 30 ёш

30 ёшли Лурин ота-онаси билан яшаган Ғазодаги уй сўнгги ҳафталарда икки марта авиаҳужумга нишон бўлди, умридан бор экан, у икки бор тирик қолади. Кейин Ғазо марказидаги Нусайрат қочқинлар лагерига келади. Кипрда ишлайдиган қаллиғи Холид ал-Масрийнинг ҳикоя қилишича, Лури ибодат қилаётган вақтида қочқинлар лагерига ажал жарчиси –  бомба келиб тушган. Лурин ва Холид декабрь ойида оила қурмоқчи эди.

Фикрия Ҳасан, 65 ёш

65 ёшли чевар Фикрия холани Ғазонинг Радван туманидаги  аёллар жуда яхши танир эди. Кўйлак тикиб кўпчиликнинг олқиш-дуосини олиб келган аёл эди у.

«Уйимиздан келинчакларнинг қадами узилмасди. Онам қўлигул чевар эди», – деб хотирлайди марҳуманинг қизи Невине.

Фикрия Ҳасан ўз уйида 23 октябрь куни ўлдирилган. Авиаҳужум унинг укаси, синглиси, икки жияни ва икки набираси ҳаётига ҳам зомин бўлган. Ўша пайтда дўстиникида бўлган қизи Невине тирик қолган. 

Ака-ука Мазен ва Аҳмад Абу Асси, 17 ва 13 ёш

Ака-ука Мазен ва Аҳмад Абу Ассилар «Ал-Аҳли» шифохонасига бомба ташланган машъум 17 октябрь куни ҳалок бўлган. Ўша кеча юзлаб тинч аҳоли вакилларининг ёстиғи қуриган эди.

Отаси Арафот икки ўғлининг феъл-атвори турлича бўлгани, аммо улар бир-бирига жуда меҳрибон бўлганини эслайди.

Мазен оиланинг Аллоҳдан тилаб олган фарзанди эди. Эр-хотин у дунёга келиши учун 8 йил давомида ЭКУ – сунъий уруғлантириш муолажаларини олган эди.  

13 ёшли Аҳмад ҳам ҳаётнинг аччиқ-чучугини эрта татиган эди.

Икки фарзандини тупроққа қўйган ота-онанинг Фараж 3 ёшли исмли ўғли қолди, холос. 

«Кенжам акаларини соғиниб йиғлагани йиғлаган. Унга акаларингни Аллоҳ жаннатга олиб кетди дедим. У ерда менинг жасур ўғлонларим энди азоб-уқубат кўрмай яшайди», – дейди Арафот ота.   

Салам Мема, 32 ёш

Фаластинлик журналист 32 ёшли Салам Мема 10 октябрь куни ўз уйида ўлдирилган. Фаластин журналистлар уюшмасига кўра, унинг Жабалиядаги уйи Исроил ҳарбийлари томонидан ўққа тутилган. Ҳужум вақтида Саламнинг эри, 7 ёшли ўғли Ҳодий, 2 ёшли қизи Шам ва бошқа яқинлари ҳалок бўлди. Журналистнинг 5 ёшли ўғли Али етим қолди.

АҚШдаги Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотига қараганда, 7 октябрдан 3 ноябрга қадар 36 нафар журналист ҳалок бўлди.  

Сафо Незар Ҳассуна, 26 ёш

26 ёшли дорихоначи Сафо 17 октябрь куни Рафаҳ шаҳрига уюштирилган авиаҳужум оқибатида дунёда кўз юмди. Ўша куни унинг эри ва уч ойли қизи Эляна ҳам ҳалок бўлди.

Сафонинг Британияда яшайдиган амакиси, нафақадаги врач Умар Ҳассуна жиянининг ўлимини даҳшатли адолатсизлик деб атаган.

«Сафо хушмуомала қиз эди, ҳаммага кўмакка ошиқарди. Жондан азиз жиянимдан айрилди. Унинг ўлими Ғазонинг тинч аҳоли вакиллари ўлими каби даҳшатли адолатсизликдир», – дейди Умар Ҳассуна.

ҲАМАСни буткул йўқ қилишни кўзлаган Исроил кучлари Ғазога ҳаво ва қуруқлик орқали ҳужумлар уюштирмоқда. 2,3 миллион нуфусли минтақа сув, озиқ-овқат, электр энергия ва ёнилғидан маҳрум қилинган.

Бу ерда тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганидан ларзага тушган БМТ бош котиби Антониу Гутерриш халқаро ҳуқуққа риоя қилишни талаб қилмоқда.

БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) матбуот котиби Жеймс Элдер Ғазо болалар учун қабристонга айлангани ҳақида бонг урди.

БМТнинг қочқинлар масалалари бўйича олий комиссари Филиппо Гранди Ғазо аҳолиси дўзахий шароитда қолганидан огоҳлантирди. Олий комиссарга кўра, айни пайтда Ғазода бомбадан иҳоталаниш мумкин бўлган жой йўқ.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг