«Формула-1». Ферстаппен маош олиш бўйича чемпионга айланди
«Формула-1» чемпиони, Red Bull жамоаси пойгачиси Макс Ферстаппен 2023 йил мавсумида «Формула-1»да қатнашувчи пойгачилар орасида энг кўп маош олади. Собиқ етакчи Люис Ҳэмилтон бу борада учинчи ўринда.
Нидерландиялик Ферстаппен, 2021 ва 2022 йиллар мавсумида қўшчемпион бўлишига қарамасдан, жаҳоннинг энг зўр пойгачиларидан бири, «Формула-1»нинг етти карра чемпиони британиялик Ҳэмилтон (Mercedes аъзоси)дан кам маош олаётганди.
Аммо энди ўзгариш катта: RacingNews365 нашри инсайдерларига кўра, Ферстаппенга янги мавсумда 55 млн доллар тўланади — бу Ҳэмилтоннинг маошидан 20 млн доллар кўпроқ.
Қолаверса, Ҳэмилтонни «маошлар пойгаси»да Ferrari пойгачиси, франциялик Шарл Леклер (36 млн доллар) ҳам ортда қолдиради — 1 млн доллар кўпроқ ишлайди.
Айрим экспертлар Ҳэмилтон Mercedes билан 45 млн долларлик янги шартнома имзолаши ҳақида гапиришмоқда, бироқ ҳозирча бу шунчаки гап.
2023 йилда «Формула-1»нинг энг кўп маош тўланувчи кучли олтилигига, шунингдек, англиялик Ландо Норрис (McLaren, 20 млн доллар), мексикалик Серхио Перес (Red Bull, 10 млн) ва испаниялик Карлос Сайнс (Ferrari, 10 млн) киритилган.
«Формула-1»да энг кам пул тўланадиган пойгачилар: япониялик Юки Цунода (Alpha Tauri) ва америкалик Логан Саржента (Williams) — йилига 1 млн доллардан.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter